Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

АЛАНГАЛАНАЁТГАН ТУЙҒУ

Пойтахтимиздаги 21-меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли полковник Журъат Якубов командирлик қилаётган ҳарбий қисмда ўтказилган очиқ эшиклар кунида иштирок этишди.

Тарбияланувчилар ҳарбий хизматчилар билан бир сафда туриб, давлатимиз мадҳиясини ижро этдилар. Сўнгра биргаликда сафда қўшиқ айтиб ўтдилар. Бу каби тантанали юришлар уларнинг юрагида ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини аланга олдиргани рост.

Юз-кўзларига қараб ҳавасингиз келадиган истарали ўғил-қизлар. Ҳаяжон ва қизиқиш билан қурол-аслаҳалар кўргазмасига киришиб кетишди. Гоҳ униси, гоҳ бунисини қўлга олиб, «ишлатиб» кўради. Бажарадиган функцияларини, имкониятларини сўрайди. Улардан бири мароқ билан иштирокчиларга тушунтириш бераётган Ватан ҳимоячисининг ҳарбий либосини ушлаб кўрди.

– Ҳарбий қисмда бўлишни, бу ердаги ҳаёт билан танишишни орзу қилардим. Айниқса, қўл жанги бўйича чиқишларни кўриб ғурурланиб кетдим. Улар орасида бир аёл ҳам бор эди. Сўрасам кичик сержант Зарина Армасова деб таништиришди. Қаранг, ўзбек қизлари хорижий фильм қаҳрамонларидан ҳам кучли экан, – дейди Юнусобод туманидаги 21-меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Камронбек Холматов.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Шайхонтоҳур туман кенгаши ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган «Хайрия тадбири»да мурувват уйи тарбияланувчиларига қимматбаҳо совғалар ҳам улашилди.

Абдулла ЎКТАМҚУЛОВ

 

Информеры