Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

«ВАТАН БАЙРОҒИНИ ЎПГАН ЙИГИТЛАР»

Бир дона буғдойдан хирмон яратаётган, қадоқ қўлларидан барака ёғилаётган деҳқон юртдир – бу. Дарвозаси ёнидану, сўрилари ёнбошидан анвойи гуллар салом бераётган, боғбон юртдир – бу. Бухорони бир кўрсам эди, Самарқандга бош урсам эди, Тошкент гулларини ҳидласам эди, Шаҳрисабзда ўсган майсаларга юз чайсам эди, деб дунё интилаётган қадамжо маскандир – бу. Ўзбекистондир – бу.

 Ўзбек яралибдики, садоқат ва вафо оғушида яшайди. Гўдаклигидаёқ меҳру шафқат ўзбек боласининг парвонасидир. Куну тун самимият ва иззат унга гирдикапалак.

Оилада чақалоқ туғилиши билан бутун маҳалла эшитади: «Суюнчи!», «Хушхабар!», «Умри билан берган бўлсин!» Пири бадавлат отахонлар мурғак қулоғига азон айтишади. Унга исм қўйишади. Яхши тилаклар тилашади. Дуолар қилинади: «Илоё, умри узун, ризқи бутун бўлсин! Она юртига содиқ посбон, ота-онасига муносиб ўғлон бўлсин!»

 Ватанга муҳаббат руҳи шундай сингиб борар экан, инсон вужудига. Мана шу гўзал боғлар бизники, азим дарёлар, муқаддас булоқлар бизники, муҳташам шаҳарлар, мафтункор қишлоқлар, бошидан қор аримайдиган тоғлар, бўталоқларини эргаштирган туялар, тойчоқларини эмизаётган биялар, бўзтўрғайжонлар наво қилаётган саҳролар бизники.

Илм аҳли кўзларига тўтиё қилаётган илмий, маънавий, диний-маърифий мерослар бизники – ўзбекники. Бу улкан хазина. Хазинага эса кўз тикканлар кўп бўлади. Уни асраш керак. Уни қўриқлаш керак. Уни билиш, қадр-қимматини тушуниш керак. Авайламоқ, асрамоқ, юракка жойламоқ, севмоқ керак. Ўзни қарздор сезмоқ керак. Худди бутун бору йўғини, соғлиғини, гўзаллигини, кўзларининг нури, сочларининг қораси-ю жилосини, томирларидаги қудрат, суякларидан қувватни бизга бериб, бугун биздан ҳимоя, суянч кутаётган муҳтарама Она олдида қарздордек, қарздормиз Ватан олдида. Зеро, Ҳадиси шарифда айтилганидек, «Ватанни севмоқ иймондандир». Айни Ватан мустақиллигини мустаҳкамлаётган ҳар бир йигит, қиз иймонлидир, эътиқодлидир. Юрт тинчлигини қўриқлаётган мардлар хизмат қилаётган ҳарбий қисмларга, шерюрак чегарачилар ҳузурига борганда, юртимиз осмонини қўриқлайдиган ҳарбий учувчиларни кўриб, Жиззахда таълим олаётган Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти курсантларининг ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти азаматларининг ўқув машғулотларини кузатиб, шундай қудратли армиямиз борлигидан фахр-ифтихорга тўласан, киши. Ҳа, Ўзбекистон азалдан оловюраклар юрти. «Йигит сўзидан, арслон изидан қайтмас», дейдиган бир сўзли мардлар юртидир Ўзбекистон. Бу дунёда давлатлар кўп. Уларнинг ҳар бирининг байроғи ўзи учун азиз. Аммо азиз байроқлар ичра азизи, кўзларимизга иссиғи – Ўзбекистон байроғи. Дунёдаги энг чиройли, жон қадар яқин, юракларда қад ростлаган байроқ – Ўзбекистон байроғи. Кўзларга суртсак, равшан тортар чашми қароғимиз, тасвиридаги ой-юлдузлар тунларимизни-да ёритган талъату чироғимиз.

 Ватан тинчлигини қўриқлаётган арслонларимиз шундай ҳушёр турибдиларки, чегара симларига тегиб ўтаётган шамолларнинг нафаси эшитилади. Қиш фасли чегара симларига қўнган оппоқ қорларнинг-да овози жаранглагандек жонсарак улар. Шамоллар силайди чегарамизни. Чунки бу чегара ортида муқаддас Ватан турибди. Чунки бу чегара ортида келинлар бешиклар ёнида бедор. Чунки бу чегара ортида «Юртимиз тинч бўлсин», дея саждага бош қўйган оналар, «Чегараларда турган посбонларимизнинг олтин бошлари омон бўлсин», дея тасбеҳ ўгираётган оталар бор. Чегара ортида сен ўқиган мактаб, сенинг митти қўлчаларингдан авайлаб ушлаб, ҳарф ўргатган устоз бор. Сени елкасида кўтариб катта қилган тоғанг, аканг, сени тоғ билиб суянган опа-синглинг, сени кўрганда лоладек лов-лов ёниб, секин салом бериб ўтадиган қўшни қиз бор. Чегара ортида ғурур бор, ор-номус бор.

Тонгда Ўзбекистон чегарасига етиб келган қуёш бирдан чарақлаб, мардларимизга қўшилиб «Ўзбекистонга хизмат қиламан!» деди. Қуёш нурига йўғрилган, тафту ҳароратли бу сўзлар ўз постларида сергак туриб, Ватанимизнинг тинчлиги ва осойишталигини қўриқлаётган юртнинг асл фарзандлари, жасур ўғлонлари қалбидаги Ватан туйғусини янада алангалатди. Уларни янги зафарларга руҳлантирди. Мен қуйидаги шеъримни мамлакат тақдирини ўз тақдири деб биладиган ботирларга бағишлайман. Уни байрам туҳфаси деб қабул қилгайсизлар, азизлар:

Шукур, сиз урушга кетганингиз йўқ,

Шукур, сиз тинчликнинг аскарларисиз.

Дуо қилаётган юртга бир қаранг,

Сиз унинг тожисиз, гавҳарларисиз.

Талатўп вокзалнинг бир чеккасида,

Сизга қарайвериб, ўйлайвердим жим.

Юрт сенга ишонар, алпкелбат укам,

Юрт сенга ишонар, шарткесар иним.

Вокзал кулги, ҳазил, севинч ёшлари,

Кезар нон ҳидидек азиз хаёллар.

Энди, сиз кетгандан келгунингизча,

Тиканлар устида ётмас аёллар.

Энди ғурур билан боқар оталар,

Юрак гулханидан кўздаги ўтлар.

Энди фарқ қилади оддий йигитдан,

Ватан байроғини ўпган йигитлар.

Нон тишлатар одат, энг қадимий урф,

Умид уй тўрида порлаб туради.

Тишлам нон — момолар сақлаган ирим,

Сени уйғоқликка чорлаб туради.

Уйғоқлик пойингга дон излаб келган,

Митти қушчаларни синглим деб сийлаш.

Уйғоқлик ҳар тошнинг ёнида ўсган,

Ҳар битта гиёҳни укам деб ўйлаш.

Ватан деганингда дилингда отган,

Оппоқ саҳарларга саломлар айтгин.

Ишонч осмонига учирма бўлган,

Оққушим, соғ қайтгин, саломат қайтгин.

Илоё, соғ қайт!

Келинчак кирмаган йўлинг соғ қайтсин,

Куёв белбоғ боғлар белинг соғ қайтсин.

Беғубор дилингда ҳарбийда ўсган,

Ватан меҳри деган гулинг соғ қайтсин.

Илоё, соғ қайтсин қора кўзларда,

Ғурур гулханидан чақнаган ўтлар.

Ахир фарқ қилади оддий йигитдан,

Ватан байроғини ўпган йигитлар.

Зулфия МЎМИНОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, 

«Дўстлик» ва «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси

Информеры