Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид ДАВЛАТ ДАСТУРИ қабул қилинди

ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАНУ БИР ЖОН

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти жамоаси «Ватанпарварлик ойлиги» доирасида кўплаб тадбирлар ўтказиб, уларда кенг жамоатчилик, айниқса ёшларни жалб қилиб келмоқда.

Марҳум кичик сержант Жанибек Саидазимов хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган. Подполковник Акром Шоҳакимов етакчилигидаги билим юртининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари, Чирчиқ ҳарбий прокуратураси ходимлари, ҳокимлик вакиллари байрам арафасида Жанибекнинг уйига ташриф буюриб, ота-онаси ҳолидан хабар олишди. Ёлғиз ўғлидан айрилган Умарали ака ва Акжаркин опа меҳмонларни кутиб олишар экан, ҳар сафардагидек Жанибекнинг фазилатлари ҳақида гапиришдан чарчашмасди. Курсантлар ва аскарлар Жанибекнинг фазилатлари, хизматдаги жасоратлари тўғрисидаги фикрларни диққат билан тинглаб, унинг ота-онасига байрам совғаларини топширишди.

Шу куни ҳарбий хизматчилар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Василий Жучков хонадонида ҳам бўлиб, унинг ҳолидан хабар олишди. Уйи атрофини обод қилиб, отахонга эсдалик совғаларини беришди. Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли меҳрибонлик уйида бўлиб ўтган байрам тадбири эса, болажонларга олам-олам таассурот бағишлади. Курсант акаларидан совғаларни қабул қилиб олишар экан, тарбияланувчилар ўз миннатдорчиликларини шеър ва табриклар билан изҳор этишди. Курсант Шерали Қўчқоров ушбу меҳрибонлик уйида 15 йил тарбияланган. Айни пайтда билим юртининг 3-курсида таҳсил олаётган Шерали болаларга ўз хизмат фаолияти, ўқиш жараёнлари ва яратилган шароитлар ҳақида гапириб берди.

Умумий айтганда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти шахсий таркиби бу каби эзгу тадбирлар орқали халқ ва армия якдиллигини амалда намойиш қилиб келмоқдалар.

А. ОЧИЛОВ

Информеры