2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҒАЛАБА БИЛАН БОШЛАНДИ

Бирлашган Араб амирликларида ҳисоб бўйича 17-Осиё Кубоги баҳсларига старт берилди. Миллий терма жамоамиз 7-марта Осиё чемпионатининг финал босқичида совринли ўринлар учун кураш олиб боради.

Аргентиналик мураббий Эктор Купер бошчилигидаги ҳамюртларимиз мусобақа доирасидаги дастлабки баҳсни Уммон футболчиларига қарши ўтказишди. Бу ўйин қийин кечиши олдиндан маълум эди. Зеро, шу вақтгача Ўзбекистон ва Уммон терма жамоалари 5 марта ўзаро тўқнаш келган ва бу ўйинларда вакилларимиз бир марта ғалаба қозониб, 4 та баҳсда мағлубиятни тан олишга мажбур бўлишган эди.

Ҳар икки жамоа учун муҳим аҳамиятга эга бўлган навбатдаги учрашув ҳам кескин курашларга бой бўлди. Тан олиш лозимки, ўйиннинг аксарият қисми уммонлик футболчиларнинг устунлиги остида ўтди. Бунга терма жамоамиз мураббийларининг асосан ҳимоя тактикасидан фойдалангани сабаб бўлди. Натижада терма жамоамиздан чиройли ва ҳужумкор ўйинни кутган мухлисларимиз баҳсни хавотир ва ҳаяжон остида кузатишга мажбур бўлишди. Бахтимизга, бу сафар омад ҳамюртларимизга кулиб боқди. Уммон футбол федерацияси раҳбариятининг Ўзбекистон термаси устидан қозониладиган ғалаба учун катта мукофот пули ажратганлиги рақибларимизни фақат ҳужумкор  ўйинга руҳлантирганлиги шубҳасиз. Улар дастлабки дақиқаларданоқ ҳудудий устунликни ўз қўлларига олиб, бир қатор хавфли ҳужумлар уюштирдилар. 34-дақиқага келиб футболчиларимизнинг саноқли қарши ҳужумларидан бири рақиб жарима майдончаси яқинида ўйин қоидасининг бузилишига олиб келди. Жарима зарбасини аниқ амалга оширган жамоамиз сардори Одил Аҳмедов мусобақа безагига айланиши мумкин бўлган ажойиб гол муаллифига айланди – 1:0. Иккинчи бўлимда асосий эътиборни ҳужумга қаратган уммонликлар бир қатор хавфли вазиятларни юзага келтирдилар ва бу 72-дақиқага келиб ўз самарасини берди. Ҳимоячиларимизнинг қўпол хатоси туфайли дарвозабонимиз билан яккама-якка ҳолатга чиқиб борган Муҳсин Ғассоний ҳисобни тенглаштиришга эришди. Шундан сўнг, Эктор Купер майдонга тезкор футболчиларимиздан Икром Алибоев ва Элдор Шомуродовни туширди. Бу ўзгаришлар жамоамиз ўйинига ижобий таъсир кўрсатди. 86-дақиқага келиб айнан шу икки футболчи иштирокида амалга оширилган қарши ҳужум Элдорнинг аниқ зарбаси билан якунланди – 2:1. Кучли рақибнинг ҳар қанча уринишига қарамай, ҳисоб ўйин охиригача ўзгармай қолди ва терма жамоамиз нуфузли мусобақадаги биринчи ва муҳим ғалабани қўлга киритди. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, бу ғалабага кўплаб хавфли вазиятларда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган, Осиё чемпионатида иштирок этиш бўйича мутлақ рекордчига айланган (5 марта) моҳир дарвозабонимиз, жорий йилда 36 ёшни қарши оладиган тажрибали Игнатий Нестеров катта ҳисса қўшди.

П. САЙДИВАЛИЕВ 

Информеры