Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ЭР ЙИГИТ – ЭЛ-ЮРТ ҚАЛҚОНИ

Ҳаяжон ва энтикиш билан югуриб бораётган болакай тошлоқ йўлда зарб билан қоқилиб йиқилди. Тиззаси тошга урилиб, ёқимсиз оғриқ турди. Болакай оғриқни ҳис қилмасликка уриниб, ўрнидан қўзғалди, митти кафтлари билан уст-бошини қоқди-да, яна шошиб йўлга ошиқди. Олисдан кўринган шарпага интилар, овозининг борича бақирарди:

– Тоға-а... тоғаааа! Мен катта бўлдим! Мен ҳам аскар бўламан!

Ҳарбий кийими эгнига ярашган, кўзлари қувончдан яшнаб турган барваста йигит йўл халтасини ерга қўйди-да, болакайни қучиб даст кўтарди. Чаккаларидан ўпиб, бағрига маҳкам босди. Соғинчнинг, ҳаяжоннинг ҳовури босилгандек бўлди. Ҳарб қалпоғини унинг бошига қўндирди. Тоға-жиян бир-бирига мамнун жилмайди. Аскар йигит болакайни оҳиста ерга қўяркан, жиддий оҳангда сўради:

– Энди нима дейиш керак?!

– Раҳмат, дейиш керак, – болакай уялиб кўзини олиб қочди.

– Йўқ, аскар нима дейиши керак, – йигит ишора билан қўлини чаккасига тутди.

Болакай қаддини ғоз қилиб, ростланди. Қўлини тоғаси каби чаккасига чоғлади:

– Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!

Унинг овози атрофга жаранг сочди. Тоғлар титрагандек, далалар яшнаб кетгандек, ариқлар шилдираб, япроқлар шивирлаб сўзлашгандек, тупроқнинг нафас олгани сезилгандек бўлди. Бўлса бордир, улар шу инсон боласи эртага улғайиб, Ватан ҳимоячиси бўлишига ишора бергандир. Митти кўксидан отилган улуғвор ниятга қўшилиб «омин» дегандир. 

– Баракалла!!!

Ўша куни болакай тоғасининг ҳарбий хизматдан келтирган эсдалик альбомини бир неча бор томоша қилиб завқланди. Биз унинг атрофида шаталоқ отиб югуриб юрдик. Ҳарбий хизматдан қайтган аскарни қайта-қайта саволларга кўмиб ташлади. Ҳарб қалпоғини тонггача бағрига босиб ётди...

Бу болакай менинг дўстим эди. Бу ҳикоя – менинг ҳикоям. Болаликни кўз олдимда гавдалантириб, бугун қоғоз қоралаяпман. Болалик дўстим бугун ҳарбий хизматчи! Юрагида олови бор, чинакам юрт ҳимоячиси! Бола кезларимда ҳам, бугун ҳам унга ҳавасим келади.

Ўғил бола зиммасида бир бурч билан дунёга келади, бу – Ватан ҳимояси. Ўғил бола бир шараф билан дунёга келади, бу – Ватан ҳимояси шарафи!

Тунов куни пойтахтдаги «Темурбеклар мактаби»га ҳарбий таълим олаётган ўқувчилар билан учрашувга бордик. Таълим ва жисмоний машқларда тобланаётган қошу кўзи қора йигитларнинг кўзидаги оловда йигитликнинг, навқиронликнинг қудратини кўрасиз. Ҳарбий таълим маскани раҳбари ўзаро суҳбатда бир воқеани айтиб берди. У шундай баён қилганди: Тарбиявий тадбир жараёнида бир меҳмон амалдор болаларни синаб кўриш учун бехосдан қатъий савол ташлади: «Ким душман танкига рўпара бўлиб, ўлим билан юзлашиб, юрт ҳимояси учун жонини тика олади?» Кутилмаган саволдан ҳамма ўнғайсизланди. Аслида, кутилмаган савол эмас, ҳар бир йигитнинг ҳеч кимга айтмаса-да, айтолмаса-да бу сўровга ўз жавоби бўлиши керак! Маълум муддат жимликни бир овоз ёриб чиқди: «Мен!» Меҳмон жилмайиб саволни яна қайта тушунтирди: «Мен ўз жонимни тикаман!», яна ўша овоз янгради. Меҳмон амалдор яна такрорлади: «Ёш умринг хазон бўлиб кетади, тушуняпсанми, ўлиб кетасан! Инсон ҳаётда бир марта яшайди... Эндиям жонингдан кечоласанми?» Йигитнинг кўзида чақмоқ, бўғзида олов ёнди: «Ватан учун жонимдан кечаман, у энг гўзал ўлим бўлади!»

Ўшанда меҳмон амалдор: «У йигитнинг кўзларида Жалолиддин Мангубердини кўрдим», деган экан мамнун.

Университетга кириш учун ижодий имтиҳонда билет тортганимда, мавзуни кўриб кўзларим яшнаб кетган эди. «Широқ» афсонаси ҳақида эркин мавзуда иншо ёзиш мен учун чиндан мароқли кечган. Ватан ҳимояси, элу халқ осойишталиги учун бир чўпон жасорати, закоти билан ўз жонидан воз кечиб, бутун бир қўшинни маҳв этгани авлодлар руҳига қувват бахш этиб туради. Афсоналар бежиз яралмайди... Мамлакатимиз Мустақиллигини мустаҳкамлаш, тинчликни асраш, чегараларимизни қўриқлаш, халқ осойишталигини сақлашда улкан жасорат кўрсатган, ҳаётини тиккан, азиз жонини қурбон қилган қанча Широқларга, Жалолиддинларга замондош яшадик. Ҳарбий мактаблар, ҳарбий олий таълим муассасалари ўқувчи ва курсантлари бўладими, ё ҳарбий хизматчими, уларнинг томири – жасоратнинг жўшқин ирмоғидир. Демак, қаҳрамонларимиз ҳамон биз билан яшаяпти.

Қишлоғимизда Иккинчи жаҳон урушини кўрган биргина инсон қолди. Мингиш бобони «Ватан ҳимоячилари куни», «Хотира ва қадрлаш куни» арафасида ҳамма йўқлашга шошилади. Чунки бобо – жасоратнинг тирик тимсоли. Бобо хира тортган нигоҳлари, вазмин феъли билан эр йигитнинг бурчи ва шарафидан сабоқ бериб туради. Қишлоқ ёш-яланглари ундан улги олиб туради.

...Болакай онасини саволга тутади:

– Менинг бобом ҳам урушга борганми?

– Ҳа борган.

– Душман билан урушганми? Енгганми?

– Урушган. Енгган!

У севиниб, илжаяди. Бобосининг мардонавор руҳини, қудратини, жасоратини кўксига кўчиради. Чунки ҳамият, жасорат, орият болакайнинг қалбида, танасида ниш ураётган йигитликни суғориб туради...

Ана шу серсавол болаларнинг улғайганини, танаси кучга, тафаккури билимга, кўкси жасоратга тўлганини кўрдим. Ўтган йилнинг сўнгги ойида Мудофаа вазирлиги таклифи билан бир гуруҳ ёш ижодкорлар билан Чирчиқда ўтказилган жанговар ҳарбий тайёргарлик жараёнининг кузатувчиси бўлдик. Миллий армиямиз замонавий техника ва қуроллар билан бойиганини кўрдик. Энг асосийси, шартли душман объектини йўқ қилиш операциясида қатнашган, кўкси тоғ, кўзида ўт порлаб турган ўғлонларнинг шахти-шиддати – ҳарбий билим ва кўникмаларни юксак даражада ўзлаштиргани, руҳан ва жисмонан чиниққанини намоён этди. Уларнинг юраги «лов» этиб олов олгудек. Ўзи каби юраги ҳам жанговарликка шай! Ҳарбий хизматчилар юрт тинчлиги, эл хотиржамлиги учун ҳамиша сергак яшайди. Айниқса, бугун дунёда давлатлар ўртасида ихтилофлар юзага келаётган, курашлар авж олаётган, ғараз ниятли гуруҳ ва тўдалар ҳаракатлар пайида турган паллада Ватан ҳимояси масъулияти жасур ўғлонларни доимо сергакликка, ҳушёрликка чоғлантиради.

Ҳар бирининг юзида ўз қуёши бор. Ёнида турсангиз руҳингиз қувватланади. Суҳбати қисқа-ю, сўзи қатъий. Самимийлигида садоқати акс этиб туради. Сени туққан онангга, тарбия берган отангга раҳмат, дейсанда кейин. Ҳарбий аслида шунчаки жасоратли бўлиб қолмайди. Юрт корига ярайдиган фарзандни тарбиялаган ота-онанинг жасорати ўғилга ўтади. Айниқса, она! Барча ўғиллари ҳарбийликни танлаган, аёнки, фарзандлари хизмат юзасидан турли ҳудудларда яшаб юрган, ўзи эса «кенг ҳовлининг келинчаги» бўлиб қалбидаги меҳр ва соғинчини сандиғига жамлаб ўтирган қанча ўзбек оналари бор. Хаёл бехос кўча эшикка бошлаб, йўл қарайверса-да, юрт тинчлиги, эл фаровонлиги, фарзандлари бахту саодатини тилаб ҳамиша дуода бўладилар. Уларнинг дуоси билан ҳам юрт қўрғонлари мустаҳкам экани шубҳасиздир. Онанинг жасорати фақат фарзандни дунёга келтиргани, оқ ювиб, оқ тараб улғайтирганида эмас, юрт корига ярайдиган, қалқон бўладиган жасур ўғлон этиб тарбиялаганида... Акамни нон тишлатиб армияга кузатган онам чит халтада осиғлиқ турган нонга ҳар кўзи тушганида, «бошинг омон бўлсин, болам» деб кўз ёши қилар эди. Бир умр ҳарбий хизматчи бўлган эр йигитнинг онаси метин иродали бўлар экан. Аслида ҳам ирода жасоратни таъмин этиб беради.

Бир шоир инимизнинг «Бронежилет остида ҳам юрак бор» шеъри ажойиб қўшиқ бўлибди. Шу сатрнинг ўзи ҳарбий хизматчи ўғлонларнинг кўнгил кечинмаларини англашга ундайди. Ҳарбий хизматчининг юраги улканроқ демак, соғинчиям, меҳриям улкан бўлади. Юртга хизмати ҳам каттароқ бўлади, ҳарҳолда, мен шундай тушунаман. Эл-юртга садоқати, муҳаббати ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Улар бор – она Юрт сарҳадлари мустаҳкам. Улар бор – халқимиз осойишта ҳаёт кечиряпти.

Байрам дастурхонидан баҳраманд ўтириб, дўстимни табриклагани қўнғироқ қиламан:

– Алло, қаердасан, тани-жонинг соғ бўлгур?

– Ошна, хизматдамиз...

– Борингга шукур! Борларингга шукур!

Ўғлим югуриб келиб, сўзимни бўлади: «Амакимга айтинг, мен ҳам аскар бўламан!» Гўшакдан эшитиб турган дўстим кўнглимни кўтаради:

– Бўлади! Шуни ният қилибдими, бўлади, – телефонни аста ўғлимнинг қулоғига тутаман, – сўрагин-чи, аскар нима дейиши керак?!

Ўғлимга имлайман. У қаддини ғоз тутиб, бор овозида ҳайқиради:

– Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!!!

Фахриддин ҲАЙИТ, Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси, «Ёшлик» журнали бош муҳаррири

Информеры