2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ФАН ОЛИМПИАДАСИ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Қуролли Кучлар академиясида олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган фан олимпиадаси ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник А. Икрамов ўтган икки йил мобайнида ҳарбий кадрларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар, олий ҳарбий таълим муассасаларида курсантларнинг соҳа бўйича мукаммал билим олишлари учун яратилган шарт-шароит ва имкониятлар хусусида сўзлади.

Шундан сўнг Мудофаа вазирининг буйруғига биноан фан олимпиадасида энг юқори кўрсаткичга эришган курсантлар ва ғолиб жамоалар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, фан олимпиадасини ташкиллаштириш ва ўтказишда жонбозлик кўрсатган олий таълим муассасалари мутахассислари, бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар хизматчилари рағбатлантирилди.

Эслатиб ўтамиз, 5-29 ноябрь кунлари Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари ўртасида ҳарбий-касбий тайёргарлик, инглиз тили, информатика ва математика фанларидан олимпиада (иккинчи Республика босқичи) ўтказилган эди. Қайд этилган натижаларга кўра, ҳарбий-касбий тайёргарлик ҳамда математика фани бўйича умумжамоа ҳисобида 1-ўринни Қуролли Кучлар академияси курсантлари эгаллади. Инглиз тили ва информатика фанлари бўйича эса ғолибликни Тошкент ахборот технологиялари махсус факультети курсантлари қўлга киритди.

Маълумот учун: Фан олимпиадасида ғолиб бўлган жамоалар 2019 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида ўтказиладиган халқаро фан олимпиадасида иштирок этади.

Г. МУРОДОВА

Информеры