Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

МУДОФАА ВАЗИРЛИГИНИНГ ЯНГИ ҲАРБИЙ ИНСТИТУТИ

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида офицер кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги «Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида офицер кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультети Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтига айлантирилди.

Мазкур янгилик ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлиш учун Мудофаа вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси Ҳарбий кадрлар тайёрлаш бошқармаси бошлиғи полковник Шермуҳаммад Саидаҳматовга юзландик.

– Айтинг-чи, факультетни институтга айлантиришга нима зарурат бор эди?

– Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 28 июль куни Тошкент шаҳри Миробод туманидаги ҳарбий қисмга ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари мудофаа тизимидаги алоқа тармоқларини модернизация қилиш, жанговар ва ўқув-тайёргарлик жараёнини автоматлаштиришга доир лойиҳалар билан танишар экан, «Мудофаа тизимида энг асосийси – алоқа. Бу тизимни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш, алоқа хавфсизлигини чуқур биладиган мутахассислар тайёрлаш бўйича янги стратегия ишлаб чиқиш керак», деди. Қолаверса, Юртбошимиз аскарлар орасидан техник-муҳандислик қобилиятга эга ёшларни саралаб олиш, алоқачи мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган ўқув юртларидаги таълим ва амалиёт дастурини такомиллаштириш, ҳарбийларни замонавий рақамли технологиялар бўйича ўқитиш юзасидан топшириқлар берди.

Президентимиз белгилаб берган мазкур устувор вазифалардан келиб чиқиб, ахборот технологиялари ва алоқа соҳасида юксак малакали офицер кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳарбий-илмий тадқиқотларни ташкиллаштириш, унинг инфратузилмасини ва ўқув-моддий базасини ривожлантириш мақсадида Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультети институтга айлантирилди.

– Янги ташкил этилган ҳарбий институт олдида қандай вазифалар турибди?

– Қарорнинг 3-бандида ҳарбий институт фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари белгилаб берилган. Улар қуйидагилардан иборат:

алоқа, ҳаво ҳужумидан мудофаа, радиоэлектрон разведка ва кураш қўшинлари йўналишлари бўйича тактик бўғин офицер кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

дунё стандартлари даражасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида, шу жумладан, ахборот тизимлари ва компьютер тармоқлари дастурий таъминотини ишлаб чиқиш ва бошқариш соҳасида мутахассисларни тайёрлаш;

ҳарбий-илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш;

миллий ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида илмий-тадқиқотлар ўтказиш;

бўлажак офицерларда юқори маънавий-ахлоқий, психологик ва етакчилик сифатларини, ватанпарварлик ҳамда ўз Ватанидан ва Қуролли Кучларидан фахрланиш, Ўзбекистон мустақиллиги ғояларига садоқат туйғуларини шакллантириш, уларда кенг дунёқарашни ва интеллектуал қобилиятларни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш.

– Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти қайси йўналишда мутахассислар тайёрлаши борасида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Президент қарорининг 1-иловасига мувофиқ, ҳарбий институтда қуйидаги йўналишларда мутахассислар тайёрланади:

алоқа қўшинлари тактик қўмондонлик-муҳандислиги;

махсус алоқа ва давлат сирларини муҳофаза қилиш тактик қўмондонлик-муҳандислиги;

ахборот тизимлари ва технологиялари тактик қўмондонлик-муҳандислиги;

радиоэлектрон разведка ва кураш тактик қўмондонлик-муҳандислиги;

ҳаво ҳужумидан мудофаа радио­техника қўшинлари тактик қўмондонлик-муҳандислиги;

ҳаво ҳужумидан мудофаа зенит-ракета қўшинлари тактик қўмондонлик-муҳандислиги.

– Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультетида таҳсил олаётган курсантларнинг ўқиш жараёни қандай бўлади?

– Қарорда Мудофаа ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларига 2018/2019 ва 2019/2020 ўқув йилларида ҳарбий институтнинг тўртинчи ва бешинчи босқич курсантларининг ўқиши амалдаги ўқув дастурлари бўйича якунланиши борасида вазифа қўйилган. Қолаверса, Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультетига қабул 2019 йилдан 2021 йилгача тўхтатилади. 2016, 2017 ва 2018 йилларда ўқишга қабул қилинган, тегишли равишда учинчи, иккинчи ва биринчи босқич талабаларининг ўқиши мазкур университет базасида «Телекоммуникация технологиялари» таълим йўналиши бўйича, тегишли равишда 2019/2020, 2020/2021 ва 2021/2022 ўқув йилларидан бошлаб эса ҳарбий институт базасида амалга оширилиши белгиланган.

– Ёшларимизда табиий бир савол туғилади. Ҳарбий институтга қабул тартиби қандай амалга оширилади? Кимлар мазкур олий таълим муассасасида таълим олиши мумкин?

– Қарорнинг 6-бандида белгиланганидек, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ҳарбий институтга номзодларни саралаш танлов асосида республиканинг муҳандислик-техника олий таълим муассасаларининг 3-босқичини тугатган, ўқиш якунлари бўйича юқори натижаларга эришган, ҳарбий институтда ўқишни давом эттириш ҳамда келгусида шартнома бўйича ҳарбий хизмат ўташ истагини билдирган, шунингдек, соғлиғининг ҳолатига кўра, ҳарбий хизматга яроқли деб топилган номзодлар таркибидан амалга оширилади.

Ҳарбий институтда ўқиш ҳарбий хизматни ўташ билан тенглаштирилади. Битирувчиларга «лейтенант» ҳарбий унвони ва давлат намунасидаги диплом берилади.

– Юқорида ҳарбий институт вазифаларини санаб ўтганингизда ҳарбий-илмий тадқиқотлар ўтказилиши ҳақида ҳам айтиб ўтдингиз. Газетхонларимизга бу борада кенгроқ маълумот берсангиз.

– Президент қарорида ҳарбий институт тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган илмий-тадқиқот лабораторияси ташкил этилиши кўзда тутилган. Қолаверса, мазкур лабораториянинг асосий вазифалари ҳам белгиланган. Яъни:

фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини ташкиллаштириш ва ўтказиш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги инновацион лойиҳаларни синовдан ўтказиш ва ҳарбий институт ўқув жараёнига ҳамда қўшинлар фаолиятига татбиқ этиш йўли билан амалга ошириш;

илмий-тадқиқот лабораториясининг ўқув-илмий ва инновацион фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида олий таълим муассасалари, илмий, лойиҳа-конструкторлик ташкилотлари ҳамда хорижий шериклар билан илмий ва илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш;

Мудофаа вазирлиги қўшинларида жорий этиш мақсадида замонавий ахборот-коммуникация жиҳозларини ишлаб чиқариш учун техник вазифаларни ишлаб чиқиш.

– Ҳарбий институтнинг ўқув-моддий базасини такомиллаштириш бўйича қандай чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда?

– Қарор иловасида Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтининг ихтисослаштирилган ўқув-лаборатория синфларини жиҳозлар ва махсус ускуналар билан таъминлаш дастури тасдиқланган. Мазкур дастурга мувофиқ, Мудофаа вазирлигининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳарбий институт энг замонавий жиҳозлар, ускуналар билан таъминланади.

Самимий суҳбатингиз учун раҳмат.

Ўз мухбиримиз

Информеры