2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

УЛКАН ОРЗУЛАР ҚАНОТИДА

Адабиётга, санъатга муҳаббат миллатимизнинг қонида бор. Ривоят қилишларича, Алишер Навоий яшаган замонда бозорларда савдолашиш ҳам вазну қофия билан  қилинган экан. «Балки бу муболағадир. Лекин ҳазрат Навоий «Мажолисун нафоис»да беш юздан ортиқ замондош шоир ижодини тадқиқ қилгани аниқ», деб ёзади Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов. Ўша даврдан буён тупроғимизда кўп салтанатлар, тузумлар ўзгарди. Лекин халқ қалбидаги шеъриятга меҳр ўзгармади. Ҳали ҳамон ўзбекнинг эътиборида назмнинг қадри улуғ. Қуйидаги қаҳрамонларимиз ҳам шеъриятга, санъатга ошно ёшлар. Улар айни вақтда Қуролли Кучларимиз сафида ўз йигитлик бурчини ўтамоқда.

Оддий аскар  Машҳурбек РАҲИМОВ Андижон вилояти, Избоскан туманидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган. Машҳурбекнинг айтишича, у туғилиб ўсган қишлоқнинг табиати жуда ажойиб. То кеч кузгача яшиллигини йўқотмайдиган боғ-роғлар, шарқираб оқадиган зилол сувлар – бу қишлоқнинг ўзига хос манзараси. Қишлоққа бир бора меҳмон бўлиб келган инсон борки, унинг манзарасидан ҳайратга тушади, бу ердан унутилмас таассурот билан қайтади.  Машҳурбекнинг кўнглига ҳам шеър ёзишдек улуғ истеъдодни мана шу қишлоқ манзараси солган бўлса, ажабмас.

– Ватан деган сўзни тилга олганимда энг аввало кўз ўнгимда гўзал қишлоғим гавдаланади, – дейди  Машҳурбек. – Болалигим унинг иссиқ бағрида ўтди. Ширин хотираларим у билан боғлиқ. Шу боис у мен учун азиз ва қадрли. Менга қалам тутқазган ва болаларча соф туйғуларимни қоғозга туширишга ундаган куч  ҳам қишлоғимга бўлган кучли муҳаббатимдир. Ёдимда, илк ёзган шеърим ҳам унга аталган эди...

– Биласизми, қоғоз ва қалам билан ёлғиз қолишнинг завқи бор.  Қоғозга нимадир қораласам руҳим енгил тортади. Тўғри, мен ҳеч шоирликка даъво қилмайман. Шунчаки ҳаваскор ижодкорман, холос. Лекин бир ҳақиқат борки, мен ҳам  ҳаётимни сўз  билан боғлаганман. Келажакда мени ҳам юртдошларимиз яхши шоир деб тилга олишларини истайман... «Келажакда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ўқишга кираман. Таржимон бўлмоқчиман», – дея ўз орзуларини биз билан ўртоқлашган суҳбатдошимиз шеър ёзишдан ташқари, қўшиқни ҳам маромига етказиб куйлар экан. Суҳбатимиз  сўнгида  у бизга инглиз тилида ўзи яратган «Your power» (Сенинг қудратинг) номли қўшиғини айтиб берди. Соҳир овоз ва чиройли мусиқа билан сайқалланган бу қўшиқни мароқ билан тингладик ва суҳбатдошимизнинг орзулари рўёбга чиқишига тилакдош бўлган  ҳолда у билан хайрлашдик.

Оддий аскар Сарварбек ҚУДРАТХЎЖАЕВ ҳам болалигидан шеъриятга меҳр қўйиб улғайган. Унинг кўплаб шеърлари туман газетасида чоп этилган.

– Шеър ёзиш – кўнгилга ҳаловат олиб кириш демак, – дейди у. – Ёшлигимдан  Шавкат Раҳмон,  Абдулла Орипов, Усмон Азим, Муҳаммад Юсуф каби шоирларнинг шеърларини ўқиб катта бўлдим. Уларнинг шеърларидан илҳом олиб, шеъриятга кўнгил қўйдим, шеър ёзишнинг қонун-қоидаларини ўргандим. Шунинг учун ҳам мен бу ижодкорларни устозларим деб  биламан. Мактабда ўқиб юрган кезларимда бирор тадбир бўлса  ҳар доим мана шу шоирларнинг шеърларидан намуналар ўқиб берар эдим. Кейинчалик ўзим ҳам шеър ёза бошладим. Кечагидек ёдимда, илк ёзган  шеъримни она тили дарсида синфдошларимга ўқиб берганман. Шунда устозим ёзган шеъримга катта баҳо бериб, келажакда етук шоир бўлишимга оқ йўл тилаганлар. Кейин бирин-кетин туман газетасида шеърларим чоп этила бошлади. Бу эса менга янада илҳом бағишлади. Келажакда мен ҳам   етук шоир бўлишни, энг асосийси юртимизнинг асл фарзанди бўлиб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишни истайман.

Суҳбатдошимиз шундай деб бизга «Аскар соғинчи» деб номланган шеърини айтиб берди.  Бу шеърни биз сизга ҳам илиндик:

Узоқларда қолди меҳрингиз,

Қадрингиз ҳам ўтмоқда жуда.

Аскар ўғил соғиниб жондан,

Сизга хатлар ёзмоқда, Она.

Мана постда турибман сергак,

Ватан учун тикиб жонимни.

Соғ бўлсин, деб қиласиз тилак –

Менинг учун жонингиз ҳалак.

Она, мени  дуолар қилинг,

Камолимдан бахтга тўлинг сиз.

Сизга тинмай хатлар ёзади,

Сизни севган аскар ўғлингиз!

Оддий аскар Диёрбек ТОЛИПОВ Тошкент шаҳридан. Айни вақтда у Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмларнинг бирида ўз йигитлик бурчини ўтамоқда.

Диёрбек зиёли оилада туғилиб вояга етган. Муддатли ҳарбий хизматга қадар у Хитойнинг  Урумчи шаҳридаги Син Жанг Да Гуанг Хуа халқаро мактабида таҳсил олган. Диёрбек ҳам ҳаваскор шоир. Шунинг билан бирга шу кунгача ўзбек ва рус шеъриятидаги бир қанча дурдона асарни хитой тилига таржима қилган. Ёш бўлса-да, шундай залворли ва масъулиятли вазифани адо этиб, миллатларни миллатларга, дилларни дилларга боғлаётган бу ўғлоннинг ғайрат ва шижоатига тасанно деймиз.

 – Яқин келажакда  қилган таржималаримни тўплаб, китоб ҳолида чоп этишни мақсад қилганман, – дейди Диёрбек. – Таржимага  қўл уришимга бувим Ҳикоят Қодирова сабабчи бўлган. Бувим ҳам шоира. Бир қанча китоблари чоп этилган. Қалбимда шеъриятга муҳаббат уйғотган ҳам шу инсон бўлади. Бувим китоб ҳақида, шеърият ҳақида гапиришни яхши кўради. Бўш вақт топди дегунча, бизга таниқли шоирларнинг шеърларидан ўқиб беради. Набиралари ўртасида мушоиралар ўтказади. Энг кўп шеър айтиб берган табиийки, рағбатлантирилади. Мен мана шундай муҳитда улғайдим. Шеър билан шеърни, вазн билан қофияни фарқлашни ўргандим. Хитойда ўқиб юрган чоғларимда кўнглимда  ўзбек ва рус шеърияти дурдоналарини хитой тилига таржима қилиш истаги туғилди. Бу ҳақда бувимдан маслаҳат сўраганимда, жуда қувониб кетди. «Хайрли ишга қўл ураяпсан. Яхши шеърларни ҳамма ўқиши керак. Ҳеч бир халқнинг адабиёти фақат ўз доирасида чегараланиб қолмаслиги лозим. Чунки шеърият ҳам маънавият демак. У зиё бўлиб, дунёдаги жамики миллат ва элатларнинг кўнглига эзгулик улашса, айни муддаодир», дедилар. Шундан кейин энг аввало, жаҳон шеърият дурдоналарини ўзбек тилига ўгирган таниқли шоирларнинг таржималарини ўрганиб чиқдим. Бу борада етарлича кўникмага эга бўлганимдан сўнг таржима қилишга киришдим. Бу борада  бувимнинг кўмаги ҳам катта. Келажакда бу йўналишдаги ишларни янада ривожлантириш ниятидаман...

Қайси чолғу асбобида бўлмасин, ундан тараладиган куйнинг жозибаси инсонни ўзига маҳлиё қилади ва  беихтиёр сиз ҳам ушбу мусиқа  сеҳридан сармаст бўлиб, бир дам ҳаёт ташвишларни унутасиз, ўзингизни гўёки ўзга бир оламга кириб қолгандек ҳис қиласиз. Оддий аскар Бунёдбек ИБРАГИМОВнинг  дутор бас созида чалган куйи  қалбимизни ана шундай ҳисларга ошно қилди.  Аслида фақат маҳоратли созандагина куйни тингловчи юрагига етказиб бера олади. Бу борада  Бунёдбекнинг   маҳорати таҳсинга  сазовор.

– Болалигимдан мусиқа тўгарагига қатнаганман, – дейди  Бунёдбек. – Мактабни тамомлаб, Урганч санъат коллежига ўқишга кирдим. Коллеждаги таҳсил санъатнинг янги қирраларини кашф қилишимга ёрдам берди. Бу ерда маҳоратли устозлардан созандалик сир-асрорларини ўргандим. Уларнинг беминнат хизматлари ўлароқ қадимий ва ўлмас наволар бўлган – «Тановар», «Муножот», «Шашмақом», «Норим-норим» каби энг мураккаб куйларни чалишни ўргандим. Ҳозир мен ўндан ортиқ созларни чала оламан.  Биласизми, ҳар бир соз – ўзига хос бир олам. Уларни чалишнинг усуллари ҳам ҳар хил. Лекин куйнинг жозибаси бир хил. У инсонга таскин беради, мудраган ҳисларини уйғотади, кўнгил торларини чертиб, дил ғуборларини аритади. Бу куйнинг сеҳридан далолат беради.

Устозларимиз бизга «санъаткор доим изланиши керак», деб уқтиришарди. Шунинг учун бўш вақтим бўлди дегунча соз чалишга интиламан. Муддатли ҳарбий хизмат давомида ҳам изланишдан тўхтаганим йўқ. Чунки дутор басни ўзим билан олиб келганман. У ҳар доим менга ҳамроҳ.  Хизматдан бўш вақтимиз бўлди дегунча сафдош дўстларим мендан соз чалиб беришимни сўрашади. Бажонидил рози бўламан.

Келажакдаги орзуим Ўзбекистон давлат консерваториясига ўқишга кириш. Бу орзуимга етиш учун эса  интилиш ва ҳаракатдан тўхтамайман...

Мана бугуннинг ёшлари! Сиз уларнинг орзу-ниятлари билан танишдингиз, иқтидорига, истеъдодига ўз баҳонгизни бердингиз. Ҳар сўзида қатъият, ёшликка хос ғайрат, шижоат уфуриб турган бу ёшлар – Ватанимизнинг эртаси. Биз мана шундай ёшларга суянамиз, ишонч билдирамиз. Ва албатта, улар бу ишончни ёруғ юз билан оқлайдилар.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

Информеры