2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ПРЕЗИДЕНТ СОВҒАСИ УЛАШИЛДИ

Пойтахтимиздаги муҳташам Туркистон саройида «Президент арчаси» байрам  тадбири  бўлиб ўтди. Унда  меҳрибонлик уйлари ва «SOS» болалар шаҳарчаси тарбияланувчилари ҳамда Ватан олдидаги хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари иштирок этди.

Куй-қўшиқлар садоси остида саройга кириб келган болаларни эртак қаҳрамонлари хушнудлик-ла қарши олишди. Жажжи меҳмонлар учун дастлаб сарой фойесида ўрнатилган баланд арча атрофида шоу дастур намойиш этилди. Шоу давомида севимли эртак қаҳрамонлари ижросида қиш фаслини, Янги йил байрамини тараннум этувчи қўшиқлар куйланди, шеърлар айтилди, яхшилик ва эзгулик, меҳр-оқибат ва хайру саховатни улуғловчи томошалар тақдим қилинди. Қўшиқлар рақсларга уланди. Шоуда болажонлар ҳам фаол иштирок этди. Улар Қорбобо ва Қорқизга ўзлари ёдлаб келган шеърларини айтиб беришди. Қизиқарли викторина ўйинида энг фаол иштирокчи совға билан сийланди.

 «Орзу қил» номли театрлаштирилган эртак ҳам ёш томошабинларга олам-олам завқ-шавқ улашди. Ҳа, эртаклар олами мўъжизаларга бой. Унда ҳар доим яхшиликнинг ёмонлик, эзгуликнинг ёвузлик устидан қиладиган ғалабаси ажойиб образлар орқали ифодалаб бериладики, бу инсонда эзгу хислат ва фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилади. «Орзу қил» эртаги ҳам ана шундай тарбиявий аҳамиятга моликлиги билан қимматлидир.

Байрам томошалари барчага бирдек манзур бўлди. Айниқса, арча атрофида айланаётган болаларнинг шодон кулгиси қиёсига сўз топилмади. Улар шу куни дилдан яйрашди, байрам шукуҳини ҳис қилишди.

 Тадбир сўнгида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига Президент совғаси улашилди.

– Байрам томошаси фарзандларим учун ажойиб Янги йил туҳфаси бўлди, – дейди марҳум сержант Шерзод Эгамбердиевнинг турмуш ўртоғи Дилдора Эгамбердиева. – Она учун фарзанднинг кўзидаги қувончни кўришнинг ўзи ҳам бахт. Бугун мен ана шундай бахт сурурини ҳис қилдим. Фарзандларимнинг шодлиги дил ғуборларимни аритди. Бунинг учун тадбир ташкилотчиларига, шу жумладан, бизни ҳеч қачон ёдидан чиқармаган Мудофаа вазирлиги раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Фурсатдан фойдаланиб, Янги йил байрами барчага муборак бўлсин, деб қоламан.

 Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

Информеры