Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид ДАВЛАТ ДАСТУРИ қабул қилинди

ҲАРБИЙ ВАТАНПАРВАРЛИК ФЕСТИВАЛИ КАТТА БАЙРАМГА АЙЛАНДИ

Бухоро вилоятида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан бир неча лойиҳадан иборат кенг кўламли тадбирлар ўтказилди.

Ҳарбийларнинг саф тортиш ва ҳарбий техникалар намойиши, ҳарбий хизматчилар ва ёшлар марафони, ҳарбий-ватанпарварлик фестивали каби тадбирлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

4 километрлик марафонда ҳарбий хизматчилар, ички ишлар органлари, фавқулодда вазиятлар ва давлат божхона бошқармалари вакиллари, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг вилоят бўлими курсантлари, мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, спортчилар иштирок этди.

– Муассасамизда ҳарбий-ватанпарварлик мавзусида турли тадбирлар тез-тез ўтказиб турилади, – дейди Бухоро енгил саноат ва педагогика коллежи ўқувчиси Достон Шарипов. – Хусусан, “Ёш чегарачилар” клуби фаолияти кенгайиб, аъзолари сони кўпайиб бормоқда. Клубнинг энг фаолларидан иборат жамоа ўтган йили “Бургутлар” республика ҳарбий спорт мусобақасининг вилоят босқичида совриндор бўлди. Эпчиллик, моҳирлик, иродалилик мазкур маҳорат кўригининг асосий талабларидан ҳисобланади. Бугунги оммавий марафонда ҳам фаол қатнашдик.

Марафон қатнашчиларини шаҳарнинг минглаб аҳолиси, жумладан, уларнинг катта қисмини ташкил этган ёшлар олқишлаб турди. Марафон иштирокчилари ортидан ҳарбийларнинг саф намойиши ва ҳарбий техникалар паради бўлиб ўтди.

Тадбирнинг якунловчи қисми 15 мингга яқин ёшлар ва жамоатчилик вакиллари жамланган “Бухоро” спорт мажмуасида давом этди. Бу ерда бўлиб ўтган “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остидаги ёшларнинг ҳарбий ватанпарварлик фестивали катта байрамга айланди.

Тадбирда миллий армиямиз Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигининг ишончли қалқонига, ёшлар учун ҳақиқий ватанпарварлик мактабига, ҳарбийлик шон-шараф ишига айлангани таъкидланди.

Фестивалда марафон ғолиб ва совриндорлари тантанали тақдирланди.

Шундан сўнг ҳарбий хизматчилар жанговар кўргазмали чиқишларини намойиш этди. Шунингдек, болалар ва ўсмирларнинг гимнастика, футбол, қўл жанги, бокс, кураш бўйича оммавий чиқишлари ҳам олқишланди.

Тадбир доирасида спорт мажмуаси яқинида ҳарбий қурол-аслаҳалар, техникалар намойиш этилди. Ёшлар ҳарбий техникалар билан танишди, аскар ва офицерлар билан суҳбатлашди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА

Информеры