2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КУЧ – АДОЛАТДАДИР!

Кимки менга келиб қўшилса, улуғланади, кимки мен билан курашмоқчи бўлса, йиқилади.

Амир Темур

Амир Темур ўткир ақл-заковати, етакчилик қобилияти, ҳарбий маҳорати билан жаҳон тарихида муносиб ўрин тутади. Улкан ва қудратли салтанат барпо этган Соҳибқирон мамлакатнинг гуллаб яшнаши, юксалишини таъминлади. Қисқа фурсатларда Европа ва Осиё ўртасидаги ўзаро алоқалар мустаҳкамланди, ривож топди.

Амир Темур сиёсат майдонига кириб келган пайтда шаҳар ва қишлоқлар вайронага айланган, сув иншоотлари бузиб ташланган ёки ишга яроқсиз ҳолга келтирилган эди. Унинг ҳар бир ҳарбий юришига сабаб бор эди. Ўз давлатининг чегараларини мустаҳкамлаш, ташқи душманлардан ҳимоялаш, карвон йўлларини йўлтўсарлардан тозалаш, хиёнатчи, сотқинларни жазолаш кабилар эди бу сабаблар.

Соҳибқироннинг суронли даврини англаб етишда у ҳақида ёзилган асарларнинг аҳамияти каттадир. Бу борада «Темур тузуклари» бебаҳо манба ҳисобланади. Ушбу асарда дўстлик, вафодорлик, иймон, эътиқод, касб-ҳунар ва бошқа инсоний фазилатларга риоя қилиш тўғрисида фикр юритилади, фуқароларнинг шариат қонун-қоидаларига бўйсуниши лозимлиги айтилади. Вазирлар ва уларнинг вазифалари, амирлар, сипоҳийлар ва уларни тақдирлаш тартиблари ва бошқа масалалар бўйича маълумотлар берилади.

«Куч адолатдадир». Амир Темур маънавиятини белгиловчи бош мезон бўлган, умр бўйи амал қилган ушбу иборада Соҳибқирон ҳаёти ва фаолияти бор бутунича ўз ифодасини топган.

Бу кўҳна дунё кўп босқинчи жаҳонгирларни кўрган. Амир Темур улардан фарқли умр бўйи бунёдкорлик билан машғул бўлган. Унинг қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта ниҳол эктирдим, деган сўзлари бунинг ёрқин истиботидир. Амир Темурда ҳар бир зафарли воқеа ва севинчли ҳодисани мустаҳкам меъморчилик обидасини барпо этиш билан нишонлаш одати бўлган. Ҳатто ўзи забт этган мамлакатларнинг бир қатор шаҳарларини қайта тиклади. «Агар бизнинг қуд­ратимизга шубҳа қилсангиз, қурган биноларимизга боқинг», – деганди Амир Темур.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, республикамизнинг барча ҳарбий академик лицейларига «Темурбеклар мактаби» номи берилди. Мазкур Фармон билан бугунги ва келажак авлодларга Амир Темур ҳазратларининг ҳарбий, маънавий меросини етказиш, давлатчилик куч-қудратини ўрганиш, улардек мард, қатъиятли, адолатпарвар авлодни тарбиялаш каби масъулиятли вазифа қўйилди.

Азизбек МИРЗАЛИЕВ, ТошДАУ академик

лицейи махсус гуруҳ  ўқувчиси.

Информеры