Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид ДАВЛАТ ДАСТУРИ қабул қилинди

ФАРҒОНАДАГИ ФЕСТИВАЛДА

Фарғона шаҳридаги «Истиқлол» стадионида «Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!» шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ўтказилди. Унда ўқувчилар, талабалар, турли соҳаларда меҳнат қилаётган ёшлар, ҳарбийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

 

Фарғона шаҳар кўчалари бўйлаб замонавий ҳарбий техникалар тантанали марш билан ўтиши минглаб ёшларда ғурур-ифтихор туйғуларини жўш урдирди. 15 мингдан ортиқ ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган фестиваль чин маънода ватанпарварлик шодиёнасига айланди.

Тадбир доирасида Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Миллий гвардия, вилоят ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Ватан ҳимоячилари фаолияти билан боғлиқ кўргазма ташкил қилинди. Унда иштирок этган ҳарбий хизматчилар ёшларни замонавий ҳарбий техникалар, қурол-яроғ ва уларнинг тактик-техник хусусиятлари билан таништирди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

– Биз бугун ҳарбий техника ва қурол-яроғларни ўз кўзимиз билан кўрдик, ҳарбийлар билан суҳбатлашдик, – дейди Фарғона политехника институти талабаси Сайдулло Ҳабибуллаев. – Албатта, ҳар бир йигит учун Ватанни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир. Бундай тадбирлар бизни янада ватанпарвар бўлишга ундайди.

«Истиқлол» стадионида ҳарбийлар томонидан тайёрланган ҳарбий-жанговар чиқишлар, хавфсизлик ва огоҳликни ўзида акс эттирган ҳаракатларни ўғил-қизлар диққат билан кузатди. Фестиваль доирасида ташкил этилган концертда Ватан, мардлик ва ёшликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев сўзга чиқди.

ЎзА материали

асосида тайёрланди.

 

Информеры