2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СОҲИБҚИРОННИНГ ВОЛИДАСИ

Ер юзи минтақаларида оналар шарафига тикланган турфа ёдгорликлар мавжуд. Бу табиий ҳол. Зеро, фарзанд тарбияси она қорнидаёқ бошланади, инсон боласи дунё синоатларини она сути ва меҳри орқали англай бошлайди, дейдилар. Юртимизда она шарафига барпо этилган муаззам бир обида борки, у олти асрдан бери дунё аҳлини ҳайратлантириб келаётир. Бу – Шаҳрисабз шаҳридаги бетакрор Оқсаройдир.

Тарихий манбаларда кўрсатилишича, 1380 йилда Амир Темур онасига бўлган ҳурматини жойига қўйиш, азиз хотирасини абадийлаштириш ниятида унинг шарафига Шаҳрисабзда Оқсарой қурилишини бошлайди.

Қуйидаги мухтасар изланишларимиз Оқсарой хусусида эмас. Ватан халоскори ва адолат пешвоси бўлмиш улуғ фарзандни дунёга келтириб улғайтирган Она, Соҳибқирон Амир Темурнинг волидаси Тегина бегим Моҳ ҳақидаги айрим тарихий маълумот ва ривоятларни баён қилмоқчиман.

Амир Темурнинг онаси Тегина бегим Моҳ (манбаларда Тегина бегим Моҳ, Такина хотун, Тегина Моҳбегим, Некўзбиби шаклида ҳам учрайди) Бухорои шарифда машҳур олим Садр уш-шариъа (шариат улуғи) Убайдуллоҳ ибн Аҳмад Маҳбубий Бухорий хонадонида дунёга келган.

Тегина бегим Шаҳрисабз ҳокими, барлос бекларидан бўлмиш Муҳаммад Тарағайга никоҳланади. Бу ҳақда Салоҳиддин Тошкандийнинг «Темурнома» китобида шундай бир ривоят келтирилган: «Ўшал замонда Бухорои шарифда садр аш-шаъриат, соҳиби «Шарҳ виқойа» ушул асрнинг муллоси эрдилар. Бир куни дарс айтиб ўлтуриб эрдилар, бир қаландар келди. Айтди: «Тегина бегим Моҳ деган қизни куёвга беринг, андин бир ўғул туғуладур, ани «Жаҳонгир» ва «Соҳибқирон» дерлар.

...Тарағай баҳодур Бухорои шарифга етгач, тўғри Шайх ул-Оламни олдиларига кириб келди. Шайх ул-Оламни кўрди, сўфийлар ҳалқасида муроқабада ўлтурурлар, андин кейин шайх ул-Олам бошларини кўтариб, айтдилар: «Марҳабо, сафо келдинг, эй Соҳибқирон отаси».

...Андин кейин Тегина бегим Моҳимни амир Тарағай баҳодурга аҳд қилдилар. Қуёш жадий даражасида эрди. Ўшал нутфаи пок соати Зуҳалда ота силабидин она ботинига боғланди».

Амир Темур ва Темурийлар даврида ёзилган китобларда Тегина бегим Моҳ ҳақидаги маълумотлар жуда кам. Аксар маълумотлар халқ оғзаки ижоди, достон ва ривоятлар кўринишида бизгача етиб келган. Аммо мазкур маълумотларни тафаккур ипига тизиб, мантиқий таҳлил этсак, улуғ Соҳибқирон даҳосининг айрим синоатларидан воқиф бўламиз.

Соҳибқироннинг онаси Тегина бегим Моҳ ўз замонасининг забардаст олими хонадонида юксак тарбия топган. Отаси Муҳаммад Тарағай баҳодир, ёвқур барлосий амирлар шажарасига мансуб. Ушбу покиза никоҳдан туғилган назаркарда фарзанд Темурбек – буюк тарихий шахс, беқиёс давлат арбоби, улуғ салтанат асосчиси, тенги йўқ саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси бўлиб етишди. Донишмандлар айтмиш, «Болаларга қараб ота-онасига баҳо берадилар».

Инсон тафаккури ва феъл-атворининг шаклланишида аввало, она тарбиясининг ўрни беқиёс. Бу ҳақиқат замонавий инсоншунослик фани пешволари ва руҳшунос олимлар томонидан ҳам бот-бот таъкидланади. Она – оиланинг муаллимаси бўлса, ота – унинг посбони ва устунидир. Шу нуқтаи назардан, Темурбекнинг буюк инсоний фазилатларини таърифлаганда, бунинг пойдевори аввало, оқила, солиҳа ва доно Тегина бегим Моҳ момомизнинг тарбиясида эканини эътироф этишимиз ўринлидир. Айниқса, Амир Темурнинг ислом динига эътиқоди шаклланишида устозлари билан бирга, онаси Тегина бегим ва она аждодларининг таъсири бениҳоя юксаклигини таъкидлаш жоиз.

Гарчи тарих китобларида Тегина бегим ҳақида маълумотлар кам бўлса-да, бу оқила момомизни гўё жуда яхши таниймиз, ҳатто нурли чеҳраларини-да яққол тасаввур этамиз. Бу бежиз эмас. Соҳибқирон сиймосида халқимизга хос юксак фазилатлар акс этгани мисол, ул зотнинг онаизори – оқила момомиз тимсолида ўзбек оналарининг энг гўзал фазилатлари мужассамини кўрамиз. Масалан, мен Тегина бегим Моҳ ҳақида ўйласам, улуғ бобокалон туғилиб ўсган минтақада яшовчи оқила ва жафокаш момоларимиз, хусусан, раҳматли Шодмон момом эсимга тушаверади. Шодмон момом жуда сариштали ва меҳнаткаш, ўзгача виқорли, ҳунарманд аёл эдилар. Камгап, аммо донишмандона сўзлардилар. Ҳайдар бобом урушга кетгач, қўлида гўдак фарзанди – отам билан ёлғиз қолган. Олис тоғли қишлоқдаги тирикчилик, оғир ва тинимсиз меҳнат – барчасида сабот, сабр-матонат кўрсатган. «Отанг йўргакда, уни дала четидаги баланд бир жойда қолдириб, адирда буғдой ўрардик», деб эслардилар. Аммо ўша пайтдаги турмуш машаққатлари ҳақида сўзлашни кўп хушламасди.

Тегина бегим Моҳ ҳам гарчи аслзода хонадонга мансуб бўлса-да, турмуш кулфатларидан кўп озор чеккан. Тарихнавис Салоҳиддин Тошкандийнинг «Темурнома» асарида Соҳибқирон Амир Темурнинг дунёга келиши ҳақидаги фикрлар қизиқарли баён этилади: «Тегина бегим Моҳни туғори яқин келган вақтда, Йукуна хоним (Амир Тарағайнинг катта хотини – Б.Ҳ.) бир кечаси туш кўрдиким, Тегина бегим Моҳ этакидин қуёш тулуъ қилиб, машриқдин мағрибға боруб, тамом оламни олди. Андин Ҳиндистон сариға майл қилди…»

Ривоятда айтилишича, фолбинлар Амир Муҳаммад Тарағай баҳодирнинг туғилажак фарзанди Соҳибқирон бўлиб, келгусида етти иқлимга ҳокимлик қилажаги ҳақида башорат қиладилар. Буларни эшитиб, катта хотиннинг кўнглига ғайирлик оралабди. Кундоши ўғил туғса, ўзининг эри олдидаги мавқеи, мол-дунёси ҳам қўлдан кетажаги ҳақидаги ўй-фикрлар унга тинчлик бермабди. Охири кундошини туғилажак фарзанди билан бирга йўқ қилиш режасини тузибди. Кунлардан бир куни Амир Тарағай баҳодир узоқ сафарга отланганида, катта хотин кутиб юрган пайт келганлигини сезибди. Эри жўнаб кетгач, кундошининг отаси номидан сохта хат битиб, унда отаси оғир хаста экани, қизини ўз ҳузурига – Бухорога чақираётганлигини ёзибди. Хатни ўқиган кенжа хотин кундошининг макридан бехабар, тезда отаси ҳузурига ошиқиб, йўлга чиқибди. Катта хотин карвон билан йўлга отланаётган Мойдун исмли ишончли бир қулга анчагина ақча бериб: «Йўлда кундошимни ўлдирасан!» – деб тайинлабди.

Қадимда Буюк Ипак йўлининг бир тармоғи Кеш ва Хўжаилғор орқали ўтар экан. Хўжаилғор атрофи ўша пайтларда қалин тўқайзорлар, овлоқ жой бўлган. Кичик карвон шу жойга келиб, бироз нафас ростламоқчи бўлганида, ҳалиги қул режасини амалга ошириш учун қулай пайт келганлигини сезибди. Кутилмаганда қиличини яланғочлаб, икки канизакни чопиб ташлабди. Сўнгра Тегина бегимга яқинлашиб, уни ҳам ўлдиришга шайланибди. Кенжа хотин ўзининг тақинчоқлари ва йўлда керак бўлар, деб олган олтинларини қулга бериб, ёлворибди: «Агар ўлдирсанг, мени ва бегуноҳ гўдагимнинг ҳам заволига қолиб, оғир гуноҳга ботасан. Яхшиси, мана бу бойликларни олгин-да, бекангга бориб, мени ўлдирганингни айт. Қўлингдаги рўмолчани эса бирорта ҳайвоннинг қонига бўяб, олиб бор. Мен шу ерда йиртқичларга ем бўла қолай», – дебди.

Қул унинг илтижосига кўниб, ниятидан қайтибди. Бироқ хаёлидан: «агар бу эсон-омон Бухорога етиб олса, унда сир очилиб, ўзим ҳалок бўламан. Яхшиси, шу ерда ўлдира қолай», деган фикр ўтиб, яна маликани ўлдиришга қасд қилибди. Буни сезган Тегина бегим югуриб бориб, ўзини суви қуриб қолган эски қудуққа ташлабди. Нобакор қул қарамоқчи бўлганида, қудуқ тубидан кучли олов отилиб, ўзини ҳалок этибди (яна бир ривоятга кўра, «осмондан чақин тушиб, ҳалок этган»).

Шу қудуқда маликанинг кўзи ёриб, бўлажак Соҳибқирон дунёга келади. Она-бола бир-икки кун қўрқинчли чангалзор ичидаги қудуқда қолиб кетади (Хўжаилғор қишлоғи ёнида «Амир Темур чашмаси» деб номланган булоқ ҳозир ҳам бор. Унинг суви теридаги яра, қўтир каби иллатларга шифо бўлган. Ҳозир суви қуриган бўлса-да, одамлар унинг тупроғидан ҳам даво топишмоқда).

Ўша пайтларда Амир Тарағай баҳодирнинг яқин қариндоши Амир Чоку барлос Бухоро билан Насаф (Қарши) оралиғидаги Занжирсарой деган манзилда яшар экан. Амир Чоку биродарларидан хабар олгани келаётиб, фалакнинг гардиши билан йўлда дам олгани ҳалиги сувсиз қудуқ яқинидаги булоқ ёнида тўхтабди. Қарашса, икки одам чопиб ташланган, яна бири эса куйиб, ўлиб ётибди. Бир маҳал эски қудуқ ичидан инграгандек овоз эшитилибди. Амирнинг одамлари тезда у жойдан она-болани тортиб олибдилар. Шу тариқа, бахтли тасодиф туфайли Амир Чоку бўлиб ўтган воқеа тафсилотларидан огоҳ бўлибди-да, она-болани олиб, Кешга кирмасдан ортига, Занжирсаройга қайтибди. Муҳаммад Тарағай баҳодир хотини ва ўғлининг қисматидан хабар топгунича, бўлажак Соҳибқирон бир неча йил Занжирсаройда, Амир Чокунинг тарбиясида яшаган...

Тегина бегим Моҳ сийратига оид мантиқий мулоҳазаларни давом эттирсак. Момомиз оқила ва доно бўлиш билан бирга, полвонкелбат ҳамда жуда эпчил-чаққон аёл бўлганлар. Халқимизда, «Зот – отадан, алп – онадан», деб бежиз айтилмаган. Бухоро томонларда, Соҳибқирон камол топган Яккабоғ ва Шаҳрисабзда барваста, полвон момолар бугун ҳам кўп учрайди. Фарзанднинг қадди-қомати ва жисмоний куч-қуввати кўпинча онадан мерос бўлиб ўтар экан. Улуғ шоиримиз Абдулла Орипов ҳам бир суҳбатда: «қадди-бастим менга онамдан мерос», деган эдилар.

Улуғ Соҳибқирон волидасининг умр саналари манбаларда кўрсатилмаган. Қабри ҳам сақланмаган. Шаҳрисабздаги Оқсарой – Тегина бегим Моҳ шарафига бунёд этилган муаззам зиёратгоҳдир. Демак, Оқсарой – бутун ўзбек оналари шарафига қўйилган тенгсиз обида саналади.

Унинг пойига бориб тафаккур қилсак, тарихий маълумотлар кам эмас, балки жуда кўп эканлиги аён бўлади. Уларни тарих китоблари, халқ оғзаки ижоди ва ривоятлардан худди бебаҳо дур-жавоҳирларни тергандек, меҳр билан жамлаб, умумлаштирсак, бас. Ана шундай маълумотлар асосида дейлик, «Буюк Соҳибқироннинг волидаси» номли кинофильм ишланса, бу кино бутун дунё аҳлини мафтун этиб, меҳрини қозониши турган гап. Чунки бу асар қайноқ меҳрли умр йўлдоши, оила ва фарзанд учун жони фидо она – умуман, бугун инсоният жуда муҳтож бўлган солиҳа ва оқила аёл тимсолини намоён этган бўларди. Оқила момоларимиз, хусусан, Тегина бегим Моҳнинг бетакрор суврату сийратини таърифлаб, адоғига етиш қийин.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Информеры