2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КУТУБХОНАДАГИ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР

Шоҳона, бироқ кутубхонасиз уйга ачинаман, деган эди замондош адибларимиздан бири. Бугун шиддат билан кириб келган ахборот технологиялари, мобиль алоқалар не чоғлик кўп бўлмасин, ҳаётимизнинг безаги бўлмиш китобларсиз умримиз кемтик бўлиб қолади. Зеро, тарих ва бугун ўртасида маънавий кўприк бўла олган бебаҳо китоблар ҳамиша бизни юксаклик сари элтади.

Яқинда Деҳқонобод туманида жойлашган ҳарбий қисмнинг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари Қарши Давлат университетининг кутубхонасига келганларида ана шундай бебаҳо китобларни кўрдилар. «Жума – маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни» муносабати билан ташкил этилган учрашувда Ватан ҳимоячилари тарихий, илмий ва бадиий адабиётлар билан яқиндан танишдилар.

 – Маънавий дунёқараши юксак бўлган ҳарбий хизматчида ватанпарварлик ҳисси ҳам юқори бўлади, – дейди катта лейтенант Жасур Норжигитов. – Шу мақсадда олиб борилаётган ишлар ҳарбий хизматчиларнинг иш фаолиятида ҳам ўз самарасини бермоқда. Бугунги учрашувда сафдошларимиз билан нафақат кутубхонадаги китобларни кўрдик, балки «ZiyoNet» интернет тармоғи орқали ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоблар олдик.

Тадбир давомида университет ўқитувчилари томонидан «Интернет сайтлари, ахборот хуружлари, унинг жамият ва инсон онгига салбий таъсири» мавзусида семинар ташкил қилиниб, унда ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга доир тушунча ва тавсиялар берилди.

Ноила ЁҚУБОВА

Информеры