Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

«КЎЗИМГА ҲАММА НАРСА «Ш» БЎЛИБ КЎРИНЯПТИ...»

Тошкент ҳарбий округидаги десантчилар ҳарбий қисмида Тошкент вилоятининг Чирчиқ ва Қибрай туманларидаги бир нечта мактаб жамоаси, устоз-мураббийлар ва ўқувчилар меҳмон бўлди.

– Синф раҳбаримиз бугунги экскурсияни бир ҳафта олдин айтганди, – дейди Чирчиқ шаҳридаги 13-умумтаълим мактаби ўқувчиси Асилбек Шерматов. – Шундан бери тинчимни йўқотгандим. Чунки ҳарбий бўлиш менинг энг катта орзуим. Бугун ўша орзуимнинг «таъми»ни сездим. Уйимиз Чирчиқ шаҳрида бўлгани учун техникаларни кўп кўрганман. Роса ҳавасим келарди. Бугун биринчи марта қуролни қўлимга олиб кўрдим. Ҳарбий акалар бизга тўғри нишонга олишни ўргатди. Энди қаерга қарамай, ҳамма нарса кўзимга «ш» бўлиб кўриняпти. Танк ичига кирдим, менга роса ёқиб қолди. Кейин синф раҳбарим зўрға чиқариб олди (кулади).

Десантчилар жамоасининг чиқиши, айниқса, ўқувчилар хотирасида узоқ сақланадиган бўлди. Чунки уларнинг ҳар бир ҳаракатини киприк қоқмай кузатиб турган нигоҳлар, чапак чалиб қўллаб-қувватлаган қўллар, ҳар лаҳза орзиқиб турган юраклар буни хотирага мангу муҳрлайди.

Эътиборимизни тортган яна бир жиҳат шу бўлдики, шу куни «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан китоб савдоси ҳам ташкил этилган экан. Уриниб-суриниб китоб растасига бош суқиб, биринчи галда «Темур тузуклари»ни қидирдик. Тополмай сотувчига юзландик.

– «Темур тузуклари» сотилиб кетди, – дейди нашриёт масъул ходими Равшан Собиров. – Кейинги сафар келтирамиз, деб яна кўплаб буюртмалар олдик. Келганимизга ҳеч қанча бўлмади, қўлимдаги рўйхатга қаранг; белгилаб боряпман: 309 та китоб сотилди. Очиғи, ҳарбий хизматчиларнинг китобга бўлган талаби кун сайин ортиб бормоқда. Маърифатли жамият деганда, негадир хаёлимга «маънавиятли армия» жумласи келаверади. Бугун биз ўша армияни кўраяпмиз.

«Маънавий қурол» савдосидан бош кўтариб қарасак, саҳна майдонига санъаткорлар чиқиб келиб, она Ватан, севги-муҳаббатни тараннум этувчи куй-қўшиқлар билан барчага хуш кайфият улашаётган экан.

Ислом ҚЎЧҚОРОВ

 

Информеры