Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид ДАВЛАТ ДАСТУРИ қабул қилинди

СОҲИБҚИРОН ВА ИНСОН ҚАДРИ

Тарихимизнинг бошқа бирор даврида Соҳибқирон Амир Темур давлатидагидек мукаммал ҳарбий тузилма тўғрисида маълумотлар учрамайди.

Инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини улуғлаш Амир Темурнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятида алоҳида ўрин тутган. Муҳими шундаки, у халқнинг барча табақаларини – олий мансабдан тортиб, уламою фузало, косибу савдогарни, сипоҳию раъиятни, қисқаси, аҳолининг барча тоифасини баробар кўрди ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқини қонун билан ҳимоя қилди.

Қадр – Одам фарзандларининг миллати, дини ва ирқидан қатъи назар, ер юзидаги барча инсонлар учун энг олий қадрият саналади. Ўз қадрини билган одам Ватанни, бошқа инсонларни ҳам қадрлайди. Инсон қадрланган жамият равнақ топади, қадр йўқолса – пароканда бўлади.

Шарқу Ғарб муаррихлари ва адиблари яратган жуда кўплаб бадиий ҳамда илмий асарларда Амир Темурнинг буюк сиймоси, ажойиб фазилатлари акс эттирилган. Юксак инсонпарварлик фазилати туфайли Соҳибқирон турли миллат вакилларининг меҳри ва эътирофига сазовор бўлгани айниқса мароқлидир. Жумладан, Низомиддин Шомий ва Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома»лари, Ғиёсиддин Али Яздийнинг «Ҳиндистон ғазовоти кундалиги» («Рўзномаи ғазовоти Ҳиндистон»), ибн Арабшоҳнинг «Темур тарихида тақдир ажойиботлари», Херман Вамберининг «Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи», Салоҳиддин Тошкандийнинг «Темурнома» асарлари, Клавихонинг «Кундалик»ларида Амир Темурнинг буюк инсонпарварлик фазилатлари ўзгача самимият билан ёритилган.

Меҳрибонлик, ҳокисорлик, очиқюзлилик, қатъият, ҳақиқатгўйлик каби фазилатлар Амир Темур ютуқларининг калитларидандир. Эзгулик душманни ҳам дўстга айлантириши ҳақида у бундай ўгит беради: «Давлатим ва салтанатим қуёши кўтарилиб келаётган вақтда менга илтижо қилиб келган одамлар, хоҳ менга яхшилик қилган бўлсинлар, хоҳ ёмонлик, салтанат тахтига ўтирганимдан кейин уларни хайр-эҳсонларим билан хижолатга қўйдим. Мардлик, жасурлик билан давлатни ташкил этиб, жабр-зулмдан узоқроқ бўлишга интилдим».

Соҳибқирон садоқат, қатъият ва адолатпарварлик каби фазилатларни улуғлаган. Иккиюзламачилик, мунофиқлик каби разил одатларга нафрат кўзи билан қараган. Халққа доим меҳр-мурувватли бўлган бу зот адолат ва ҳақиқат учун курашди, салтанатни ҳам ана шу мустаҳкам асосга қурди: «Ҳар ернинг ҳокимлари ғаразгўй, туҳматчи ва нафси бузуқ кишиларнинг туҳмат сўзлари билан катта ва кичик шаҳарлар аҳолисидан ҳеч кимга жарима солмасинлар. Фақат бировнинг гуноҳи тўрт кишининг гувоҳлик бериши билан исботланса, гуноҳига яраша жарима солинсин». Ибн Арабшоҳ «Темур тарихида тақдир ажойиботлари» асарида бундай маълумотни келтиради: «У ҳазил-мазах ва ёлғонни ёқтирмас, ўйингаю кўнгилхушликка майлсиз, гарчи ўзига озор етадиган бирон нарса бўлса ҳам, садоқат унга ёқар эди... Жасоратлиларни, довюрак ва мардларни ёқтирар эди. У хатосиз фикрловчи, ажойиб фаросатли, мислсиз бахтли, улуғворлиги ўзига мувофиқ, қатъий азм билан сўзловчи, бошига кулфат тушганида ҳам ҳақни сўзловчи киши эди».

Улуғ Соҳибқироннинг «Аскари қувватли мамлакат бой бўлур, бой мамлакатнинг аскари қувватли бўлур», деган машҳур ибораси бор. Соҳибқирон ўз саркардаларининг мавқеига қараб, доимо мурувват кўрсатар эди. Амирлар, вазирлар, сипоҳ ҳамда раиятни тақдирлаб, инъом ва совғалар бериш ҳақида «Тузуклар»да алоҳида боб ажратилган. Унда жумладан, «Сипоҳийларимни ҳамиша жангга тайёр ҳолда тутдим; ойлик ҳақларини ҳамиша сўраттирмай вақтида берардим. Чунончи, Рум юришида сипоҳийларимга ўтган ва келажакда қиладиган хизматлари учун етти йиллик озиқ-овқатларини бирваракайига бердим», деган қайд ҳам мавжуд.

Тарихимизнинг бошқа бирор даврида Соҳибқирон Амир Темур давлатидагидек мукаммал ҳарбий тузилма тўғрисида маълумотлар учрамайди. Бу ҳарбий тузилма нафақат юртимиз, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида бугунги кунга қадар андаза, ҳарбий тизим учун асос ва пойдевор сифатида ўрганиб келинаётгани билан аҳамиятлидир.

Соҳибқирон даврида қўшин тузилиши, лавозим ва унвонлар бериш, таъминот, қурол-яроғ тутиш тузуги, маош ва рағбатлантириш тузуклари, ҳатто муносиб нафақа – пенсия тизимигача тузуклар ишлаб чиқилган ва амал қилган!

Асосий эътибор адолат, қонун устуворлиги, инсон қадр-қиммати, иймон-эътиқодга – бугунги тушунча билан айтганда, ЮКСАК МАЪНАВИЯТга қаратилгач, бу ҳаракатлар ЕНГИЛМАС КУЧга айланишига амалий мисолни улуғ Соҳибқирон Амир Темур армиясида, салтанатида кўриш мумкин эди!

Нафақат амирлар, балки оддий навкар ҳам ўзининг садоқатли хизматлари эвазига юксак мартаба, мукофот ва унвонларга эришиш имкони мавжуд эди. Умуман, давлат ишида бўлганларнинг хизмати унутилмаган, доимо муносиб рағбатлантирилган. Навкар ва амирларининг содиқ хизмати тақдирланмасдан қолдирилмаган. Масалан, етти йиллик юришдан сўнг қўшиндаги барча амирларнинг унвони ёппасига оширилган. Оддий аскарларга эса «ботир» унвони муносиб кўрилган.

Кексайиб, ҳарбий хизматдан истеъфога чиққан сипоҳийларга тирикчилик учун етарли ер-сув ва бошқа имтиёзлар берилган, тўй, байрам ва бошқа маросимларда йўқлаб, аҳволларидан хабар олиб турилган. Сипоҳийларнинг оилавий таъминот масалалари давлат сиёсатида муҳим ўрин тутган.

Соҳибқирон, «сипоҳий давлат хизматида экан, боқий ҳаётларини фоний дунё нақди учун аямаганликларининг ўзи ҳам инъомга ва моддий таъминотга лойиқлигини билдиради», дея уларнинг мураккаб ва шарафли вазифаларини алоҳида таъкидлаган.  Буларнинг бариси улуғ Соҳибқирон салтанатида инсон қадри нақадар улуғланганини яққол кўрсатувчи мисоллардир.

Инсон қадри – унинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини англаши, ўз қадрини билиши асносида ўзгаларни қадрлаши, одамларга меҳр бериши, ўз Ватанини севиши, қисқаси, юксак ахлоқий фазилатлар соҳиби бўлиш, демакдир.

Бугун ҳар бир инсон ўз қадр-қиммати ҳақида чуқур ўйлаб кўриши учун имконият ва рағбат бор. Шу ўринда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 11 август куни Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрига ташрифи чоғида айтган ушбу сўзларини эсга олиш ўринли: «Агар одамларни энг катта қадрият қилиб юқорига қўймасак, биз хато қилаверамиз».

Инсон қадрини англаш – ўзликни англаш, фуқаролик масъулиятини чуқур ҳис қилиш, демократик жамиятнинг эркин ва онгли аъзоси бўлиш, демакдир. Давлатнинг, Ватаннинг шон-шуҳрати ва қадри – унда яшовчи инсонлар қадри ва ғурури билан белгиланади.

Ўз эътиқодида мустаҳкам, соф инсоний фазилатларга эга одамнигина ўз қадрини англаган инсон, дейиш мумкин. Ўзлигини, ўз қадрини англаган инсон, доимо ўз шаънини, демакки, Ватани шарафини юксак тутади. У бегоналарга тақлид қилмайди, ўзга, ёт ғояларга осонгина берилиб, эргашиб кетмайди. Бугун юртимизда кечаётган жўшқин ўзгаришлар миллий уйғонишнинг навбатдаги, ўта масъулиятли палласи сифатида таърифланмоқда. Энди асосий эътибор инсон омилига, унинг маънавий-руҳий ҳолатини янада ўстиришга қаратилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Одамлар билан уларнинг тилида гаплашиш, дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилишнинг самарали усулларини жорий этиш устида жиддий бош қотиришимиз зарур.

Ўйлайманки, бу масаланинг жуда муҳимлигини инобатга олиб, уни давлат сиёсатининг устувор вазифалари даражасига кўтариш пайти келди».

Президентимиз, «Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қиладиган вақт келгани»ни таъкидламоқда. Ана шундай тарихий даврда ўзлигини англаган, ғурурли, ориятли, ўзига ва имкониятларига ишонган, миллати ва Ватанини севувчи инсонларни тарбиялаб, вояга етказиш – бутун жамият миқёсидаги энг муҳим вазифа бўлмоғи лозим.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Информеры