2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«МАРДЛИК ВА ЖАСОРАТ» ДАРСЛАРИ

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида «Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир» шиори остида Қарши шаҳрида бунёд этилаётган «Ватанпарварлар» боғида «Мардлик ва жасорат» дарслари ташкил этилди.

Унда Қарши шаҳридаги олий ва умумтаълим муассасалари ўқитувчилари, талабалар, ўқувчилар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

– Ушбу боғ барпо этилишидан мақсад – ёшларда тарихимиз ва маданиятимиздан ғурурланиш туйғусини юксалтириш, Ватан равнақи йўлида фидокорона курашган қаҳрамонларимиз номини абадийлаштириш, миллий армиямиз қудрати ва салоҳиятига бўлган ишончни оширишдан иборат, – дейди подполковник Файзулло Шерматов. – Бугун «Ватанпарварлар» боғида ўқувчи ёшларга намунавий «Мардлик ва жасорат» дарслари ҳарбий мутахассислар иштирокида ўтилди. Тадбирга 1000 дан зиёд ёшлар жалб қилинди. Коллеж ва мактаблардаги ҳарбий таълим дарслари бундан кейин белгиланган жадвал асосида мана шу боғда ташкил этилади. Боғда ўрнатилган ҳарбий техникалар макети ва ҳарбий соҳага алоқадор бошқа экспонатлар ёшларнинг ҳарбий соҳага қизиқишини оширишга хизмат қилади.

– Ўғлим Озодбек билан боғни айлангани келдик, – дейди сержант Фарҳод Исоқов. – Ўзим ҳарбий бўлганим учун фарзандим касбимни давом эттиришини хоҳлайман. Доим уни ҳарбий соҳага қизиқтиришга ҳаракат қиламан. Баъзан хизмат жойимга ҳам олиб бораман. Лекин ҳеч қайси жой унда бу боғдагидек таассурот қолдирмаган. Бугун у ҳарбий техникалар макетини кўриб, жуда қувониб кетди. Ҳарбийликка қизиқиши ортди. Бундан мен ҳам хурсанд бўлдим.

Тадбир доирасида иштирокчиларга режиссёр Ҳилол Насимов томонидан 2000 йили Сариосиё ва Узун туманларида юз берган қонли воқеалар асосида тасвирга олинган «Ҳаёт» бадиий фильми намойиш этилди.

Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З. Рўзиев иштирок этди.

ЎзА материали

асосида тайёрланди.

 

 

Информеры