2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БИНО ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпиталининг ички касалликлар терапияси бўлими биносида бундан етти ой олдин капитал таъмирлаш ишлари бошланган эди. Яқинда ушбу ишлар якунига етиб, бинонинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.  

Унда Мудофаа вазирлиги масъул ходимлари, нафақадаги ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий шифокорлар иштирок этди.

Бино ООО «POLYOT STROY SERVIS» МЧЖ томонидан 10 миллиард 356 миллион сўм эвазига капитал таъмирдан чиқди. Эндиликда бўлим бир вақтнинг ўзида 160 беморни қабул қилиб, зарур муолажаларни кўрсата олади.

– Кечаги армия билан бугунги армия ўртасида жуда катта фарқ бор, – дейди очилиш маросимида сўзга чиққан Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошлиғи полковник Акмал Ортиқов. – Буни Қуролли Кучлар тизимида олиб борилаётган ҳар бир жараёнда кузатиш мумкин. Барчамиз яхши биламиз, Марказий ҳарбий клиник госпиталь Марказий Осиёда ўз ўрни ва мавқеига эга. Бу ерда етук малакали ҳарбий шифокорлар фаолият юритади. Бугун фойдаланишга топширилаётган мазкур ички касалликлар терапияси бўлими ҳам тиббий хизматга эҳтиёж сезган ҳарбий хизматчиларнинг соғайиб, тезроқ жамият ва армия сафига қўшилишлари учун ўз ҳиссасини қўшишига ишонамиз.

Замонавий ва илғор технологиялар асосида таъмирдан чиққан ушбу бинода қишнинг изғирин ва ёзнинг жазирама кунларида ҳам беморларнинг мўътадил ҳаво иқлимида комил шифо топиши, соғлиғини тиклаши учун барча қулайликлар яратилган. Шинам ва ёруғ хоналар ҳамда маданий ҳордиқ чиқариш учун ташкил этилган мўъжаз кутубхона ҳам бемор руҳиятининг тикланишида анчайин асқатади. Умуман олганда, замон талабларига мос ҳолда капитал таъмирдан чиққан ушбу бино Қуролли Кучлар тизимида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатларнинг навбатдагисидир.

Машрабжон ҚЎЧҚОРОВ

 

Информеры