2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЖАНУБИЙ КОРЕЯ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

1950 – 1953 йилларда содир бўлган Корея урушидан сўнг ўтган 65 йил мобайнида Жанубий Корея Республикаси доимо қўшни КХДР билан юзага келиши мумкин бўлган янги уруш хавотири остида яшаб келмоқда. Қўшни давлатнинг қудратли армияга эгалиги Корея раҳбариятини қудрати жиҳатидан ундан кам бўлмаган Қуролли Кучларни ташкил қилишга мажбур этган ва бу вазифа муваффақиятли уддаланган. Совуқ уруш давридан сўнг мудофаа соҳасида тўлалигича АҚШга боғлиқ бўлган Жанубий Корея ХХ асрнинг 90-йилларидан бошлаб Қуролли Кучларни модернизациялаш, қурол ва жанговар техника импорти манбаларини диверсификация қилиш, энг замонавий жаҳон стандартларига жавоб берувчи хусусий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга киришди. Ҳозирги даврга келиб, мамлакат ер, ҳаво ва денгизда дунёнинг исталган армиясига муваффақиятли қаршилик кўрсатишга қодир бўлган Қуролли Кучларни тузишга эришган. Юқори даражадаги жанговар тайёргарликка эгалик ва таъминот жиҳатидан Корея миллий армияси дунёдаги энг кучли армиялар ўнлигига киради.

Мамлакат Қуролли Кучлари АҚШ намунаси бўйича ташкил этилган ва дунёдаги аксарият давлатлар армиялари сингари Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий ҳаво ва Ҳарбий денгиз кучларидан таркиб топган. Бундан ташқари, денгиз чегараларини қўриқлаш ва фуқаро мудофаасини амалга оширувчи мустақил қисмлар ҳам мавжуд. 20 ёшга тўлган мамлакат фуқаролари ҳарбий хизматга ёлланади. Қуролли Кучларнинг умумий сони 687000, захира кучлари 4500000 кишини, йиллик ҳарбий сарф-харажатлар миқдори эса 31 млрд долларни ташкил этади.

Қуруқликдаги қўшинлар

Мамлакат Қуролли Кучларининг асосий тури ҳисобланувчи, умумий сони 522 минг кишидан иборат бўлган Қуруқликдаги қўшинлар Марказий бўйсунувдаги (бевосита Бош штабга бўйсунувчи) кучлар, 2 та дала армияси ва 1 та оператив қўмондонликка бўлинган. Тузилмавий жиҳатдан 22 та пиёда ва мотопиёдалар дивизияси, бир қатор алоҳида бригадалар, шу жумладан, махсус вазифаларни бажарувчи 7 та бригада, душманнинг махсус бўлинмаларига қарши кураш олиб борувчи 3 та бригада ҳамда 3 та ҳаво ҳужумидан мудофаа бригадасидан таркиб топган. Бу турдаги қўшин ихтиёрида 2130 та танк, 2490 та зирҳли транспортёр ва пиёдалар жанговар машинаси, 3500 дан ортиқ шатакка олинувчи ва 900 та ўзиюрар артиллерия тўпи, танкка қарши ракета комплекслари (1000 дан зиёд), 114 та зенит-ракета комплекси, мингдан ортиқ кўчма зенит-ракета комплекси ва бошқа қуроллар бор. Армия авиацияси 90 та жанговар ва 500 дан зиёд кўп мақсадли ва транспорт вертолётларига эга.

Ҳарбий ҳаво кучлари

Ҳозирги вақтда Жанубий Корея замонавий, техник жиҳатдан яхши таъминланган Ҳарбий ҳаво кучларига эга давлатлардан бири ҳисобланади. Умумий сони 65 минг кишини ташкил этувчи бу турдаги қўшинлар жанговар авиацион, ўқув, фронторти, жанговар, разведка ва ҳаво ташувлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва радиотехник қўшинлар сингари 7 та қўмондонликка бўлинган. Жанговар техника таркибидан турли русумдаги, асосан, АҚШда, шунингдек, Кореянинг ўзида ишлаб чиқарилган 540 та қирувчи, 50 та транспорт, 85 та ўқув, ўқув-жанговар ва енгил штурмчи, 28 та разведка ва кузатув, 4 та узоқ радиолокацион аниқлаш самолёти, 50 га яқин турли вазифаларни бажарувчи вертолёт, 200 дан зиёд зенит-ракета комплекси, турли калибрли зенит тўплари, ҳаво бўшлиғини радиолокацион назорат қилиш воситалари ва кўплаб бошқа қуроллар жой олган.

Ҳарбий денгиз кучлари

Корея миллий армиясининг бу турдаги қўшинлари ташкилий жиҳатдан учта – Шарқий, Ғарбий ва Жанубий флотга бўлинади. Ҳар бир флот таркибида сув усти кемалари эскадраси ва сув ҳудудларини қўриқлаш дивизионлари бор. Бундан ташқари, Жанговар қўмондонлик гуруҳи ҳам мавжуд бўлиб, унинг таркибига сувости кемалари ва турли кучлар флотилияси ҳамда махсус вазифаларни бажарувчи бригада киради.

Сувости флоти 16 та катта ва 2 та ўта кичик сувости кемасига эга бўлиб, уларнинг барчаси Германияда ишлаб чиқарилган. «Сэжон Тэван» (3 та), «Чхунгмугон Ли Сунсин» (6 та) ва «Квангэтхо» (3 та) типидаги эсминецлар эса Кореянинг ўзида қурилган. Улар орасида энг замонавий типдаги «Сэжон Тэван» дунёдаги энг қудратли ноавиаташувчи сув усти жанговар кемаси ҳисобланади. Шунингдек, Ҳарбий денгиз кучлари ихтиёрида қанотли ракеталар билан қуролланган 13 та фрегат, кемаларга қарши ракеталарга эга бўлган 35 та корвет, 91 та соқчи катер, 39 та патруль кемаси, 11 та тралчи кема бор. Десант кучлари 1 та вертолёт ташувчи десант кемаси, 7 та танк-десант кемаси ва 8 та десант катерига эга. Денгиз авиацияси эса турли русумдаги 16 та патруль, 5 та кўп мақсадли самолёт, турли вазифаларни бажаришга мўлжалланган 54 та вертолёт билан таъминланган. Соҳил гвардияси авиацияси таркибида 6 та самолёт ва 18 та вертолёт, денгиз пиёдалари тасарруфида эса 100 та танк, шунингдек, сувда ҳам, қуруқликда ҳам ҳаракатланадиган 231 та зирҳли транспортёр бор.

П. САЙДИВАЛИЕВ

 

 

Информеры