2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

НАФАҚАГА ЧИҚ(МА)ГАН ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР

Улар ҳамон Ватан хизматида

...Эрта тонг. Қуёш ҳали чиқмаган. У ухлаб ётганларни кутиб турмайди. Ўпкангни тўлдириб нафас олсанг, саҳарнинг салқинидан тананг жунжикади. Режа бўйича Мудофаа вазирлиги ёнида йиғилиб, Фахрийлар ишлари бўйича Марказий кенгашнинг бир гуруҳ аъзолари билан Шарқий ҳарбий округга йўл олишимиз керак. Гарчи белгиланган вақтдан бироз барвақтроқ борган бўлсак-да, у ерда йиғилиб турган нафақадаги ҳарбий хизматчилар – делегация аъзоларини кўриб, ўзингдан уялиб кетасан, киши. Қатъий тартиб-интизомга ўрганган, ҳаловат нелигини унутган, доимо сергак ва ҳушёр бу нафақадаги ҳарбий хизматчилар аллақачон биздан аввал келиб бўлган экан.

Шундан сўнг автобусга ўтириб, Тошкент Жанубий вокзали томон йўл олдик. Поезд жўнашига бироз вақт бор экан ҳали. Шинам ва ёруғ, кенг залда сафар олди бироз тин олдик. Бу худди баланд чўққига кўз тиккан альпинистнинг қоя пойида нафас ростлашига ўхшарди.

Бугун халқ ва армия якдиллигини таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг юртдошларимиз ичига кириб бориши, улар билан жонли мулоқотда бўлиши, пировардида эса она Ватанга садоқат билан хизмат қилишдек эзгу ва хайрли ишга бош қўшишда барча жамоат ташкилотлари жонбозлик кўрсатаётир. Хусусан, «Ўзбекистон темир йўллари» акционерлик жамияти ҳам Мудофаа вазирлиги Фахрийлар кенгашининг Шарқий ҳарбий округга эсон-омон бориб келиши учун имтиёзли билетлар тақдим этган.

...Поезддамиз. Юмшоқ ва қулай ўриндиқлардан жой олган нафақадаги ҳарбий хизматчиларнинг гурунги қарийб беш соатлик йўлни вақт машинаси каби қисқартириб қўйди. Баланд-баланд тоғларни, чамаси, бир терак тепаликда сузиб юрган пардек булутларни, борлиқни қоплаган оппоқ қорни жим кузатиб кетаётган баъзи ҳарбий пенсионерларнинг хаёлини бузиш, чалғитиш, бутун бошли тарих муҳрланган кўзига тик боқишга-да ботинолмайсан. Фақат унинг ўй-хаёллари билан қизиқасан. Бу инсон нафақадаги полковник Абубакир Деҳқонбоев. Кузатаётганимни елкасидаги кўзи билан кўрдими, билмайман, ёнига чорлаб деди:

– Биласанми, нималарни ўйлаяпман? Мен шунча йиллик ҳарбий хизматим давомида Африка, Монголия ва Афғонистондаги оловли жангларда қон кечиб, жанг қилганман. Ризқим узилмаган экан, шукур, мана шундай кунларни ҳам кўрдим. Баъзан ўйлаб қоламан, хўш, ўша пайтлари ким ва нима учун шунча жанг қилдим? Жонимни тикишга арзирмиди ўзи? Жавобини ўзинг ҳам яхши биласан. Бир гапни кўп айтаман: бугунги ҳарбийларнинг хизмати бизникидан минг карра улуғ, минг карра азиз. Чунки улар ўз она Ватанига хизмат қиляпти. Бунинг саодати бутунлай бошқача.

* * *

Ташрифнинг биринчи куни Фарғона шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмларда учрашувлар ўтказиш режалаштирилган эди. Галдаги вазифа – округларда тузилган Фахрийлар ишлари бўйича кенгаш аъзолари билан фикр ва тажриба алмашиш. Фарғона гарнизони Фахрийлар ишлари бўйича кенгаш аъзолари, сафарбарлик чақируви резерви (СЧР) батальони ҳарбий хизматчилари, ҳарбий қисм шахсий таркиби ва уларнинг оила аъзолари йиғилгач, қизғин мунозара бошланди. Фарғона гарнизони Фахрийлар ишлари бўйича кенгаш томонидан амалиётга жорий этилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар, ташаббуслар ҳақида ҳам етарлича маълумот берилди. Қолаверса, бугунги куннинг глобал муаммолари, «оммавий маданият» ниқоби остида юртимизга кириб келаётган ва ёшлар онгига салбий таъсир этаётган ёт ғоялардан сақланиш, фарзандларимизни юртимизнинг фидойи ва ватанпарвар кишилари этиб тарбиялаш борасида ҳам атрофлича фикр алмашилди.

Учрашувда Фарғона гарнизони Фахрийлар ишлари бўйича кенгаш мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, янгича ёндашувда иш олиб бораётгани ҳам алоҳида таъкидланди. Хусусан, нафақадаги ҳарбий хизматчиларнинг рўйхати тузилиб, «Суҳбатлар қайдномаси» жорий этилгани Мудофаа вазирлиги Фахрийлар ишлари бўйича Марказий кенгашнинг жойлардаги бўлимлари учун янгилик сифатида эътирофга сазовор. Унга кўра, кенгаш график асосида белгиланган муддатда нафақадаги ҳарбий хизматчилар билан суҳбат олиб боради. Ҳар бир суҳбат қайдномада ёзиб борилади ва бу тегишли хулосалар чиқариш учун асос бўлиб хизмат қилади. 

– «Биздан кейинги авлод қандай жамиятда яшайди?» деган савол ҳар биримизни қийнаши керак, – дейди нафақадаги генерал-майор Раҳматилло Отахонов. – Агар биз бор меҳримиз, куч-ғайратимиз билан бугунги ёш авлод тарбиясига жиддий эътибор қаратсак, ҳаммамиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, келгусида фарзандларимиз яшайдиган фаровон жамиятни тасаввур эта оламиз. Йўқса... тасаввуримизга сиғмайдиган нарсалар бўлиб кетиши мумкин.

Муддатли ва шартнома бўйича хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар билан мулоқот ҳам анчайин самарали бўлди. Ёш авлод вакиллари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга ҳаётий мисолларда жавоб олишди. Шундан сўнг аскарлар ётоқхонаси, ошхона ва маданий ҳордиқ чиқариши учун яратилган қулайликлар билан танишилди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Қуролли Кучларда маънавий-маърифий йўналишдаги ислоҳотларга катта урғу берилмоқда. Чунки маънавий дунёси гўзал, оламни бор ранги билан кўра оладиган кишигина Ватан олдидаги инсоний бурчини тўлақонли адо этади.

– Бундай учрашувни илк бор Самарқандда ўтказган эдик, – дейди Мудофаа вазирлиги Фахрийлар ишлари бўйича Марказий кенгаш раиси ўринбосари истеъфодаги полковник Абубакр Наврўзов. – Пенсионер деганда кўпчилик одам кўз ўнгида сўрида ёнбошлаб олиб, чой ҳўплаётган нуроний сиймоси гавдаланади. Лекин кўриб гувоҳи бўлаётганингиздек, нафақадаги ҳарбий хизматчиларнинг куч-ғайрати ҳали ҳам қирчиллама йигитларникидек.

* * *

«Ватан мард ўғлонларини унутмайди». Ҳақ гап, ватандошлар ҳам бундай мард, жасур, юрти учун жон фидо этган қаҳрамонларни хотирасидан асло ўчирмайди. Улар юракларда мангуликка дахлдор.

Фахрийлар ишлари бўйича Марказий кенгаш аъзолари иккинчи кунни ўтганлар хотирасини ёд этиш, Ватан қаҳрамонлари оила аъзолари ҳолидан хабар олиш билан бошлади.

Лейтенант Бобуржон Ғаниев 2000 йили Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида юртимиз ҳудудига бостириб кирган душманга қарши жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Отаси ҳам ҳарбий хизматчи бўлган Бобур ўша пайт 23 ёш эди. Мунаввархон ая яхши ниятлар билан ўғлини унаштириб қўйган, ҳали замон тўй қиламан, деб турганди.

– Ўғлим ёшлигидан бир сўзли, адҳидан қайтмайдиган, оила аъзолари ва яқинларига меҳрибон инсон эди, – дейди Бобуржон Ғаниевнинг онаси Мунаввархон ая. – Тақдир шундай экан, ўғлимнинг қисматида Ватан учун жон бериш ёзилган экан. Ҳақнинг ҳукми шундай бўлганидан кейин бунга кўнмоқликдан ўзга чора йўқ. Лекин ўғлимнинг юрти учун жон фидо қилганидан сира афсусланмайман. Ўйлайманки, Бобуржон сўнгги нафасини олаётганида ҳам бундай пушаймонда бўлмаган. Берган оқ сутимга мингдан-минг розиман.

Фахрийлар ишлари бўйича кенгаш аъзолари Мунаввархон аяга юрт корига ярайдиган, фидойи, мард, жасур фарзандни дунёга келтиргани, тўғри тарбия бера олгани ва она Ватан чорлаганда «лаббай» деб қаҳрамонлик кўрсатгани учун миннатдорлик билдирди. Бобуржон Ғаниев уй музейига қаҳрамоннинг портретини тақдим этди.

Кейинги манзил Риштон туманининг Пандигон қишлоғи бўлди. У ерда Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Мамадали Топиволдиев истиқомат қилган. У 1938 йили армия сафига чақирилиб, Белоруссиянинг Ломжа шаҳридаги 130-полкда ҳарбий хизматни ўтаган. 1942 – 1944 йиллар давомида Могилев вилояти Толочин туманида ташкил этилган «Чекист» партизан отрядининг разведкачи гуруҳига командирлик қилган. «Казбек» лақаби билан машҳур бўлган Мамадали Топиволдиев душманнинг асосий кучларини йўқ қилишда улкан қаҳрамонликлар кўрсатади.

Фахрийлар ишлари бўйича кенгаш аъзолари қаҳрамоннинг уйига ташриф буюриб, унинг оиласи ҳолидан хабар олди. «Зоҳидон» маҳалла фуқаролар йиғини қошида ташкил этилган уй музейида бўлиб, мактаб ўқувчилари билан суҳбатлашди.

– Қишлоқдошимиз Мамадали Топиволдиев билан доим фахрланиб юрамиз, – дейди тумандаги 34-мактаб ўқувчиси Шукрулло Анваржонов. – Қишлоғимизнинг номини айтсак, «ҳа, ўша қаҳрамонга қишлоқдош бўласанми?» дейди одамлар. Бу қалбимизни ғурурга тўлдиради. Музейга мактаб жамоаси билан тез-тез ташриф буюриб турамиз. Бугунги учрашувда ўзимиз билмаган кўплаб янгидан-янги маълумотларни олдик.

* * *

Куннинг иккинчи қисмида Қўқон шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида бўлган Фахрийлар ишлари бўйича Марказий кенгаш аъзолари у ерда яратилган шарт-шароит, қулайликлар билан танишди. Ҳарбий қисмда фахрийлар Қўқон шаҳридаги 33-мактабнинг «Турон патриот» ҳарбий-спорт гуруҳи тарбияланувчилари билан мулоқотда бўлди.

Шу билан Мудофаа вазирлиги Фахрийлар ишлари бўйича Марказий кенгаш аъзоларининг Шарқий ҳарбий округга қилган сафари ҳам якунига етди.

Ҳаётда кузатамиз. Кўпчилик кишилар «қачон нафақага чиқарканман, маза қилиб ҳордиқ олардим», деб яшайди. Мудофаа вазирлигининг Фахрийлар ишлари бўйича Марказий кенгаши аъзолари эса шунча йиллик ҳарбий хизматдан кейин ҳам она Ватан олдидаги бурчини давом эттирмоқда.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

 

Информеры