2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АБЖИРЛИК ВА АНИҚЛИК КЎРИГИ

Ўзбек-қозоқ ҳарбий хизматчиларининг ҳамкорликдаги ўқув-машғулотидан репортаж

Замонавий жанг амалиётида тажриба алмашиш, тушунчасининг қўшин тактик малакасини оширишдаги аҳамияти катта. Қўйилган жанговар вазифани турли услубларда аъло даражада бажарилишига эришиш орқалигина ҳар бир Ватан ҳимоячиси профессионал даражага етиши мумкин.

Фориш полигонида ўзбек-қозоқ ҳарбий хизматчилари ҳамкорликда мураккаб тоғ машғулотларини Ҳарбий ҳаво кучлари ёрдамида амалга оширди. Ўқув-машғулотнинг мақсади шуки, шартли ярадорни жанг майдонидан белгиланган тиббий пунктга беталофат эвакуация қилиш.

Вазифани бажариш вақти чегараланган. Вертолёт бортида тўрт нафардан ҳар икки мамлакат ҳарбий хизматчилари ўрин олган. Тоғли ҳудуд ҳеч қандай тайёргарликсиз юклатилган жанговар вазифани бехато бажариш учун ноқулайлик туғдириши, ҳаракатланиш давомида ҳарбий хизматчилардан зийраклик, эҳтиёткорлик, тезлик ва аниқлик талаб этиши табиий. Вертолёт ҳавога кўтарилди. Шартли ярадор ётган жой аниқланди. Эҳтимолий душманнинг ҳаракатланувчи кучлари ҳужуми мудофаасига шай турган ҳолда, ўзбек-қозоқ ҳарбий хизматчилари камарларига маҳкамланган пўлат арқон ёрдамида муайян баландликдан пастга тушишди.

– Бу машғулотнинг мураккаб­лиги шундаки, сафдошингизни эвакуация қилиш ниҳоятда ноқулай шароитда: ҳаводан ва қуруқликдан бир вақтнинг ўзида хавфлар муқаррар вазиятда абжирлик ва аниқлик билан амалга оширилади. Салгина эҳтиётсизлик туфайли ёрдам бераман, деган одамнинг ўзи ҳам эвакуа­цияга муҳтож бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳарбий хизматчиларнинг бундан-да мураккаб амалиётларни кўп бора ўтагани қўл келди. Қозоғис­тонлик ҳамкасбларимиз ҳам бу борада маълум тажрибага эга эканлар. Машғулотлар ҳар икки мамлакат ҳарбийлари учун реал вазиятда амалга оширилган маҳорат ва тажриба алмашинуви бўлди, – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Сардор Иноятов.

Вертолётдан пастга энган азаматларнинг бир қисми автоматлари стволини чор тарафга ўнглаб, мудофаани таъминлади. Қолганлар зудлик билан махсус замбилга маҳкамланган пўлат арқон ёрдамида ярадорни вертол­ётдаги қуролдош­ларига йўллади... Учоқ хавфсиз ҳудудга қўнгач, шартли ярадор биринчи ёрдам ҳарбий улови билан яқин масофадаги тиббиёт пунктига ўз вақтида етказилди.

Шартли ярадор ҳарбий хизматчиларнинг жонбозлиги ва тезкорлиги ҳисобига талафотсиз эвакуация қилинди.

Алибек ОМОНТУРДИЕВ

Информеры