2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

РАЗВЕДКАЧИЛАР: «БИЗНИ ФАҚАТ БИРИНЧИ ЎРИН ҚОНИҚТИРАДИ»

Муаррих Шарафиддин Али Яздий жангномалар тарихида илк бор қўшинни етти қисм (қўл)га бўлиб жойлаштириш тартибини Амир Темур жорий этган, деб ёзади. Ҳарбий юришлар пайтида Соҳибқирон қўшинининг аввалида хабарчилар бўлинмаси борган... Англашиладики, Темур бобомиз жангдан олдин душман ҳақида тўпланган маълумотлар фавқулодда тактик ҳаракатларни қўллаш орқали ва қўшиннинг беталафот ғалаба қозонишига жиддий эътибор қаратган. Хабарчилар – Соҳибқирон қўшинида разведка хизматини адо этган...

2018 йилнинг август ойида Россия Федерациясининг Новосибирск олий ҳарбий қўмондонлик билим юрти дала-ўқув майдонида бўлиб ўтган «АрМИ – 2018» халқаро армия ўйинларининг «Қўшин разведкаси аълочилари» танловида ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар муносиб иштирок этиб, фахрли 3-ўринни қўлга киритди. Шунингдек, 2018 йилнинг октябрь ойида Англиянинг Брэкон шаҳрида қўшин разведкачилари ўртасида ўтказилган «Кембрия патрули» халқаро танловида қайд этган натижалари 1-ўринни эгаллаш учун кифоя бўлди!

Бу ғалабалар ўз-ўзидан бўлгани йўқ, албатта. Ана шундай зафарли юришларни бардавом этиш ва нуфузли халқаро армия мусобақаларида доим пешқадамлар сафида туриш мақсадида ўзбек разведкачилари ўз жисмоний ва интеллектуал даражасини янада такомиллаштириш устида машғулотларда жавлон урмоқда.

Фориш тоғ-дала-ўқув майдонида «АрМИ – 2019» халқаро армия ўйинларининг «Қўшин разведкаси аълочилари» танловига округ миқёсида ҳозирлик кўраётган ҳарбий хизматчиларнинг жанговар машғулотлари, вазифаларни адо этишдаги абжирлигини синовдан ўтказишда халқаро мезонлар талаби дастуриламал бўлди.

– Мусобақада ҳарбий хизматчилар разведка бўлинмалари тўлиқ таркибда ва жанговар экипировкада 22 та тўсиқдан, жумладан, тахта ва тошдан қилинган тўсиқлар, тик девор, узун устунли симли тўсиқ, сувли ҳандақ ва узунлиги 800 метрдан кўпроқ бўлган НАТО стандартидаги тўсиқлардан ўтиши талаб этилади, – дейди катта лейтенант Никита Литвиненко. – Айни дамда шахсий таркиб ана шундай мураккаб тўсиқларнинг айримларини забт этишмоқда. «Разведкачи сўқмоғи» тўсиқлари йўлагини енгиб ўтишда ҳарбий хизматчилар ўзларининг бор жисмоний имкониятларини намойиш этишмоқда. Жорий йилги танловларда фақат юқори ўринларни эгаллашни мақсад қилганмиз.

«Разведкачи сўқмоғи» тўсиқларининг оловли йўлагида тирсакда ҳаракатланиш, нишонга олиш ҳамда биргаликда ҳаракатланаётган сафдошининг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда қўйилган вазифани бажариш; темир симдан навбатма-навбат зудлик ва аниқлик билан ўтиш машқлари, айниқса, ғолибликка даъвогарларни тоблайди.

Алибек ОМОНТУРДИЕВ

Информеры