Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ҲАР КЎНГИЛДА БОЛАЛИК ЯШАЙДИ

Янги йил байрами шукуҳи кезиб юрган шундай фараҳбахш кунларда Марказий ҳарбий клиник госпиталь ва Тошкент тиббиёт академияси ҳарбий-тиббиёт факультети жамоаси «Экобозор» хусусий корхонаси билан ҳамкорликда хайрли ишга бош қўшди. Улар Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида бўлиб, беморлар ҳолидан хабар олишди.

Тадбир ташкилотчиларига Қорбобо ва Қорқиз ҳамроҳлик қилди ва беморларга совға-салом улашди. Анъанадан фарқли ўлароқ Қорбобонинг мухлислари бу сафар болажонлар эмас, балки катталар бўлди. Кутилмаган меҳмонларнинг ташрифи кўнгиллардаги ғуборларни аритди, беморлар бир зум бўлса-да хасталикларини унутди.

– Эътибор бердингизми, Қорбобони кўриб, беморларимизнинг юзи ёришиб кетди. Ҳозирги ҳолатида уларни бемор деб ҳам бўлмайди, – дейди 2-гематология бўлими мудири Зулфия Юнусова. – Янги йилни болаларнинг байрами деймиз. Аслида ундай эмас. Ахир ҳар кўнгилда болалик яшайди. Бугун катталарнинг ёш боладай шодланганини кўриб, хаёлимдан шу фикр ўтди. Бугунги кун учун, совға-саломлар учун тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирамиз.

*  *  *

Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали жамоаси ҳарбий шаҳарчада истиқомат қилиб келаётган нафақадаги ҳарбий хизматчилар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, боқувчисиз қолган кексалар ва ногиронлиги бор шахслар хонадонида бўлиб, улар ҳолидан хабар олди, совға-саломлар улашди.

– Мудофаа вазирлиги вакиллари нафақат байрам арафасида, балки бошқа пайтлар ҳам биздан мунтазам хабардор бўлиб туради, – дейди нафақадаги полковник Алексей Грочов. – Мана шундай пайтлар Ватан учун жон тиккан, унга сидқидилдан хизмат қилган инсонлар ҳеч қачон унут бўлмаслигини ҳис этамиз.

Лола ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры