Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид ДАВЛАТ ДАСТУРИ қабул қилинди

120 хонадонга мўлжалланган янги уйлар топширилди

Қарши шаҳрида 120 хонадонга мўлжаллаб барпо этилган кўп қаватли 4 та замонавий уй-жой калити Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларга тантанали равишда топширилди.

– Ҳарбий соҳада 22 йилдан буён хизмат қилаётган бўлсам, шунинг 18 йили Қашқадарёда ўтди, – дейди капитан Акбар Қиличев. – Оилам, уч нафар фарзандим бор. Шу пайтга қадар ҳарбий шаҳарчада яшаб келар эдик. Бугун менга ҳам 3 хонали квартира тақдим қилишди. Барча хоналар дид билан жиҳозланган. Олий Бош Қўмондонимизнинг биз, ҳарбийларга кўрсатган ғамхўрлигига, албатта, содиқ хизматимиз билан жавоб қайтарамиз.

Ҳарбий оркестр ва таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган Ватанни мадҳ этувчи мардонавор руҳдаги куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.

Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З. Рўзиев иштирок этди.

Андижон шаҳрида ҳарбий хизматчилар учун барпо этилган 120 хонадондан иборат 4 та кўп қаватли уй-жой фойдаланишга топширилди.

Янги уйларга кўчиб кирганлардан бири Пахтаобод тумани Себзор маҳалласида яшовчи сержант Дилмурод Тожибоев оиласидир. У 17 йилдан буён ҳарбий хизматда. Янги уй берилганидан у ҳам, турмуш ўртоғи Мавлудахон Тожибоева ҳам чексиз хурсанд.

– Оиламизга 3 хонали янги уй берилганидан беҳад шодмиз, – дейди сержант Дилмурод Тожибоев. – Икки фарзандимиз бор. Янги йил оиламиз учун қувончли бошланди. Биз бу кунни узоқ кутдик. Ниҳоят, орзуимиз амалга ошди. Бундай қувонч ҳаммага насиб этсин.

Янги уйлар ҳудудида болалар майдончаси, савдо дўкони қад ростлагани аҳолига катта қулайлик яратади.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўзга чиқди.

ЎзА материали асосида тайёрланди.

 

Информеры