Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

МИЛЛИЙ АРМИЯМИЗ ТАРИХИДА ИЛК БОР

муддатли ҳарбий хизматчилар ўртасида «Илғор мутахассис» кўрик-танлови ўтказилди

Фориш дала-ўқув майдони. Бу сарҳадда элнинг не-не ботирлари синалмаган? Ҳарб илмининг не-не билимдонлари мардлик намойиш этмаган? Курсантлигини ёдга олган офицерлар, аскарлиги эсига тушиб, бир энтиккан сержантлар бу кенгликларнинг ҳар қарич ерига куч, шахт ва меҳр бахш этган... Лекин бу гал полигоннинг чанги, шамолнинг кесилиши ва тоғу тошларнинг гумбурлаши – навқирон куч шиддатига мутаносиб акс садо берди! Мудофаа вазирлиги миқёсида илк бор муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар ўртасида ўтказилган «Илғор мутахассис» кўрик-танлови ана шундай таассуротлар измида кечди...

Ушбу кўрик-танловни ўтказишдан асосий мақсад муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар орасида ўз мутахассисликларига бўлган лаёқатни янада ошириш, жиддий жанговар вазифаларга юксак масъулият билан ёндашиш, букилмас матонат, абжирлик, ташаббускорлик – замонавий жанг амалиётларида сув ва ҳаводек зарур бўладиган қурол-аслаҳалар, зирҳли ва жанговар ҳарбий техникалардан бемалол фойдалана олиш, тактик кўникмаларини сайқаллаш, экстремал шароитларга бардошлилигини намоён этиш, шунингдек, барча ҳарбий округдан келган сафдошлари билан тажрибалар алмашиш, ўзбекона лутф билан айтсак – давра кўриш, ўзаро андаза олиш баробарида, шарафли касбга муҳаббат, Ватанга ва Ҳарбий қасамёдга садоқат, ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришдан иборатдир.

Барча ҳарбий округдан ўз мутахассисликлари бўйича баҳсларга киришган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ҳар бир саъй-ҳаракати – тезкор, аниқ ва пешқадамлиги масъул офицерлар ҳайъати томонидан назорат қилиб борилмоқда.

– Мудофаа вазирлиги тизимида муддатли ҳарбий хизматчилар ўртасида илк бор «Илғор мутахассис» кўрик-танловининг ўтказилаётганлиги давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бугун миллий армиямиз қудратини намоён этувчи юқори даражадаги жанговар шайлик, қўшинларнинг ҳар қандай вазият ва шароитда профессионал имкониятларга эга бўлишини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлари кўламини белгилаб беради, – дейди ҳайъат аъзоси подполковник Машҳур Аглаев. – Аскарларимизнинг жисмоний имкониятлари Т-72, БТР-80, БМП ҳарбий техникалари, ўқотар ва оммавий қирғин қуролларига қарши воситалардан аъло даражада фойдаланиши бизни лол қолдирди. Уларнинг қисқа вақт мобайнида бундай юқори натижага эришгани – ўз устида мунтазам ишлаганидан далолат беради.

«Энг илғор нишонга олувчи» (танк, БТР ва БМП нишонга олувчиси), «Энг илғор механик-ҳайдовчи» (танк, БТР ва БМП механик-ҳайдовчиси), «Энг илғор пулемётчи», «Энг илғор мерган», «Энг илғор гранатомётчи», «Энг илғор АГС ҳисоби ва СПГ-9 ҳисоби», «Энг илғор РКБМ мутахассиси», «Энг илғор РКБМ ҳисоби» номинациялари бўйича ғолибликни қўлга киритиш учун «Фориш» кенгликларида жавлон ураётган забардаст ўғлонлар ўзларининг нималарга қодир эканликларини кўрсатишмоқда.

– Аввало, мазкур кўрик-танловнинг оддий аскарлар ўртасида ўтказилиши зиммамизга катта масъулият юклайди. Мен бу беллашувда қатнашиб турганимдан беҳад хурсандман, – дейди Тошкент ҳарбий округи шарафини ҳимоя қилаётган оддий аскар Шертой Сарибоев. – Т-72 русумли танкнинг механик-ҳайдовчиси сифатида баҳсларда қатнашяпман. Натижаларим кўнгилдагидек. Марказий ҳарбий округга юксак марраларни кўзлаб келдим. Мақсадимга эришишимга ишонаман!

Аскарлар орасидан ўз мутахассисликлари бўйича энг илғорларни қамраган кўрик-танлов шартлари қизғин тус олди: ҳар қарич масофа, ҳар миллиметр аниқлик ва ҳар сония фурсат рақобати остида кечган муросасиз беллашувлар чинакам маҳорат кўригига айланди.

– Бу танловга келиб, саноқли кунлар ичида кўплаб ҳарбий тажрибаларни ўзлаштирдим. Тенгқурларимнинг пухта тайёргарликларини кўриб қувондим. Танлов шартлари одиллик ва шаффофлик мезонлари орқали баҳолаб борилмоқда, – дейди Шимоли-ғарбий ҳарбий округ номидан беллашган оддий аскар, БТР-80 ҳарбий техникаси мўлжалга олувчиси Бекзод Абдукаримов. Бу каби кўрик-танловларга қатнашиб, оддий аскарлар ҳам етук мутахассис бўлишади, деб ўйлайман. Армиядан ниманидир қойиллатиб ўрганиб кетишади. Келгусида шартнома бўйича ҳарбий хизматда қолиб, Ватанимга хизмат қилмоқчиман.

***

Миллий армиямиз тарихида илк бор оддий аскарлар ўртасида ўтказилган «Илғор мутахассис» кўрик-танловининг «Термиз», «Нуристон» ва «Чирчиқ» полигонларида турли мутахассисликлар бўйича кечган баҳслар тафсилотлари ва барча ғолиблар билан газетамизнинг келгуси сонларида хабардор этамиз.

Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи,

оддий аскар Алибек ОМОНТУРДИЕВ,

«Ватанпарвар» мухбири.

Информеры