2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРДА ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 декабрда «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори имзоланди.

Чақирилувчилар, ҳарбий хизматга мажбурлар ва ҳарбий хизматчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш сифатини янада яхшилаш ва самарадорлигини ошириш мақсадида қабул қилинган мазкур ҳужжатнинг қисқача мазмун-моҳияти хусусида Мудофаа вазирлиги Тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи тиббий хизмат полковниги Носиржон Фозилов қуйидагиларни сўзлаб берди.

Мақсади

– Давлатимиз раҳбарининг 2018 йилнинг 25 декабридаги 4076-сонли қарори билан «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, тиббий кўрикдан ўтказиш қуйидагиларни аниқлаш мақсадида амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини саломатлигига кўра Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат хавфсизлиги хизмати, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг махсус авария-тиклаш бошқармасида хизмат фаолияти ҳақиқий ҳарбий хизматга тенглаштирилган бошқа вазирлик ва идораларда ҳарбий хизматга яроқлилигини;

фуқаролар соғлиги ва жисмоний ривожланишининг ҳолатига нисбатан қўйиладиган талабларга мувофиқ уларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари турлари, қўшин шаклларига ва ҳарбий мутахассисликка тўғри тақсимлаш учун кўрсатмаларни;

ҳарбий хизмат (ҳарбий йиғинлар), тенглаштирилган хизматни ўташ даврида фуқаролар томонидан орттирилган касалланиш, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатланишнинг сабабий боғлиқлигини;

ҳарбий хизматчиларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг соғлигини тиклаш турлари, ҳажми ва муддатини.

Ҳарбий-тиббий комиссиялар

Тиббий кўрикдан ўтказиш Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат хавфсизлиги хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, 15361-ҳарбий қисмда, ҳарбий хизматга тенглаштирилган хизматни ўташ назарда тутилган вазирлик ва идораларда амалга оширилади.

Тиббий кўрикдан ўтказиш учун мудофаа ишлари бошқармалари ва мудофаа ишлари бўлимларида, тенглаштирилган хизматни ўташ кўзда тутилган вазирлик ва идораларда – тиббий комиссиялар, Мудофаа вазирлиги, ДХХ, ИИВда ҳарбий-тиббий комиссиялар ташкил этилади.

Ҳарбий тиббий комиссиялар ва тиббий комиссиялар зиммасига куйидаги вазифалар юклатилади:

шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш;

ҳарбий-тиббий экспертизага услубий раҳбарлик қилиш, даволаш-профилактика муассасаларидаги даволаш-соғломлаштириш ишларини, Қуролли Кучларнинг ҳарбий-тиббий муассасалари, ҳарбий қисмлари, муассасалари, корхоналари ва ташкилотларидаги даволаш-диагностика ишларини, давлат соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат хавфсизлиги хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, 15361-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг тиббий текширувдан ўтказилиши ва даволанишини, шунингдек, тегишли фуқароларнинг текширувдан ўтказилиши (кузатувда бўлиши) ва даволанишини ташкил этиш, ўтказиш ва натижалари устидан назорат қилиш;

ҳарбий хизматчилар, тенглаштирилган хизматни ўтаётган фуқаролар, ҳарбий йиғинларни ўтаётган фуқаролар, ҳарбий хизматни ёки тенглаштирилган хизматни (ҳарбий йиғинларни) ўтаган фуқароларнинг касалланиши, шикастланиши, ярадорлиги, жароҳатланишини, шунингдек, уларнинг ўлимига олиб келган касалланиш, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатланишнинг сабабий боғлиқлигини аниқлаш;

фуқароларни ҳарбий хизматдан (тенглаштирилган хизматдан) бўшатиш вақтида саломатлигига кўра ҳарбий хизматга (тенглаштирилган хизматни ўташга) яроқлилигини аниқлаш;

ҳарбий тиббий экспертизанинг муаммоларини илмий тадқиқ қилиш;

ҳарбий тиббий экспертизани ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича мутахассис-шифокорлар ва ўрта бўғин тиббиёт ходимларини тайёрлаш.

Тартиби

Низомнинг тиббий кўрикдан ўтказиш объекти деб номланган бобида шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби қуйидагича белгиланган:

а) фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш вақтида;

б) фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматга чақириш вақтида;

в) фуқароларни сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш вақтида;

г) сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаётган фуқаролар;

д) шартнома бўйича ҳарбий хизматга кираётган фуқаролар;

е тенглаштирилган хизматга кираётган фуқаролар;

ж) ҳарбий хизматчилар;

з) тенглаштирилган хизматни ўтаётган фуқаролар;

и) ҳарбий таълим муассасаларига кираётган фуқаролар;

к) чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказларига юборилаётган фуқаролар;

л) олий таълим муассасалари ҳузуридаги ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув бўлинмаларига (ҳарбий таълим факультетлари, ҳарбий кафедралар, цикллар ва курслар) танлаб олинаётган (таҳсил олаётган) фуқаролар;

м) ҳарбий йиғинларга чақирилаётган фуқаролар;

н) ҳарбий йиғинларни ўтаётган фуқаролар;

о) ҳарбий йиғинларни ўтаган фуқаролар;

п) Қуролли Кучлар резерви ва захирасидаги фуқаролар (ҳарбий хизматга мажбурлар);

р) шартнома бўйича ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари;

с) ҳарбий меҳнатнинг соғлиқ учун хавфли ва ўта оғир шароит билан боғлиқ мутахассислиги бўйича ишга тайинланаётган (кираётган) ёки ишлаётган ҳарбий хизматчилар, ҳарбий хизматга мажбурлар, Қуролли Кучлар ишчи ва хизматчилари;

т) Ўзбекистон Республикасидан ташқарига ўқишга (малака оширишга) юборилаётган (кираётган) шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар, ҲТМ курсантлари, Қуролли Кучлар ишчи ва хизматчилари.

Ҳарбий-тиббий экспертиза

Тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш деб номланган бобда ҳарбий-тиббий экспертиза тиббий текширув ва тиббий кўрик ўтказишни кўзда тутиши белгиланган.

Тиббий текширувда тиббий кўрикдан ўтказиш олдидан фуқаронинг шикоятлари, анамнези ва тиббий текширув маълумотларини йиғиш ва таҳлил қилиш, лаборатория, тиббий ускуналар ёрдамида, морфологик ва бошқа тадқиқотларни ўтказиш йўли билан амалга ошириладиган комплекс диагностика чора-тадбирлари ўтказилади.

Фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш касалланиш, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатланишнинг аниқланиши оқибатида, айрим ҳолларда эса тиббий-экспертизада жараёнида аниқланганда амалга оширилади.

4-11-бобларда

Шунингдек, низомдаги 4 – 11- бобларда қуйидаги тартиблар белгиланган:

фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш ҳамда муддатли ҳарбий ва муқобил хизматга чақириш вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш;

фуқароларни сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга қабул қилишда ва хизматни ўташ даврида тиббий кўрикдан ўтказиш;

ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кираётган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш;

ҳарбий хизматчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш;

ҳаво десант қўшинлари ва уларга тенглаштирилган ҳарбий қисмларга хизматга танланаётган ва уларда хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш;

ҳарбий меҳнатнинг соғлиқ учун хавфли ва ўта оғир шароити билан боғлиқ мутахассислиги бўйича ишга тайинланаётган (қабул қилинаётган) ва ишлаётган ҳарбий хизматчилар, ишчи ва хизматчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш;

ҳарбий хизматга мажбурларни тиббий кўрикдан ўтказиш;

ҳарбий хизматни (ҳарбий йиғинларни) ўтаётган (ўтаб бўлган) фуқароларда орттирилган касаллик ёки олинган жароҳатларининг (ярадорлик, шикастланишларнинг) сабабий боғлиқлигини аниқлаш.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг мазкур қарори тиббий кўрик сифати янада яхшиланишига, Ватан ҳимоячиларининг ҳар томонлама соғлом, баркамол бўлишларига хизмат қилади.

Ўз мухбиримиз

Информеры