Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ОЗОД ШАРАФИДДИНОВ ИБРАТИ

Тошкент шаҳридаги ҳарбий қисмларнинг бирида ардоқли шоиримиз Шукур Қурбон меҳмон бўлди. Шоирнинг суҳбатлари гулдурос қарсаклар билан бўлиниб турди.

«Бу кеч қўшни чорбоққа

Келин тушди, ёр-ёр.

Иложим йўқ бормоққа,

Кўникаман зор-зор.

Онам айтар: – Зерикмай,

Ўғлим, тўйга бор-бор!

Йўқ, бормайман, боришдан

Ор қиламан, ор-ор!..»

ёшлигимизнинг шундай қўшиғи бўлар эди. Бу қўшиқ кириб бормаган хонадон ёки қалбнинг ўзи йўқ эди, десам муболаға бўлмайди. Унинг муаллифи улкан истеъдод эгаси Асқар Қосим. Азиз ўқувчи, сизга бу ном унчалик таниш эмасдир. Аммо кўпчилигингиз ҳурматли адибимиз Тоҳир Маликнинг «Шайтанат» асарини севиб мутолаа қилгансиз. Шу асарда Анвар исмли зиёли йигитнинг нурли образи бор. Ҳа, ҳа, топдингиз, бу ўша шоир – Асқар Қосим.

Шоир Шукур Қурбон тадбирда фақат ўз шеърларидан ўқимади. Ўтган улуғлардан сўз очдилар: Асқар Қосим, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов… Уларнинг гавҳар янглиғ сўз топилмаларидан ҳикоя қилди, хотирлади. «Ҳикматлар анжумани» тўпламларига киритилган уларга аталган шеърлар, Ҳадисда келган мардликни тараннум этгувчи тўртликларидан айтди. Айниқса, мустақилликнинг улуғ неъмат эканлиги, Ватан ҳимояси ҳамма замонларда ҳам шон-шараф ва ор-номус иши саналгани ҳақида айтиб, халқнинг минг йилларда бир марта айтиладиган сўзи – мақолларидан бири «Тулки инига қараб улиса, қўтир бўлади»ни шарҳлаб берганида ҳарбий хизматчилар узоқ олқишладилар.

Адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов ҳақида шундай ҳикоя қилди: «Устоз оғир бетоб бўлиб касалхонага тушиб қолди. Оёқларида гангрена бошланган экан. Шифокорлар жарроҳлик амалиёти ўтказилмаса, саккиз кунлик умри бор, ўтказилса, ўн саккиз кун яшайди, деб «башорат» қилдилар (бу иродали инсон шундан кейин ҳам шифокорларнинг «башорати»ни чиппакка чиқариб, ўн йил яшади.) Тез-тез хабар олиб турибмиз. Жарроҳлик амалиётига ярим соат қолганида хабарлашдик. Китоб ўқиб ўтирган экан, Маҳкам Маҳмудовнинг асарини… Шунда айтган гаплари ҳеч эсимдан чиқмайди: «Мен ҳали нариги дунёда китоб ўқидим деганни эшитмадим. Қўлимдаги китобни охиригача ўқиб чиқмадим. Жарроҳлик амалиётига қадар ўқиб, тугатиб қўймоқчиман…»

Тадбирда китоб ҳақида бежиз сўз кетмади. Шу куни ҳарбий қисмда «Шарқ» нашриёт матбаа ижодий уйида чоп этилган китоблар ярмаркаси ҳам бўлиб ўтди.

– Биз бир неча йилдан бери ҳарбий қисмларда китоб ярмаркалари ўтказиб келяпмиз, – дейди сотувчи Мақсуд Усмонов. – Ҳарбий хизматчилар энг кўп китоб харид қиладиганлар сирасига киради. Бадиий китоблар билан биргаликда илмий китобларга, айниқса, психологияга оид асарларга қизиқиш катта. Улар китоб харид қилганда фарзандларини ҳам унутмайдилар.

– Бугунги сермазмун тадбир учун шоир Шукур Қурбондан миннатдормиз, – деди ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари подполковник А. Умурзаков. – Сафларимизда ўзлари ҳам шеърлар машқ қиладиган, шеъриятга меҳри баланд посбонлар бор. Янги йилда ҳам барчанинг қалбида унутилмас лаҳзаларни муҳрлайдиган бундай тадбирларни мунтазам ўтказишни режалаштирганмиз.

Назокат НОДИРШОҲОВА

 

Информеры