Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ҚАРШИ, АНДИЖОН, БУХОРО... ВА НИҲОЯТ ТОШКЕНТ

ёхуд қувончга бурканган кун

Янги йил шукуҳи кўнгилларимизни тарк этмай туриб, яна бир қутлуғ байрам – Ватан ҳимоячилари кунини  қарши олаяпмиз. Юртнинг асл фарзандлари, мард ва жасур ўғлонларининг хизматлари эътирофи бўлган ушбу шодиёна бу йил минглаб ҳарбий хизматчиларнинг оиласи учун ҳар қачонгидан-да, файзли ва  унутилмас бўлди.  Нега дейсизми? Негаки, улар касб байрамини янги уйда қарши  олишади.

 

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги «Олмос» маҳалласида ҳарбий хизматчилар учун 904 та хонадон фойдаланишга топширилди. Уй калитларини ўз эгаларига топшириш маросимида мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор П. Эргашев, Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони генерал-майор Б. Қурбонов, туман ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Замонавий услубда бунёд этилган, шинам ва ҳар томонлама қулай хонадонларга кирган кишининг кўнгли ёришади. Хоналарни бир-бир кўздан кечирдик. Ҳаммаси замонавий жиҳозланган, саранжом-саришта. Янги уй соҳиби ва соҳибаларининг шодлигини айтмайсизми? Шу лаҳзаларда улардан-да бахтиёр инсон йўқ дунёда. Болажонларнинг шодлиги ҳам ота-онасиникидан қолишмайди.

– Ўн саккиз йиллик фаолиятим давомида бир нечта вилоятда хизмат қилдим. Оилам билан етти марта ижара уй алмаштирганмиз. Фарзандларим Хуршиджон ва Элбек бири беш марта, бири уч марта мактабдан мактабга кўчди. Шунинг учун ҳам биз катталардан кўра улар кўчиб юришдан зада бўлиб қолишганди, – дейди подполковник Ўткир Сатторов кулиб. – Ўғилларим янги уй хабарини эшитганда энг аввал: «Энди мактаб алмаштирмаймизми?», «Ўзимизнинг хоналаримиз бўлади-а?» деб савол берганди. Мен энг аввало фарзанд­ларим орзуси амалга ошганидан хурсандман. Уларнинг қувончини кўриб завқланаяпман. Ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига кўрсатилаётган мана шундай юксак эътибор учун давлатимиздан, Мудофаа вазирлигидан миннатдормиз.

– Ватанли бўлдик. Уйимиз кенг, ёруғ, шинам, – дейди капитан Рауф Раҳматуллаевнинг турмуш ўртоғи Дилфузахон Раҳматуллаева қувонч билан. – Ҳарбий хизматчининг рафиқаси бўлиш осонмас. Бу шараф бўлиш билан бирга улкан масъулият ҳам демак. Биз ҳам шу вақтгача жуда кўп ижара уй алмаштирганмиз. Аввалига Қаршида яшадик, кейин Андижонда, Бухорода... ниҳоят Тошкентда қўним топдик. Ёш бола билан кўчиб юриш осонмаслиги бошимдан ўтган. Лекин ҳеч қачон нолимаганман. Бугун ўтган кунларимизни эсладим. Бошимиздан кечирган машаққатларимиз муносиб тақдирланганидан беҳад хурсандман.

Миннатдорчилик сўзларини эшитиш жуда кўнгилли. Шу лаҳзаларда беихтиёр суҳбатдошингизнинг қувончи, шодлиги сизга ҳам кўчади. Биз маросим давомида жуда кўп инсонларнинг ҳаяжонга йўғрилган сўзларини тингладик, уларнинг қувончига шерик бўлдик.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

Информеры