2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЯНГИ ЖАНГОВАР МАШИНАЛАР

Жанубий Кореянинг «Хёндэ ротем» компанияси K808 WAV (Wheeled Armored Vehicle) деб номланган янги зирҳли жанговар машинанинг (ғилдираклар формуласи 8 х 8) иккита вариантда ишланган намунасини намойиш этди. Янги жанговар воситанинг биринчи варианти тинчликпарварлик операцияларида иштирок этувчи бўлинмалар учун мўлжалланган, иккинчи вариант эса тиббий-эвакуация машинаси сифатида ишлаб чиқилган. Биринчи намуна Австралиянинг EOS компанияси томонидан ишлаб чиқарилган масофадан бошқарилувчи жанговар модуль билан жиҳозланган бўлиб, унга 30 мм.ли тезотар автоматик тўп ўрнатилган. Машина экипажи икки кишидан иборат, десант бўлмасига барча керакли нарсалар билан тўлиқ таъминланган ўн нафар пиёда аскар жойлашиши мумкин. WAV янада ишончли зирҳли ҳимоя ва V-симон корпусга эга бўлиб, бу НАТОнинг STANAG 4569 стандарти бўйича тўртинчи ҳимояланиш даражаси талабларига жавоб беради.

 Тиббий-эвакуация машинаси эса замбилга жойлаштирилган тўрт нафар бемор ёки ўтириш имконига эга бўлган саккиз нафар ярадорни эвакуация қилиши мумкин. Машина экипажи уч киши, яъни командир, ҳайдовчи ва тиббиёт мутахассисидан иборат. Жанговар воситанинг қўшинларга етказиб бериш учун мўлжалланган якуний варианти замбилларни автоматик равишда кўтариб-туширувчи махсус тизим билан жиҳозланади.

 Ҳозирда «Хёндэ ротем» компанияси мутахассислари Миллий мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда K808 WAVнинг қўмондонлик-штаб машинаси, ҳаракатчан артиллерия-зенит комплекси, танкка қарши ракета комплекси ва миналардан тозалаш тизими кўринишидаги янги вариантларини яратиш устида иш олиб бормоқда.

Информеры