Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид ДАВЛАТ ДАСТУРИ қабул қилинди

ИЛМИЙ ВЗВОДДА КИМЛАР ХИЗМАТ ҚИЛАДИ?

Давлат ва жамият бошқарувида ҳам, илм-фанни тараққий эттиришда ҳам, умуман, барча соҳа ривожида салоҳиятли ёшлар муҳим ўрин тутади. Сабаби улар жамият учун «янги қон» вазифасини ўтайди. Янгидан-янги ташаббус-ғояларни илгари суриш, замонавий тафаккур услублари ва мутлоқ янги ғояларни жорий қилишда фаол ёшларнинг нуқтаи назари ва саъй-ҳаракатлари алоҳида аҳамият касб этади.

Шу боис бугунги кунда мамлакатимиз раҳбарияти ташаббуси билан қабул қилинган «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури доирасида инновацион ва бизнес лойиҳалар ёшлар томонидан изчил амалга оширилмоқда. Замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига ола биладиган, илм-фанга чанқоқ, интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу ўринда табиий савол туғилади: жамиятимизнинг фаол бўғини сифатида Қуролли Кучлар тизимида ўсиб келаётган ёш авлоднинг иқтидори, билими ва имкониятларидан самарали фойдалана олаяпмизми?

Бугунги кунда республикамизда илм-фан ва инновация технологияларини ривожлантириш, юқори малакали илмий ва илмий-техник кадрларни тайёрлаш, илмий тадқиқотларнинг таълим ва ишлаб чиқариш билан интеграциялашуви бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу эса ҳарбий илм-фан тизимини такомиллаштириш заруратига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида «Ёшларимизга муносиб таълим бериш, уларнинг илм-фанга бўлган интилишларини рўёбга чиқаришимиз керак» дея алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Бу ўз навбатида замонавий армиямиз сафларига илмий-техник тадқиқотларни олиб бориш кўникмаларига эга бўлган иқтидорли ёшларимизни жалб қилган ҳолда Қуролли Кучларимизнинг илмий салоҳиятини янада ошириш имконини яратади.

Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-илмий ва илмий-техник ишланмалари ва инновацион фаолиятига муҳандислик-техник жиҳатидан иқтидорли ёшларни жалб қилиш, уларнинг олган чуқур билимлари ва салоҳиятини ишга солиш, илғор хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот ва таҳлилий муассасалари («ақлий марказлари») билан ҳамкорликларни кучайтириш ҳамда олий тоифали ҳарбий илмий-педагог ва илмий-техник кадрларни тайёрлаш бўйича илғор тажрибаларни ўрганишга йўналтирилган муҳим вазифалар олдимизда турибди.

Хорижий давлатларнинг ижобий ҳарбий тажрибасини ўрганиш доирасида Ҳарбий-стратегик тадқиқотлар ва илмий ишлар маркази мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тизимида илмий бўлинмаларни ташкил этиш мақсадида Россия Федерациясининг илмий роталари фаолияти ва тажрибаси ўрганилди.

Маълумот учун шуни қайд этиш жоизки, 2013 йилда Россия Федерацияси Қуролли Кучларининг илмий-тадқиқот муассасалари ва олий ҳарбий билим юртлари базасида аниқ илмий-амалий вазифаларни бажаришга мўлжалланган илмий роталар ташкил этилган. Бугунги кунда Россия Қуролли Кучларида авиация, денгиз флоти ва ҳаво ҳужумидан мудофаа, оммавий қирғин қуролларидан ҳимоя, тиббиёт хизматини такомиллаштириш, алоқа ва ахборот хавфсизлиги тизими учун амалий тадқиқотларни олиб борувчи 12 та илмий рота фаолият юритиб келмоқда.

Шунингдек, Анапа шаҳрида «ЭРА» (Элита Российской Армии) Ҳарбий инновацион технополисини тузиш доирасида яна 4 илмий рота тузилган. Бу роталар Красногорск шаҳридаги космик қўшинларни ракета ҳужумидан огоҳлантириш тўғрисида Бош марказ ва Ҳарбий ҳаво кучлари «Ҳарбий-ҳаво академияси»нинг ҳарбий ўқув-илмий маркази (Воронеж шаҳри) базасида тадқиқот олиб бормоқда.

Мазкур соҳада илғор хорижий давлатларда амалга оширилаётган тажрибаларни ўрганиш натижалари бўйича миллий армиямизда ҳам илмий фаолиятга йўналтирилган бўлинмаларни ташкил этишнинг муҳимлигини давр тақозо этяпти.

Юқоридаги талаблардан келиб чиққан ҳолда, Қуролли Кучларимизда ҳарбий-илмий фаолиятни такомиллаштириш, истеъдодли ёшларни ҳарбий-илмий фаолиятга жалб этиш йўли билан илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда ҳарбий соҳадаги илмий тадқиқотлар ва ишланмаларнинг бутун комплексини ташкил этиш мақсадида Илмий-тадқиқот институти ва Илмий бўлинмалар (взвод, гуруҳ) ташкил этсак.

Илмий взвод шахсий таркиби нима билан шуғулланади? Бундай бўлинмаларда кимлар хизмат қилади? Уларга қандай шароитлар яратилади? Бундай саволлар туғилиши табиий, албатта.

Илмий взводга қуйидаги вазифаларни қўйиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:

– инновацион ташаббуслар асосида ҳарбий-илмий ва илмий-амалий ишларни амалга ошириш;

– Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари, институтлари, илмий ишлаб чиқариш бирлашмалари, конструкторлик бюролари ва мудофаа саноати комплексининг корхоналари билан яқин ҳамкорликда мудофаа соҳасидаги инновацион илмий-тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва уларда фаол иштирок этиш;

– илмий-амалий тадқиқот лойиҳаларининг устувор йўналишларини шакллантириш ва ўтказишда ҳамда мудофаа соҳасида илғор ахборот коммуникация технологияларини татбиқ этиш бўйича инновацион лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш;

– ҳарбий таълимнинг тегишли йўналишлари бўйича таълим жараёни доирасида қўллаш учун янги ўқув дастурлар, дарсликлар ва масофавий ўқитиш воситаларини яратиш жараёнига кўмак бериш йўли билан ўқув-методик ишларнинг сифати ва даражасини ошириш бўйича рационализаторлик ва ихтирочилик фаолиятини олиб бориш;

– истеъдодли ёшларнинг ҳарбий-илмий ва инновацион фаолиятга жалб этилишини оммалаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ташкиллаштириш ва ўтказиш.

Илмий взводни муддатли ҳарбий хизматчилар билан бутлаш тартиби қандай бўлади? Чақирилувчи олий маълумотга эга бўлиши, ҳарбий хизматга соғлиғи бўйича яроқли, шунингдек, Мудофаа вазирлигига зарур мутахассисликка (техник, муҳандислик ва ҳоказо) эга бўлиши керак. Энг муҳими уларни танлаб ва саралаб олишда халқаро ва республика фан олимпиада ва танловлари ғолиблари, махсус давлат стипендиантлари, илмий ва инновацион лойиҳалар (стартаплар) иштирокчиларига кўпроқ устуворлик берилади.

Илмий взвод ҳарбий хизматчилари илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш доирасида тадқиқот жамоаларига (4 кишидан кўп бўлмаган ҳолда) тақсимланади. Илмий ишларнинг долзарб мавзуларидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир гуруҳга аниқ илмий ёки рационализаторлик вазифалари белгиланади. Шунингдек, ҳар бир ҳарбий хизматчига илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш жараёнида малакали илмий раҳбар тайинланади. Бажарилган илмий тадқиқот натижалари якка тартибда ҳар ойда илмий раҳбар томонидан мониторинг ва таҳлил қилиб борилади.

Яна бир муҳим ҳолатни таъкидлаб ўтиш жоизки, Илмий взвод ҳарбий хизматчилари муддатли ҳарбий хизматни ўташ давомида илмий ва тадқиқот фаолияти билан боғлиқ бўлмаган (навбатчиликларни олиб бориш ва бошқа) ишларга жалб этилмайди.

Илмий взводда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчилар якунлаган илмий тадқиқотларини ҳисобга олган ҳолда ва илмий вазифалар натижаларига асосан ҳамда Қуролли Кучлар академияси бошлиғининг тавсифномаси билан Мудофаа вазирлигининг илмий бўлинмаларида ёки олий ҳарбий таълим муассасаларида шартнома асосида ҳарбий хизматни давом эттиришлари ёхуд куч тузилмалари, мудофаа саноати муассасаларида мутахассис (илмий ходим) лавозимида меҳнат шартномасига асосан хизмат қилиши мумкин.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида «Ҳар бир ишлаб чиқариш соҳасида тармоқ илмий-тадқиқот муассасалари, конструкторлик бюролари, тажриба-ишлаб чиқариш ва инновацион марказлар бўлиши мақсадга мувофиқдир», деб таъкидлаган эди. Қуролли Кучлар академияси қошида Илмий бўлинма ташкил этиш ташаббуси мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланиши давлат раҳбари томонидан қўйилган вазифа ижроси йўлидаги муҳим қадамдир.

Мудофаа вазирлиги тизимида ҳарбий илмий тадқиқот ва рационализаторлик ишларини кенг тарғиб этиш йўли билан миллий армиямиз сафларига иқтидорли ёшларни жалб этиб, ҳарбий илм-фан ривожининг янги тенденциялари асосида ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш устувор мақсадларимиздандир.

Полковник Азизжон ТОИРОВ,

подполковник Жахонгир АБДУРАҲИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Қуролли Кучлари Бош штаби

Ҳарбий-стратегик тадқиқотлар ва илмий ишлар маркази

Информеры