Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

МУҚАДДАС ЮРТ ПОСБОНЛАРИ

Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг таассуротлари ва армиянинг ҳаётида тутган ўрни ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини тинглаганда, уларнинг қалбида аждодларимизга хос мардлик, шижоат туйғулари жўш ураётганини сезамиз. Қувонарлиси, улар юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек эзгу ишга ўз ҳиссаларини қўшаётганидан фахрланишларини бот-бот таъкидлашади. Муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар – Ҳасанбой Ибрагимов ва Хуршид Қурбоналиев ҳам қалби фахр-ифтихор ҳисларига тўла ана шундай ёшлар сирасидан.

– Ватан ҳар бир инсон учун муқаддас ва мўътабар, – дейди оддий аскар Ҳасанбой Ибрагимов. – Боболаримиз шу заминни деб курашганлар, керак бўлса, унинг учун жонларини тикканлар. Бунга олис ва яқин тарих гувоҳлик беради. Улуғ саркардаларимизнинг ҳамиша уйғоқ руҳи бизни ҳушёрликка ундайди. Ватан олдидаги фарзандлик бурчимизни идрок этмоққа даъват этади. Болалигимдан ҳарбийларга ҳурматим баланд. Боиси, ҳарбийларни фидойи ва мард инсонлар деб биламан. Она заминимизни ҳақиқий ватанпарвар ўғлонларгина муносиб ҳимоя қила оладилар. Мен ҳам Ватан ҳимоячиси, деган юксак шарафга эришдим. Юрт тинчлиги ва осойишталигига дахлдор инсонлар сафидан жой олдим. Бундан ғурурланаман. Мен ҳарбий хизматни йигитлар учун тобланиш, чиниқиш мактаби деб биламан. Бу мактабнинг сабоғи бир умрга татийди.

Армияда жисмонан ва маънан чиниқдим. Бурч, садоқат, фидойилик ва масъулият ҳисси эр йигит учун нечоғлиқ аҳамиятли эканлигини тушундим. Ватан туйғуси, ота-она ва яқинлар меҳрининг нақадар азиз эканлигини ҳис қилдим. Юртимиздаги фаровонлик, осойишта ҳаёт ўз-ўзидан бўлмаётганини, бу ҳарбий хизматчиларнинг туну кун қилаётган  хизмати ҳосиласи эканлигини англаб етдим.

Мен юртимни севаман. Бу ҳис менга доим куч-қувват бағишлайди, Ватан учун улуғ ишлар қилишга ундайди. Келажакда ўқиб-ўрганиб, юртга муносиб фарзанд бўлишни, унинг равнақига, тинчлигини таъминлашга ҳисса қўшишни орзу қиламан.

Айни вақтда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округда ўз йигитлик бурчини адо этаётган оддий аскар Хуршид Қурбоналиев муддатли ҳарбий хизматга қадар Тошкент маданият коллежини тамомлаган. Қашқар рубобини маҳорат билан чаладиган қаҳрамонимиз қўшиқни ҳам маромига етказиб куйлайди. Суҳбатимиз аввалида «Болалигимдан санъатга меҳрим алоҳида», дея орзуларини биз билан ўртоқлашган Хуршиднинг ҳарбий хизмат ҳақидаги таассуротлари бир олам. Келинг, унинг сўзларига қулоқ тутамиз.

– Ҳарбий хизмат сермазмун кечяпти. Бу ҳаётимнинг унутилмас давридир. Айни вақтда зиммамга юклатилган вазифани сидқидилдан бажаришга интиляпман. Дўстларим кўп. Улар мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган. Ҳамма бир-бири билан иноқ, бир-бирига елкадош, кўмакчи. Биласиз, ҳарбий хизмат жараёнида интизом ва озодаликка катта эътибор қаратилади. Буларнинг ҳар иккиси уйғунликда ҳарбий хизматнинг дастлабки босқичларини ташкил қилади. Бу ҳақда бизга хизматга келган дастлабки кунларимиздаёқ сабоқлар берилган ва бунга доим амал қиламиз. Бу ерда ўтадиган ҳар бир кун қимматли. Бўш вақтларимиз ҳам бесамар кетмайди. Мутолаани ёқтираман. Шунинг учун хизматдан бўш вақтларимда асосан китоб ўқийман.

Ҳарбий хизматнинг менга манзур бир жиҳати, у мақсади ва маслаги бир инсонларни бир-бирига яқинлаштирар экан. Қалбан яқинлик бор жойда, жипслик, биродарлик мустаҳкам бўлади. Мана, бир йил муддат ҳам ортда қоляпти. Мен учун гўёки вақт жуда тез ўтди. Ҳарбий хизматда кўп нарсани ўргандим, тобландим. Бу мен учун энг асосийси. Кучли инсон бўлиш учун армияда хизмат қилиш керак, дерди устозларимиз. Ҳа, бу айни ҳақиқат экан.

Келажакда санъаткор бўлишни орзу қиламан. Санъаткор бўлганда ҳам ҳарбий санъаткорлар сафида хизмат қилишни мақсад қилдим. Бу истак менда ҳарбий хизмат давомида пайдо бўлди. Мақсадимга эришиш учун астойдил ҳаракат қиламан...

Инсон қалб амри билан қилган ишларидагина юқори чўққиларни забт этиши мумкин, деган экан алломалардан бири. Зеро, қалб даъвати инсонга доим далда ва мадад бўлади, олис манзиллар, улуғ ишлар сари етаклайди. Тўғри, бу биз ўйлаганчалик осон кечмаслиги мумкин. Лекин қалбда муваффақиятга бўлган ишонч ва метин ирода бўлса, бу йўлда ҳар қандай қийинчилик чикора.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры