Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ШИЖОАТЛИЛАР МУСОБАҚАСИ

Ёшликнинг завқи, шижоати, ғайрати ўзгача. Фақат уни мақсадли йўналтирсангиз кифоя. Бу борада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўтказаётган спорт тадбирлари, марафонлар ва тадбирлар ибрат бўлгулик. Олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари (тингловчилари) ҳамда «Темурбеклар мактаби» ўқувчилари ўртасида Қуролли Кучлар академиясида ўтказилган спорт мусобақалари бунинг ёрқин мисоли бўлди.

Ёшликнинг шиддати

Ватанпарварлик ойлиги доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ўтказилган қизғин мусобақада Қуролли Кучлар академияси, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик ва Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юртлари, Тошкент ахборот-технологиялари университети махсус факультети, Божхона институти, Миллий гвардия ҳарбий-техник ва Ёнғин хавфсизлиги институтлари курсантлари спортнинг мини футбол, арқон тортиш, шахмат, сузиш, ҳарбий эстафета ҳамда 3 км масофага югуриш бўйича ўзаро беллашдилар. Тошкент шаҳри, Самарқанд, Хоразм ва Фарғона вилоятидан келган «Темурбеклар мактаби» ўғлонлари мини футбол, шахмат, ҳарбий эстафета ҳамда 1 км масофага югуришда ўзларининг нималарга қодир эканликларини кўрсатдилар. Мусобақалашган ўғлонларнинг хатти-ҳаракатлари мисолида ёшликнинг шиддатига гувоҳ бўлдик. 

Спортнинг фойдалари

Икки кун давом этган мусобақа бўлажак Ватан ҳимоячиларига чиниққанлик даражаси, чидамлилигини, ақлий салоҳиятини яна бир бор синовдан ўтказиш имкониятини берди. Спортнинг фойдаларини эса муҳтарам ўқувчиларимизга санаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.

– Жисмоний тарбия билан шуғулланмайдиган йигит кишини тасаввур қилиш қийин. Боз устига у бўлажак ҳарбий хизматчи бўлса, спортни ундан айро ҳолда қўйиш мутлақо тасаввурга сиғмайди. Бу каби мусобақалар ёшларни ҳар томонлама тоблаши билан, ўзаро жипсликни таъминлаши билан, тажриба алмашиш, ўзларининг даражасини билиб олиш имконияти билан аҳамиятлидир, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳарбий қисмлар билан ишлаш бўлими бошлиғи подполковник Отабек Юлдошев. – Бўлажак офицерлар ва курсантлар ақл гимнастикаси бўлган шахматдан тортиб, сузишгача, жамоавийликни таъминлайдиган футболдан то узоқ масофага югуришгача ўзларининг маҳоратини намойиш қилдилар. Ўйлаймизки, Қуролли Кучлар миқёсида кенг кўламда ўтказилган бу каби тадбирлар ҳали қизғин давом этади.

Жипслик қудрати

Натижалар ҳар бир иштирокчи ва уларни мусобақаларга тайёрлаган мураббийлар учун ҳаяжонли дамларни тортиқ қилди. Аслида спорт тадбирларида мағлуб бўлмайди, чунки ютган ҳам, ютқазган ҳам чиниқади, тобланади. Машғулотларни мунтазам, уюшқоқлик билан олиб борганлар, жипсликнинг қудратини ҳис қилиб, албатта,  ғолибликка эришадилар.

Демак, улар билан танишамиз. Шахмат бўйича Қуролли Кучлар академияси курсанти Ж. Эшмўминов, 3 км.га югуришда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсанти Ж. Булаков ғолиб бўлди. Арқон тортиш мусобақасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий-техник институти жамоаси илғорликни қўлдан бермади, футбол мусобақасида Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти вакиллари ғалаба қозонди. Ҳарбийлашган эстафетада Қуролли Кучлар академияси жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Умумжамоа ҳисобида Қуролли Кучлар академияси 1-ўринга, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти 2-ўринга, Ёнғин хавфсизлиги институти 3-ўринга сазовор бўлди.

«Темурбеклар мактаби» ўқувчилари ўртасидаги мусобақаларда 1 км масофага югуришда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси «Темурбеклар мактаби» ўқувчиси Д. Алланазаров, шахмат бўйича Урганч «Темурбеклар мактаби» ўқувчиси Ш. Солиев биринчиликни қўлга киритди. Ҳарбий эстафетада ҳам Урганч «Темурбеклар мактаби» ғалаба қозонган бўлса, футбол мусобақасида Фарғона «Темурбеклар мактаби» ўқувчилари муваффақиятга эришди. Умумжамоа ҳисобида Урганч «Темурбеклар мактаби» 1-ўринга, Фарғона «Темурбеклар мактаби» 2-ўринга, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси «Темурбеклар мактаби» (Тошкент шаҳри) 3-ўринга муносиб топилди.

Ғолиб ва совриндорлар фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

АЗИЗ НОРҚУЛОВ

Информеры