2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЯНГИ ЖАНГОВАР МАШИНА

«Польша мудофаа холдинги» ва «Концепт Sp» фирмаси мутахассислари ҳамкорлигида яратилган LPU-4 «Вирус» русумли зирҳли жанговар машина биринчи марта 2017 йилнинг сентябрь ойида Кельц шаҳрида бўлиб ўтган халқаро кўргазмада ҳарбий мутахассислар эътиборига ҳавола этилган эди. Янги машина очиқ кузовга эга бўлиб, унинг асосини хром-молибденли пўлатдан тайёрланган мустаҳкам каркас ташкил этади. Автомобилнинг туб қисми НАТОнинг STANAG 4569 стандарти бўйича 1-даражага мос келувчи минага қарши ҳимояга эга. Машинага композит материаллардан тайёрланган ён ва орқа эшиклар ўрнатилиши мумкин. Том қисмига эса стандарт брезентли қоплама ўрнига ҳам композит панеллар ўрнатилиши кўзда тутилган. Ўриндиқлар беш нуқтали хавфсизлик камарлари билан жиҳозланган. Машинага цилиндрларнинг иш ҳажми 2,4 литр ва қуввати 180 от кучига тенг бўлган дизель двигатели ўрнатилган бўлиб, у F-34 маркали авиация ёнилғисида ишлайди. Узатмалар қутиси механик, олти поғонали. 75 литрли ёнилғи баки билан текис йўл бўйлаб юриш захираси 600 км.ни, шоссе бўйлаб максимал ҳаракатланиш тезлиги соатига 140 км.ни ташкил этади. Жанговар оғирлиги 2,6 тонна бўлган LPU-4 «Вирус»га ­1 тоннагача оғирликдаги фойдали юкланма жойлаштирилиши мумкин. Машина қиялиги 35° гача бўлган баландликлар ва 25° гача бўлган нишабликларда ҳаракатланиш, чуқурлиги 0,5 метр, эни 0,6 метрли кечув ва зовурлар, баландлиги 0,3 метргача бўлган тик деворларни енгиб ўтишга қодир. Алоқа масофаси 150 км.гача бўлган радиостанция ҳамда 7,62 ва 12,7 мм.ли учта пулемёт билан жиҳозланган.

Информеры