Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

МАРДЛИКДАН МАНГУЛИККА...

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида жойлашган Йўрмадўз маҳалласини пой-пиёда кезган ҳар қандай йўловчи бир уй қаршисида сўзсиз тек туриб қолиши аниқ. Кўп қаватли уйнинг шундоққина пештоқида шундай сўзлар ёзилган:

«Бу хонадонда Ватанимизнинг қаҳрамон фарзанди Ғаниев Бобуржон Абдулҳамидович яшаган».

Қаҳрамон ўғилнинг қаҳрамон онаси билан юзма-юз келдим-у, этим жимирлаб кетди. Мунаввар ая Ғаниева ўғлини йўқлаб келган ҳар бир кишини ўзгача қарши олади. 1991 йилда Халқ таълими аълочиси, 1993 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони билан тақдирланган маърифатпарвар аёл билан ҳол сўрашдик. Амин бўлдимки, ўғлини эслатадиган энг кичик нарса ҳам она учун қадрли. 78 ёшни қоралаган, ҳаётининг эллик уч йилини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаган фидойи аёл бизни ўғлининг уй-музейи томон етаклади...

Дарвоқе, хонадон қаршисида қаҳрамон йигит шарафига уй музейи ташкил этилиб, ёдгорлик лавҳаси ўрнатилган.

...Лейтенант Бобуржон Ғаниев 1977 йил 14 октябрда Марғилон шаҳрида туғилган. 2000 йилда Тошкент электротехника алоқа институти (ҳозирги Тошкент ахборот технологиялари университети)нинг махсус факультетини тугатган. 2000 йил Сурхондарё вилоятининг тоғли ҳудудларида бир гуруҳ жангарилар билан бўлган тўқнашувда қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2000 йил 25 августдаги Фармонига мувофиқ, II даражали «Шон-шараф» ордени билан мукофотланган.

Ая ўғли ҳақида афсус билан эмас, шодланиб гапиради. Нега кўз ёш қилсин, ахир Бобуржонни бутун Ўзбекистон танийди. Ҳурмат билан ёд этади. Ҳатто Мунаввар ая Биринчи Президентимиз Ислом Каримовга йўллаган мактубида ҳам бу ҳақда тўлқинланиб ёзган эди.

– Ёдимда, 2000 йилнинг сентябрь ойи. Олий Мажлиснинг IX сессиясида Юртбошимиз сессия минбарида туриб, хатимдан парча ўқиб берган эдилар. Унда мен шундай ёзган эдим: «Менинг болам кўча-кўйда безорилик қилиб, муштлашиб, бировнинг молига тажовуз қилиб, ўлгани йўқ, ўғлим Ватан ҳимояси учун жонини фидо қилиб, ҳаётдан кўз юмди. Мен ундан мингдан-минг розиман, оқ сутимга розиман. Қолган ўғилларим ҳам ҳарбий. Уларни ҳам юртимиз тинчлигини ҳимоя қилиш учун юборишга тайёрман...»

Она сўзида давом этди: – Мен шундоққина уларнинг ёнларида эдим. Президентнинг кўзлари ёшланди, чўнтагидан дастрўмолларини олиб, кўз ёшларини артиб: «Мен бундай она қаршисида таъзим қиламан», дедилар.

Лейтенант Бобуржон Ғаниев ҳақидаги суҳбатимиз узоқ давом этди. Қаҳрамон йигитнинг болалиги, орзулари, ютуқлари, муҳаббати... Унинг музейдаги қон доғлари сачраган буюмлари ҳам тилсиз гапиради.

Булар ҳақида батафсил ёзишни кўнгилга тугиб, қўлимдаги ҳарбий йигитларимизнинг жасорати акс этган «Ватан омон бўлсин!» китобини «Ватанпарвар» Бирлашган таҳририяти номидан Мунаввар аяга топшираман. Унинг кўзлари қувончдан порлаб кетади.

– Мен тақдиримга доим шукрона айтаман. Узоқ йиллар ёшларга дарс бердим. Инсон қачондир бу дунёдан кўз юмишини, омонатини Эгасига топширишини яхши тушунаман. Ўғлим каби яшаш, унингдек қаҳрамонлик кўрсатиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Бундай фидокор фарзанд учун бир умр бош кўтариб яшасанг, арзийди.

...Кетар чоғимиз Мунаввар ая китобга узоқ термилиб қолди. Уни варақлай туриб, ўғли Бобуржон ҳақида ёзилган мақолага нигоҳлари қадалди-ю, бир энтикди. Кўзлари милтиради. Кафтларини очиб, узоқ дуо қилди...

Бобур ЭЛМУРОДОВ

Информеры