2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ВАТАН, ТУФРОҒИНГГА РАЙҲОНЛАР ЭКДИМ

Шоир Сидқий Ҳондайлиқий муқаддас она Ватанга шундай таъриф бериб кетганлар:

 

Ватан надир, туққан ерим, турган ерим,

Униб-ўсиб, ўйнаб-кулиб юрган ерим.

Жоним Ватан, қалбим Ватан, кўзим Ватан,

Эсдан чиқар они кўргач, кўрган ерим...

 

Чиндан, киндик қонимиз тўкилган туфроқ саждагоҳ каби муқаддасдир. Томирларимиздаги қонга қўшилиб оқаётган бу туйғу инсон қисматини белгилайди. У кўз қорачиғи каби асралади. Она Тўмариснинг қасами каби асрлар кўксидан сурон солиб келади. Соҳибқирон Амир Темур нафаси бўлиб, қалбимизни жунбушга солади. Жалолиддин Мангуберди бўлиб дарёдан сакраб ўтади. Қурбонжон додҳоҳ бўлиб, оқ отда ўғлига ризолигини айтмоқ бўлиб дор тагига келади. Истиқлол Ўзбекистонининг ҳур туғроси бўлиб, БМТ биноси олдида мағрур кўкка интилади.

 

Ватан! Бош қўювчи улуғ меҳробим,

Ётганда тўшагим, суянсам тоғим.

Шу жаннат гўшани йўғу боримни,

Ўзинг паноҳингда асра, Худойим.

Мен ўзга бойликнинг эмасман қули,

Дунё ганжинаси уйғотмас ҳавас.

Тангрим, шу туфроқнинг қуш-қумурсқасин,

Кийикларин бурни қонамаса бас!

 

Биз доим кафтимизни тўлдириб сув ичаётган тиниқ булоқлар, теграмизни азамат ватанпарпар ўғлонларимиздек қўриқлаб турган тоғлар, шохлари осмон кўксига тиралиб, дуога қўл очаётган чинорлар, бошоқлари денгиздек чайқалиб ётган буғдойзорлар, тўлғаниб-тўлғаниб оқаётган Амударё, Сирдарёларимиз... Пешонасини қийиқ билан танғиб, она ер кўксидан ризқ ундираётган оқкўнгил, сахий, мард элимиз... Булар бизни Онадек ардоқловчи Ватанимиз сувратининг зарраларидир.

93 ёшида бандаликни бажо келтирган Салимбой бувам она замин кўксида жаннат яратувчи боғбон эдилар. Тақир, сув чиқмас жойларда чексиз токзорлар, мевазорлар барпо қилар, қиш олдидан токларни болалардек авайлаб, йўргаклаб, устини тупроқ билан ёпар, илк баҳорда токлар куртак чиқармасидан хомток қилиб, сочдек тараб хотиржам бўлардилар. Оқ олма, қизил олма, қимизак олма, ўн хилдан зиёд ўрик турлари, пишганда кичкина пиёладек, лабларидан бол томиб турадиган анжирлар, нон жийдалар... Бобом қадоқ қўлларининг маҳсули эди. Бобомнинг сертомир қўллари улкан дарахт илдизларини эслатарди менга. Улар она туфроқни, Ватанини ўзича ана шундай севардилар, ана шундай ардоқлардилар. Она туфроқ бундай севгига тўлиб-тошиб, улуғ ризқлар ила жавоб қайтарарди. Мен ҳозир мамлакатимизни мудофаа қилаётган азиз ўғлонларимиз, Алпомишларимизга қараб, бобомнинг кўзларидаги, буюк аждодларимизнинг васиятларидаги она Ватанни жаннатга айлантирмоқ, уни жондан севмоқ, уни лозим бўлса жонни фидо қилиб асрамоқ ҳақидаги таваллоларни кўраман ва ўқийман.

Шукур. Бугун дунё ҳавас қиладиган қудратли армиямиз, мудофаа қўрғонимиз бор. Бургутдек шиддатли йигитларимизни кўрганимда, уларнинг ёниб турган кўзларига қараганимда, она Ватан сувратини кўраман. Она аллаларининг сеҳрли оҳанглари томирлардаги қонларда оқаётганига ишонаман. Юртни озод ва обод кўрмоқ аждодларимизнинг асрий орзулари эди. Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ҳам шу улуғ ва азиз халқимиз, бетакрор мамлакатимиз истиқболи билан боғлиқ қатор дастурлар амалга оширилиши баён қилинди. Маърузани тинглаб туриб, дунё аҳли ҳавас билан қараётган бугунги ҳаётда, ҳар биримиз учун орзу қилган имкониятлар рўёбга чиқаётган қутлуғ заминда яшашнинг ўзи ифтихор эканлиги, шу юртга дахлдор эканлигимиздан қувондим, фахрландим. Шунингдек, мамлакат фуқароси сифатида уни асраш ва авайлаш, муқаддас туфроғини кўзга суришнинг ўзи бир бахт эканидан энтикдим, масъулият юкини янада чуқурроқ ҳис қилдим. Мана шундай ажиб туйғулар оғушида сармаст эканман, кўнглимда шеър шивирлайди:

 

Қалбни оёқости қилиб бўлмайди,

Миллатни, ғурурни бўлмайди сотиб.

Ватанни ўтларга отиб бўлмайди,

Ватанни юракдан бўлмас йўқотиб.

 

...Бизнинг йигирманчи асрда кечган болалигимиз билан бугунги бахтиёр авлод ҳаёти орасидаги тафовут гўё ер билан осмон қадар. Бизнинг авлод деярли тилимиз, динимиз, тарихимиз унутилаёзган тузумда яшадик. Муздек парталар, мактаб деб аталган бостирмалар, лойга ботган калишчалар, совуқдан «куҳ-куҳ»лаб иситилаётган қўлчалар ҳозиргидек кўз ўнгимда... Она Ватаннинг маъюс кўзлари, мунглиғ дунёси замон қалбидаги қонли жароҳатлар эди... Халқ отаётган ҳар бир тонгга умид кўзларини тиккан эди. Ёруғ кунларни тушларида кўрмоқ умиди ила ёстиққа бош қўярди. Бугун эса:

 

Сиз атрофга қаранг, ўзбек кимлигин,

Бутун дунё аҳли сезиб турибди.

Бугун ўзбегимнинг гулдек гўдаги

Дунё илми аро ўзиб юрибди.

Бугун Ўзбекистон тушди майдонга,

Ўзбек ҳалол кураш нони тотар.

«Ё, пирим», деб дунё белбоғин ушлаб,

Ҳарифин даст ушлаб, кўкларга отар.

 

«Обод қишлоқ», «Обод маҳалла»ларнинг жамол кўрсатиши... Ўзбекистоннинг буюк уйғониш даврига кириши...Тараққиётнинг ҳамма тизимидаги амалий ҳаракатларда барчамиз учун кўз қорачиғидек азиз Ватан бўй-басти билан намоён бўлиб турибди. «Ватанпарварлик ойлиги»нинг ўтказилиши, азамат йигитларимиз жанговар машғулотларда пўлатдек тобланиб бораётгани, тарихнинг унутилаёзган қатларидан ўзлигини намоён қилаётган улуғ битиклар миллат посбонлари бўлган навқирон дунёга уни жондек асраш сабоғини ўргатади. Зеро, Ҳадиси Шарифда айтилганидек: «Ватанни севмоқ иймондандир!»

 

О, кўзлари ўтдек ёниб турган ўғлон,

Шаҳдинг кўкда қанот ёзган бургутсимон.

Гурс-гурс босган қадамингга фидодир жон,

Шул Ватаннинг паҳлавони бўлиб юргил.

Сени она Тўмарислар айлар дуо,

Широқ саҳро ўртасинда қилар нидо.

Бўйларингга бўйтуморлар тақар дунё,

Шул Ватаннинг зўр арслони бўлиб юргил.

Кундуз қуёш, тунда ой ўз нурин тутар,

Тонгда ғунча сездирмайин мактуб битар.

Она Ватан сендан улуғ ишлар кутар,

Шул Ватаннинг қаҳрамони бўлиб юргил.

Сен борсанки, юртга қадам қўймас ғаним,

Сен борсанки, ором эрур уйқуларим.

Бўйларингда Жалолиддинни кўрганим.

Шул Ватаннинг бек, султони бўлиб юргил.

Мозий кўксин ёритади бир ҳовуч нур,

Шамол каби арғумоғинг – беҳад учқур.

Ватан асли ўзингдадир, ўзингдадир,

Шул Ватаннинг зўр иймони бўлиб юргил.

Ўзбекистон, онажоним, қутлуғ диёр.

Кўксингга бош қўйган тоғдек фарзандинг бор.

У бағрингдан аритмайди мангу баҳор,

Сен халқимнинг пок виждони бўлиб юргил!

Шарифа САЛИМОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,

«Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби

Информеры