2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙ ПЕНСИОНЕРЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ МОСЛАШИШ МАРКАЗИ

Захирага бўшатилган ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси ва адаптацияси билан ким шуғулланиши керак? Янги муҳитга мослашиши давомида уларда юзага келадиган ижтимоий эҳтиёжларни қандай қондириш мумкин? Мақолада ривожланган мамлакатлар тажрибаси мисолида мазкур масалага эътибор қаратилади ва таклифлар берилади.

АҚШ тажрибаси

Касбий реабилитация, таълим олиш ва ишга жойлашишга кўмаклашиш АҚШ ҳарбий хизматчилари ижтимоий ҳимояси ва ижтимоий адаптациясининг энг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. 1985 йилдаёқ АҚШ конгресси «Ҳарбий хизматчиларнинг таълим олишига кўмаклашишни ташкил этиш тўғрисида»ги қонунни қабул қилган. Унда университет, коллеж ёки мактаб курсларида ёхуд касбий-техник тайёргарлик йўналишлари бўйича кундузги ёки унга тенглаштирилган сиртқи таълимга ҳақ тўлаш кўзда тутилади. Мазкур дастурни молиялаштириш ҳарбий хизматчиларнинг пул таъминоти ҳисобидан ихтиёрий асосда улар хизматни ўтаётган бир йил давомида кечади. Бунда захирага бўшатилган ҳарбий хизматчиларнинг таълим олиш учун ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқи армиядан бўшатилган вақтдан бошлаб ўн йил давомида амалга оширилиши мумкин.

1990 йилларнинг охирида АҚШда захирага бўшатилган шахс­ларни иш билан таъминлаш бўйича махсус хизмат тузилган.

АҚШ фахрийлар ишлари бўйича вазирлиги. АҚШ Қуролли Кучлари фахрийлари ва уларнинг оила аъзолари учун ипотека кредитларини расмийлаштириш, ҳаётни суғурталаш, пенсия, нафақа ва имтиёзларни тайинлаш вазирликнинг ваколати доирасига киради.

Фахрийларни иш билан таъминлаш бўлими (VA), Меҳнат бўлими (DoL) ва Таълим бўлими (DoE) фахрийлар учун махсус дастурларни тайёрлайди.

Фахрийлар ишлари бўйича вазирлик таркибидаги:

Фахрийлар соғлиғини сақлаш бўйича администрация – барча турдаги тиббий ёрдамни кўрсатиш, тиббий текширувдан ўтказиш, клиника ва ҳудудий тиббиёт марказларининг иши учун;

Фахрийларнинг имтиёзлари бўйича администрация – фахрийнинг биринчи рўйхатга олиниши, ҳуқуқлари белгиланиши, шунингдек имтиёз ҳамда нафақалар, уй-жой, суғурта, касбий реабилитация ва бандлик, таълим, компенсация ва пенсия сингари бешта асосий йўналиш бўйича жавоб беради.

Англия қонунчилигида

Англия қонунчилиги ҳарбий хизматдан бўшатилгандан сўнг жамият ҳаётига мослашиш жараёни осон кечиши мақсадида ҳарбий хизматчиларнинг таълим олиши учун кенг имкониятлар яратади.

Қуролли Кучлардан захирага бўшатилгандан сўнг ҳарбий хизматчи ва унинг оила аъзолари Британия Қироллик легионининг ўқув марказларида қайта тайёргарликдан ўтишлари мумкин.

Захирага бўшатилаётган ҳарбий хизматчилар адаптацияси ва уларни ҳимоялаш Англия ижтимоий сиёсатининг қуйидаги ўзига хос хусусиятларида акс этади:

барча чора-тадбирлар давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади;

мудофаа вазирлиги захирага бўшатилган ҳарбий хизматчиларга, кўпи билан бўшатилишидан уч йил олдин ва бўшатилгандан сўнг бир йил давомида фуқаролик ҳаётининг янги шароитларига мослашишда ёрдам кўрсатади;

ҳарбий хизматчилар камида беш йиллик ҳарбий хизматдан сўнг қайта тайёргарлик ҳуқуқига эга бўладилар;

ҳарбий хизматчилар мудофаа вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган тизимдан ташқари қайта тайёрлаш курсларининг ҳақини тўлаш бўйича грант олиш ҳуқуқига эга.

Захирага бўшатилган Британия ҳарбий хизматчиларининг ижтимоий ҳимояси ва ижтимоий адаптацияси мажбурий тартибда қайта тайёрлаш, иш билан таъминлаш ва ижтимоий таъминот масалалари бўйича махсус экспертлар гуруҳи томонидан ўтказилаётган консультация тадбирларини ўз ичига олади.

Бўшатиладиган ҳарбий хизматчилар билан олиб бориладиган ижтимоий ишлар улар пенсияга чиқишидан икки йил аввал бошланади. Бунда хоҳлаган меҳнат фаолияти турини аниқлаш мақсадида бўшатилишидан олти ой олдин суҳбат ўтказилади ва ҳарбий хизматчини қайта тайёрлаш зарурати белгиланади.

Махсус федерал хизмат

Германия Федератив Республикасида махсус федерал хизмат ташкил этилган. Ҳарбий хизматчиларнинг касбий тайёргарлик масалалари мазкур хизмат эътибор марказида бўлади. Федерал хизмат ходимлари ҳарбий хизматчилар билан ишни улар армияга чақирилгунигача бўлган пайтда бошлаб, хизмат даврида олиб борадилар. Захирага бўшатилган ҳарбий хизматчи янги иш жойига жойлашгандан сўнггина уларнинг иши якунига етган ҳисобланади.

Федерал хизмат томонидан қуйидагилар:

захирага бўшатилган ҳарбий хизматчиларга иш излаб топиш ва ишга жойлашишда ёрдам кўрсатиш;

янги лавозимга тайинланиш муносабати билан бошқа яшаш жойига кўчиб ўтиш бўйича эҳтимолий харажатларнинг ўрнини қоплаш;

захирага бўшатилган ҳарбий хизматчи зарур меҳнат унумдорлигига эришмаса, иш берувчига компенсация тўлаш;

бўшатилаётганларнинг айрим тоифаларига махфий ҳужжатлар билан ишлаш рухсатномалари ва махсус резервлаштириладиган жойларга мувофиқ давлат хизматидаги ишга йўлланма бериш амалга оширилади.

ГФРда ҳарбий хизматчи ҳарбий хизматни ўташ даврида, хизмат муддати тугагандан сўнг фуқаролик ҳаётига интеграциялашув воситасига айланувчи касбий тайёргарликнинг ҳар хил турларида бепул ўқиш имкониятига эга.

Қуролли Кучлар сафидан бўшатилган ва чақирувгача ҳеч қаерда ишламаган ҳарбий хизматчиларга, уларда фуқаролик мутахассислиги бўлган тақдирда, Бундесвер иш излаб топишда кўмаклашади.

Касбий мобиллик миссияси

Франция қонунчилигига кўра захирага бўшатилаётган ҳарбий хизматчига ишга жойлашиш учун лавозимлар резервини тақдим қилиш белгиланган.

Мудофаа вазирлигида «Касбий мобиллик миссияси» ҳарбий хизматчилар ва оила аъзолари касбий ва таълим тайёргарлигини молиялаштириш, режалаштириш ҳамда ташкиллаштириш билан шуғулланади.

Захирага бўшаш арафасида ҳарбий хизматчи касбий қайта тайёргарликни қуйидагича амалга ошириши мумкин:

танланган мутахассислик бўйича умумий ориентировка бериладиган тўрт кунлик курсларда;

ҳарбий хизматни якунлаётган офицерлар уч ёки беш ойлик қайта тайёрлаш курсларида;

касбий қайта тайёргарлик бўйича ҳарбий хизматнинг сўнгги олти ойида унтер-офицерлар учун ташкил этиладиган махсус курсларда;

ишлайдиган корхонасида амалиёт ўташ вақтида.

Мазкур курсларни молиялаштириш ва таҳсил олувчиларнинг тўлиқ пул таъминоти Мудофаа вазирлиги томонидан амалга оширилади. Бунда ҳарбий хизматчи фуқаролик мутахассислиги бўйича таҳсил олиш учун икки ойлик таътил ҳуқуқига эга.

Хулоса ва таклиф

Юқоридагиларни умумлаштириб айтиш мумкин: АҚШ, ГФР, Англия, Франция ва бир қатор бошқа ривожланган мамлакатларда аскар, сержант ва офицерлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялашнинг самарали тизими юзага келган. Улар қуйидагиларни ўз ичига қамраб олади:

ҳарбий хизматчиларга пул таъминотини тўлаш кафолати;

бепул ва имтиёзли хизмат кўрсатиш;

уй-жой билан таъминлаш мажбурияти;

бўш вақтни ташкиллаштириш, таълим олиш ҳамда уни такомиллаштириш имконияти ва бошқалар.

Хорижий мамлакатлардаги ҳарбий хизматчиларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоялаш муаммоларининг таҳлили:

мазкур соҳада давлат ва жамият олдида турган масалалар комплексига аниқлик киритиш имконини беради;

мамлакатимизда ушбу вазифани ҳал этишнинг оптимал йўлларини танлашга шароит яратади;

ҳарбий хизматчиларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоялашнинг қонунчилик базасини шакллантиришга шароит яратади.

Захирага бўшатилган ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий таъминоти, меҳнат ва ижтимоий адаптацияси, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда уларнинг касбий ва маънавий потенциалидан фойдаланиш бўйича хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий пенсионерларининг ижтимоий мослашиш марказини ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўларди.

Қисқа муддатли психологик адаптация, касбга йўналтириш курсларини ташкил этиш, ҳарбий пенсионерлар бандлигини таъминлаш, уларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш бўйича бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш каби вазифаларни марказнинг фаолият доирасига киритиш керак.

Таклиф юзасидан фикр ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.

Подполковник Қаҳрамон КАМОЛОВ,

Мудофаа вазирлиги Кадрлар бош

бошқармаси бошқарма бошлиғи

Информеры