Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид ДАВЛАТ ДАСТУРИ қабул қилинди

ОСИЁ КУБОГИ АРАФАСИДА

Маълумки, қиш фасли мамлакатимиз футбол мухлислари учун бироз зерикарли ҳисобланади. Гарчи, турли телеканалларимиз орқали «кучли бешлик» чемпионатларининг қизиқарли учрашувлари намойиш этиб борилса-да, барчамиз терма жамоаларимиз ва клубларимиз иштирокидаги баҳслар бошланадиган кунларни интизорлик билан кутамиз. Бироқ шуниси қувонарлики, жорий қиш мавсуми бундан мустасно. Зеро, янги йилнинг дастлабки кунларидан, аниқроғи 5 январдан бошлаб мухлисларимиз қитъа миқёсидаги қизиқарли ва муҳим мусобақа – навбатдаги Осиё кубоги баҳсларига гувоҳ бўлишлари мумкин.

Бирлашган Араб амирликларининг тўрт шаҳри – Дубай, Абу-Даби, Ал-Айн ва Шаржа мезбонлик қиладиган мазкур нуфузли турнирда саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган 23 терма жамоа ва мезбон – БАА футболчилари иштирок этади. Жорий йилнинг май ойида ташланган қуръа натижаларига кўра, мусобақа қатнашчилари қуйидаги гуруҳлардан жой олган:

 «А» гуруҳи

БАА

Таиланд

Ҳиндистон

Баҳрайн

 

«В» гуруҳи

Австралия

Сурия

Фаластин

Иордания

 

«С» гуруҳи                                      

Жанубий Корея

Хитой

Қирғизистон

Филиппин

 

«D» гуруҳи

Эрон

Ироқ

Вьетнам

Яман

 

«Е» гуруҳи

Саудия Арабистони

Қатар

Ливан

КХДР

 

«F» гуруҳи

Япония

Ўзбекистон

Уммон

Туркманистон

 

5 январь куни ўтказиладиган тантанали очилиш маросимидан сўнг мусобақанинг биринчи учрашувида мезбон – БАА терма жамоаси Баҳрайн футболчиларига қарши майдонга чиқади. 6 январдан бошлаб бошқа терма жамоалар ҳам гуруҳ босқичи баҳсларига киришадилар. Эктор Купер бошчилигидаги Ўзбекис­тон терма жамоаси ўзининг биринчи учрашувини 9 январь куни Уммон футболчиларига қарши ўтказади. 2-турда (13 январь) ҳамюртларимизга Туркманистон, 3-турда эса (17 январь) Япония футболчилари рақиблик қилади.

 Тўрт йилликнинг энг муҳим мусобақасига муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида терма жамоамиз айни кунларда Туркиянинг Анталья шаҳрида сўнгги ўқув-машқ йиғинини ўтказмоқда. Аргентиналик Эктор Купер бошчилигидаги мураббийлар штаби футболчиларнинг руҳий ва жисмоний тайёргарлиги, тактик ва техник маҳоратини ошириш устида иш олиб бормоқда. Мазкур йиғинга жўнаб кетишдан олдин ўтказилган матбуот анжуманида бош мураббий таъкидлаганидек, терма жамоамиз фақат юқори ўринлар учун кураш олиб боради, сентябрь ойидан буён олиб борилаётган жиддий тайёргарлик айнан шу мақсадга қаратилган. Терма жамоамизнинг куни кеча эълон қилинган якуний таркибидан Одил Аҳмедов, Игнатий Нестеров, Сардор Рашидов, Марат Бикмаев, Егор Кримец, Ислом Тўхтахўжаев, Анзур Исмоилов, Фаррух Сайфиев, Олег Зотеев, Акмал Шораҳмедов, Фозил Мусаев, Элдор Шомуродов, Санжар Қувватов, Даврон Ҳошимов, Жалолиддин Машарипов, Икром Алибоев сингари тажрибали футболчилар билан бир қаторда Ўткир Юсупов, Азиз Турғунбоев, Достон Турсунов, Одил Ҳамробеков, Достон Ҳамдамов, Жавоҳир Сиддиқов каби умидли ва маҳоратли ёш футболчилар жой олган. Осиё чемпионатида барча жамоалар энг оптимал таркиб билан иштирок этиши аниқ. Шуни эътиборга олган ҳолда, терма жамоамиз ўйинида тажриба билан биргаликда ёшлар шижоати ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Шундан хулоса қилиб, Эктор Купер жамоада шижоат ва тажриба уйғунлигини шакллантира олса, термамиз исталган рақиб муносиб беллаша олиши мумкин.

 Гуруҳдаги рақиблар ҳақида фикр юритадиган бўлсак, Япония борасида ортиқча гапиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Зеро, «кунчиқар юрт» вакиллари ҳар доимгидек ғолибликка асосий даъвогарлардан бири ҳисобланади. Голландиялик мутахассис Пим Вербек бошчилигидаги Уммон терма жамоаси ҳам мусобақага жиддий ҳозирлик кўрмоқда. Вербек гуруҳда иккинчи ўрин учун курашдаги асосий рақиб сифатида Ўзбекистон терма жамоасини тилга олиб ўтган. Туркманистон билан баҳс эса қўшни давлатлар дербисига айланиши аниқ. Демак, гуруҳ босқичидаги ҳеч бир ўйин футболчиларимиз учун осон кечмайди. Шуни эътиборга олган ҳолда футболчиларимизга қитъа миқёсидаги нуфузли мусобақада омад ёр бўлишини, олдинга қў­йилган мақсадга эришиб, юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келишларини тилаб қоламиз.

Жаҳон футболи янгиликлари

БАА майдонларида клублар ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Қизиқарли курашлар остида ўтган нуфузли турнирнинг финал учрашувида Европа вакили – Мадриднинг «Реал» жамоасига кутилмаганда ярим финалда Аргентинанинг «Ривер Плейт» клубини пенальтилар сериясида мағлубиятга учратган мезбон жамоа – БААнинг «Ал-Айн» клуби рақиблик қилди. Мадридликларнинг тўлиқ устунлиги остида ўтган учрашувда 4:1 ҳисоби қайд этилди ва «Реал» учинчи марта клублар ўртасида жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди.

 

Европа Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичига ташланган қуръа натижасига кўра қуйидаги жуфтликлар ўзаро баҳс олиб бориши маълум бўлди: «Шальке-04» – «Манчестер Сити», «Атлетико» (Мадрид) – «Ювентус», «Манчестер Юнайтед» – «ПСЖ», «Тоттенхэм» – «Боруссия» (Дортмунд), «Лион» – «Барселона», «Рома» – «Порту», «Аякс» – «Реал», «Ливерпуль» – «Бавария». Биринчи учрашувлар 12-13 февраль, жавоб ўйинлари эса 19-20 февраль кунлари бўлиб ўтади. Нуфузли мусобақанинг финал баҳси эса 1 июнь куни Мадридда ўтказилади.

Пўлат САЙДИВАЛИЕВ

 

Информеры