2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МЕН ҲАМ АСКАР БЎЛАМАН

Хизмат таътилига декабрь ойининг иккинчи ўн кунлигида чиқиб, одатдагидек ота-онамни кўргани қишлоққа бордим. Ҳовлига кириб боришим жиянларимнинг боғча ва мактабдан қайтадиган вақтига тўғри келди. Ота-онам билан кўришиб, дастурхон ёзилиб, энди суҳбат бошлаган ҳам эдикки, кичкинтойларнинг ҳовлида овозлари эшитилди. Мен жиянларга «совға» бўлиш учун зудлик билан уйдаги кўрпачалар тахламининг орқасига яшириндим. Иккита жияним бирин-кетин салом бериб бувисининг олдига кириб келди ва уйга ким келганини сўрашди. Онам уларга ҳеч ким келмаганини айтди, лекин зийрак кичкинтойлар ташқарида «бегона» туфли турганини, албатта меҳмон келганини ва ким эканини сўрашди. Менинг сабрим чидамай яширинган жойимдан чиқдим. Улар менга бараварига салом бериб, қучоғимга отилишди. Мен ҳарбийчасига «Салом ўртоқ кичкинтойлар» – дедим. Шунда улар бараварига қўлини бошининг четига қадаб, «ассалом» – деб жавоб қайтаришди. Уларга ширинликлар улашиб, боғчадаги янгиликлардан сўрадим. Улар бир-бирига навбат бермай, барча «янгиликлар»ни сўзлаб беришди. – Катта дада (мени шундай атаб чақиришади) бизнинг боғчани кўп-кўп катта аскарларнинг расмлари билан чиройли қилишди. Жуда чиройли аскарлар автоматлари, каскалари самалот, вертолот (самолёт, вертолёт демоқчи)лари бор.

– Нимага боғчани расмлар билан чиройли қилишди экан-а? – деб сўрадим атайлаб.

– Билмайсизми, ростдан билмайсизми? 14 январь учун-да? Байрам-ку – жавоб беради, қизишиб, худди шуни ҳам билмайсизми дегандек.

– Қанақа байрам?

– Мен айтай, катта дада, дейди қизалоқ жияним.

– Йўқ ўзим, дейди акаси. Бир пасда талашиб кетишади.

– Олдин қизлар айтсин, бўлмаса катта даданг кетиб қолади, шаҳарга, – деди онам суҳбатга аралашиб.

– Булар шунақа меҳмонни ўз ҳолига қўйишмайди, бемалол гаплашишнинг ҳам иложи йўқ, жуда тўполончида, катта дадаси.

– Шунинг учун яхши кўраман-да буларни, қолаверса мен меҳмон эмасман, – жавоб қилдим онамга. Акаси синглисига навбат берди. У эса менга тушунтира бошлади.

– 14 январь – Ватан ҳимоячилари байрами. Биз байрам қиламиз. Шеърлар айтамиз, ўйинга тушамиз, билдингиз, – деди. – Биз югуриш, сакраш мусобақаси ўйнаймиз, ўтган гал байрамда югуришда боғча бўйича чемпион бўлганман. Менга Билол акам баракалла, сен чемпион бўласан деган. (Билолдин Мирзараҳимов бокс бўйича ёшлар ўртасида Осиё чемпиони, ҳамқишлоғимиз.)

– Билолдинга ҳавас қилиб, қишлоқнинг ўспиринлари боксга қатнаяпти. Югуриш мусобақасида жиянинг биринчи ўринни олибди, шу куни Билолдин ҳам боғчада бўлган экан, уни кўриб, «баракалла чемпион», деганмиш, шундан бери кимни кўрса мақтаниш билан овора, – деб изоҳ берди онам.

– Агар чемпион айтган бўлса, албатта жияним чемпион бўлади, шунда қишлоқда иккита чемпион бўларкан-да, – дейман. Шу вақт суҳбатимиз бўлиниб, уйга 3-синфда ўқиётган жияним – кичкинтойларнинг акаси кириб келди.

– Мана «бастакор» ҳам келди, энди мусиқа бўйича суҳбатлашамиз, – деди онам мени янги мавзуга тайёрлаб.

– Мусиқа оламида нима гаплар жиян, – сўрайман ундан.

– Мен пианино чалишдан туманда иккинчи ўринни олдим. Энди вилоятга чиқар эканман, устозим айтди.

– Акам биринчи ўринни ололмади. Мен югуришдан биринчи ўринни олдим, зўр-а? – гапга аралашади укаси.

Нима дейишни билмайман.

– Биринчи ўрин аъло дегани, иккинчи ўрин яхши дегани иккаласи ҳам зўр. Иккинчи ўрин ҳам вилоятга чиқади-а, катта дада менга жавдираб қарайди акаси.

– Албатта устозингиз айтган экан-ку, – дейман.

– Ана айтдим-ку, хурсанд бўлиб кетди, у.

Суҳбатимиз то укамлар (ҳаммалари ўқитувчи) кичкинтойларнинг дадаси, онаси, иккита амакиси келгунча, шу тарзда давом этди. Укамлар уйга кириб, мен билан кўришиб бўлгач, ўртанча укам (бошланғич синф ўқитувчиси) «Ҳурмат» – деди. Кичкинтойлар баравар «Ассалому алайкум», – деб жавоб беришди.

– Уйда ҳам ўқитувчимиз-да, ака. Мана шу уччаласининг саволига жавоб бергунча вақт алламаҳал бўлади. Энди дарсимизни қиламиз, катталар гаплашади. Қани нариги уйга – дарсга, буйруқ берди муаллим. Кичкинтойлар норози оҳангда секин қўзғалишди.

– Ака телевизорда кўрдик, қойил, ҳарбийларимизга, – гап бошлади укам. – Тўғриси, ғурурланасан киши. Ҳеч кимдан кам эмасмиз. Илгари киноларда кўрардик. Бугун биз ҳам «Ватанпарварлик ойлиги» доирасида туман мудофаа ишлари бўлими билан ҳамкорликда тадбир ўтказдик. Ҳарбийлар келди, ўқувчилар билан учрашишди. Вақт чегараланган, лекин ўқувчиларнинг саволи тугамайди. Ёшларда ҳарбийликка қизиқиш катта. Жиянингиз ҳам мақтанишни ўрнига қўяди. Катта дадам ҳарбий, унинг танки, автомати бор, деб боғчада ўртоқларига гап бермайди. Кечқурун ойисига: – Сизлар ухланглар, мен сизларни қўриқлайман, катта дадамга ўхшаб, дейди. Телевизорда ҳарбий ўқув машқларни кўрсатганида маҳаллада кимдир ҳарбийлардан бирини сизга ўхшатибди, келиб онамга айтибди, бир пасда маҳаллада гап бўлиб кетди. Кеча тадбирда ҳам мактабимиздан чиққан ҳарбийлар қаторида сизни ҳам устозлар эслаб ўтишди. Қишлоқни фахрисизлар, ака, биз ҳам ғурурланамиз.

– Сизлар тарбиялаб юборган ёшларни биз ҳарбий касбга ўргатяпмиз. Бирор ютуққа эришаётган бўлсак, албатта бу мактабдаги устозларнинг меҳнати, – дейман камтарлик қилиб.

– Тўғрику-я, лекин барибир сизларнинг меҳнатингиз кўп, бу ерда. Ҳарбийлик осон касб эмас. Ҳар кимга ҳам эмас, бу касб. Президентимиз ҳарбийларни китобга ўхшатдилар. Жуда тўғри ўхшатиш. Ҳарбийлардан ўрнак олсак бўлади. Бу йил «Ватан ҳимоячилари куни» байрамига бағишланган тадбирлар жуда кенг қамровда ўтказиляпти. Ёшу қари ҳамма жалб этилган, десам ишонаверинг. Боғча, мактаб, маҳалла ҳамма ерда давом этяпти. Ўқувчиларнинг ҳарбий қисмларга экскурсияси ташкил этиляпти. Армия билан халқ якдил деган гап амалда ўз ифодасини топяпти. Газетада ўқиб қолдим. Яқинда разведкачиларимиз Англияда биринчи ўринни олишибди-а?! Э, қойил!

– Миллий армиямизда ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга ошириляпти. Бир сўз билан айтганда Ватан ҳимояси ишончли қўлларда, – дедим мен.

Қисқа муддат қишлоқда бўлганимда мен кичкинтойларни ҳар галги талаби бўйича эрталаб боғчага олиб бордим. Улар айтган катта-катта аскарлар расмларини кўрдим, боғча тарбиячилари, болалар билан гаплашдим, кичкинтойлар ҳам менинг ҳарбий эканимни «реклама» қилишиб, гуруҳларидаги ўртоқларига роса мақтанишди. Беғубор болаларнинг менга ҳавас билан қараб туришини кўриб, (бундай қараш фақат болаларга хос) тўғриси танлаган касбимдан яна бир бор фахрланиб кетдим.

Бу йилги «Ватанпарварлик ойлиги» жонажон Ўзбекистонимизнинг барча гўшаларида кўтаринки руҳда ўтказилди. Кексалар юрт посбонларини дуо қилди, ёшлар «Мен ҳам аскар бўламан», дея армия сафларида хизмат қилишга шайланди, кичкинтойларда эса ҳарбий бўлиш орзуси уйғонди. Бу жараённи кўзингиз билан кўриш, унда иштирок этиш, завқланишни истасангиз, қишлоққа боринг.

Сержант Носирхўжа ХОДИБОЕВ

Информеры