Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид ДАВЛАТ ДАСТУРИ қабул қилинди

ҚУВНОҚ ЭСТАФЕТАЛАР

Уста уста-да. «SOS» болалар шаҳарчаси бир зумда болаларнинг шодон овозларига тўлди. Нега, дейсизми? Чунки бу ерга Мудофаа вазирлиги спорт клубининг халқаро тоифадаги спорт усталари келди. Баскетбол бўйича ёшлар терма жамоаси мураббийи шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Евгений Переверзев спорт устаси Алина Яблокова, халқаро тоифадаги спорт устаси Сирожиддин Кунишов кўмагида болалар учун қувноқ эстафета ташкил қилдилар.

Бирпасда уч жамоа – қизил, кўк, қора беретлилар ташкил қилинди. Спорт инсонларни бир-бирига яқинлаштиради. Ғалабанинг катта-кичиги бўлмайди. Спортчиларимиз болажонларга музаффарият нашидасини туҳфа қилдилар.

Қувноқ эстафета сўнгида спортчиларимиз томонидан тайёрланган совғалар улашилди.

– Маррани ҳамиша баланд олинг, олдингизга юксак мақсадлар қўйинг, албатта эришасиз, – дея қутлади болажонларни Олимпиада ўйинлари қатнашчиси, халқаро тоифадаги спорт устаси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи кичик сержант Любовь Перепелова. – Дунёни кўрасиз, юртимизни дунёга танитасиз…

Болаларни Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси ёшлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Гулруҳ Пардаева ҳам қутлади. Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари шаҳарчанинг ҳаваскор чилдирмачиси Сарваржон жўрлигида қўшиқлар куйлаб, йиғилганларни хушнуд этди.

…Тадбир охирлай бошлаганида тарбиячи ойилардан бири кириб келди. Олти ёшлардаги болакай уни кўриб, саҳнага ишора қилиб, севинч билан деди: «Хола, полиция келди, полиция…» Биз кундалик ҳаётимизда полиция сўзини деярли ишлатмаймиз-ку?! У бу сўзни қаердан олди? Аскар сўзининг айтилиши ҳам, ўзи ҳам кўнглимизга яқин бўлса… Демак, жамият аъзоларини болаларимизга гўдаклигидан танитишимиз керак экан. Байрамнинг борлиги яхши. Ҳеч бўлмаса байрам баҳона Ватан ҳимоячилари ҳақида бир қур ўйлаш, кўриш мумкин. Кейинги сафар, эҳтимол, болажонлар полиция келди, деб эмас, балки аскар келди, дея юрт ҳимоячилари истиқболига югуриб чиқар.

Инобат ИБРОҲИМОВА

Информеры