Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ДАСТЛАБКИ ВАЗИФА УДДАЛАНДИ

Шу кунларда қитъамиздаги миллионлаб футбол мухлислари эътиборини ўзига жалб қилиб турган Осиё кубоги – 2019 баҳслари тобора қизғин тус олиб бормоқда. Мусобақа доирасидаги гуруҳ босқичининг 2-тур учрашувлари ҳам бунга яққол мисол бўлади. Турнирда муваффақиятли старт олган Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи учрашувда Туркманистон футболчиларига қарши майдонга чиқди.

Ўмон терма жамоаси билан ўтказилган биринчи учрашувда қийинчилик билан эришилган ғалаба ва муҳими, бу баҳсда футболчиларимиз томонидан кўрсатилган ишончсиз ва асосан ҳимояга қаратилган зерикарли ўйин мухлисларимизнинг кўплаб эътирозларига сабаб бўлди. Шунинг учун ҳам қўшни давлатлар «дербиси»га бўлган эътибор янада ошди. Зеро, 1-турда Япония терма жамоасига қарши майдонга чиқиб, кучли рақиб билан тенгма-тенг кураш олиб борган туркманистонлик футболчилар якунда 2:3 ҳисобида мағлуб бўлганига қарамай, кўпчиликда яхши таассурот қолдирган эди. Бунинг устига 2-тур баҳси ҳамюртларимиз учун ҳам, қўшниларимиз учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эди.

 Шуни қувонч билан таъкидлаш мумкинки, хавотир ва катта қизиқиш билан кутилган мазкур учрашувда Ўзбекистон терма жамоаси ажойиб ўйин кўрсатиб, мухлислар ишончини қозонди. Учрашувнинг аксарият қисми, айниқса, биринчи бўлим ҳамюртларимизнинг тўлиқ устунлиги остида ўтди. Футболчиларимиздан бундай ҳужумкор ва чиройли комбинацияларга бой ўйинни кутмаган рақиб жамоа қандай қилиб бир бўлимда кетма-кет тўртта гол ўтказиб юборганини ҳам сезмай қолди. Ўмонга қарши ўтказилган биринчи баҳсдан тўғри хулосалар чиқарган терма жамоамиз мураббийлар штаби бу учрашувда Достон Ҳамдамов ва Элдор Шомуродовни асосий таркибда майдонга туширди ва айнан шу ўзгаришлар ўйинга ўз таъсирини кўрсатди. 17-дақиқада ўнг қанотдан уюштирилган тезкор ҳужум Д. Ҳамдамовнинг ажойиб узатмаси ва Ж. Сиддиқовнинг аниқ зарбаси билан якунланди – 1:0. Олдинги баҳсдан фарқли равишда, биринчи голдан сўнг ҳимояга «ётиб олмаган» футболчиларимиз ҳужумкор ўйинни давом эттириб, 24-дақиқада рақиб дарвозабонини иккинчи бор доғда қолдирдилар. Бу сафар Э. Шомуродов гол муаллифига айланди. 40-дақиқада эса чап қанотдан уюштирилган навбатдаги тезкор ҳужум Ж. Машариповнинг аниқ зарбаси ва рақиб дарвозасига киритилган учинчи гол билан якунланди. Орадан икки дақиқа ҳам ўтмасдан, Э. Шомуродов икки ҳимоячи ва дарвозабонни ажойиб тарзда алдаб ўтиб, «дубль» муаллифига айланди – 4:0. Ҳар икки жамоа футболчиларининг кўплаб уринишларига қарамай, иккинчи бўлимда ҳисоб ўзгармай қолди. Ишончли ғалабага эришган Ўзбекистон терма жамоаси муҳим уч очкони қўлга киритди ва гуруҳ босқичи доирасидаги сўнгги тур учрашуви натижасидан қатъи назар, нимчорак финал иштирокчисига айланди.

П. САЙДИВАЛИЕВ

 

Информеры