Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид ДАВЛАТ ДАСТУРИ қабул қилинди

ТУПРОҚ – У УЧУН ЖОНИДАН КЕЧАДИГАНЛАР БЎЛСА, ВАТАНГА АЙЛАНАДИ

Кимки умумий фалокат дақиқаларида Ватан халоскорлигидан бошқа бирон-бир хаёлга борса — озод давлатда яшашга ҳақли эмас.

Фридрих Максимилиан фон Клингер

Одам атонинг болалари Қобил ва Ҳобил ҳикоясидан сўнг Ҳақ ва Ботил жангининг у ёки бу тарафида ё ғолиб бўлиш ё мағлуб бўлиш инсониятнинг қисматига айланган аслида.

Йигирма биринчи асрда қутбларга бўлиниш ўрнига қучоқлашган, жанжаллашиш ўрнига суҳбатлашган, қони қайнаши ўрнига қалбларни қовуштирган жамиятгина омон қолади. Қолганларининг бари аввал тилини, маданиятини кейин эътиқодини глобализацияга қурбон бериб, энг сўнгида ҳурриятини йўқотади. Бугун инсоният даҳшатли уруш гирдобида қолди. Урушки, ўқсиз, қонсиз аммо қурбонларсиз эмас. Глобал миқёсда олиб борилаётган уруш инсонларни жисмонан ўлдиришга эмас, уларнинг шахсиятини ўлдиришга қаратилган урушдир.

Бутун дунёда бўлгани каби бу ҳолат бизнинг Ўзбекистонимизда ҳам давом этмоқда. Бугун ташқаридаги хавфлар баробарида мамлакат ичидаги мафкуравий эврилишлар, жараёнларнинг ижобий томони баробарида салбий оқибатлари ягона бир давлат ўлароқ оёқда мустаҳкам туришимизда қийинчиликлар келтириб чиқараяпти. Бу бундан қўрқиш керак дегани эмас. Бутун дунё мамлакатларининг оддий ҳаёт тарзи бу. Ҳушёр бўлишимиз керак бўлган нуқтаси эса, ҳар куни ҳар соат давом этаётган бу жангда ҳушёрликни бир он бўлса-да йўқотмаслик, ҳар қадамимизни ўйлаб, иймонимизга суяниб тадбир олишимиздир.

Мени доим ана шу хавфларнинг кушандаси бўлган ватанпарварлик деган туйғу ўзига ром қилиб келган. Бугун айнан мана шу туйғу ҳақида мушоҳада қилишга ҳаракат қиламан. Буюк олимлар, тафаккур соҳиблари ҳамиша ватанпарварлик туйғусини ҳатто энг манфур инсонни ҳам қайта тарбиялайдиган, уни шахс ўлароқ юксалтирадиган куч деб таърифлашган. Агар эсингизда бўлса, мустақилликнинг илк йилларидан сўнг бозор муносабатлари ривожлангани сари жамиятда ватанпарвар сўзини ёшлар онгида ҳақорат сифатида ишлатиш ҳоллари учрай бошлаганди. Ватанпарварлик замондан ортда қолганлик белгиси сифатида кўрила бошлаган, бу олий қадриятнинг жамиятдаги ўрнини бой беришга интилиш, моддият эгаллаб бораётганди. Ватанпарварликнинг ижтимоий ҳаётда қадри йўқола бошлаганди. Бунинг натижаси ўлароқ, ватанпарвар бўлиш фойдасиз дея кўрила бошлаганди. Айнан ана шу ҳолат, яъни телевизор ва бошқа оммавий ахборот воситаларида ватанпарварлик қанчалик улуғланмасин, ижтимоий реалликда унинг қадри пасайиши жиддий салбий оқибатларга олиб кела бошлади. Бунинг ҳам табиий маҳсули ўлароқ, ёшлар орасида (аслида нафақат ёшлар орасида) маддоҳлик ва ижтимоий иккиюзламачилик трэндга айлана бошлади. 2000 – 2010 йиллар ўртасини бир кўзингиз олдига келтириб, мушоҳада қилиб кўринг. Давлат мафкура машинаси ҳар қанча ўзини ўзи ишонтирмасин, жамият мафкуравий таназзулига қарши ҳеч бир самарали чора кўрилмади. Ёки кўрилишни исташмади. Ватанпарварлик дея маддоҳликни тушуна бошлаган ёшлар ўртасида ким ўзарга совет даврини кўр-кўрона ёмонлаш ва мустақилликнинг шарофати туфайли эришилган жаннатмакон юрт таснифи босиб кетди ҳамма ёқни. Ким реал муаммони кўтариб, унга ечим топиб таклиф берса эмас, ким жамиятда моддиятдан маънавиятни устун билса эмас, ким кўпроқ чиройли гапирса, ўша жамиятда қадр топа бошлади. Муаммони гапирган эмас, муаммо йўқ деган урра-уррачилар ватанпарвар дея баҳолана бошлади. Мақтовчилар, эътирофчилар, ташаккурчилар кўпайди, аммо ҳолатни ўзгартирувчилар камайиб бораётганди. Ўтган даврнинг хатоларидан бири деб (бу албатта мутлақо шахсий субъектив фикр!) ҳарбий ватанпарварликка қизиқишни орттириш учун (армия сафида хизмат қилишга ёшларнинг қизиқишини орттириш учун) олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёзларнинг жорий этилиши бўлган эди. Нега? Чунки бу ҳолат йигит кишининг шарафли масъулияти бўлган бурчни адо этиш учун расман «пора» таклиф қилиниши билан баробар эди. Бунинг натижасида нима бўлди? Ёшларнинг ҳарбий хизматга қизиқиши ортдими? Сонда ортди! Яна нима бўлди? Аввал армияга бормаслик учун пора берилса, энди армияга бориш учун пора бериладиган ҳолатлар пайдо бўлди. Ҳарбий хизмат давомида тавсиянома бериш-бермаслик тизимига ҳам коррупция аралаша бошлади. Энг муҳими, ҳарбий хизмат бурч эмас, олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имкон сифатида тушунила бошланди. Таъмагирлик бор жойда ватанпарварлик йўққа чиқади. Манфаат учун ўн миллион аскари бўлган армияни ундан сон жиҳатидан ўн карра, йигирма карра оз бўлган чин фидойилар, чин ватанпарварлар армияси енга олади. Чунки бир ватандош қайсидир моддиятга алоқадор манфаат учун ҳарбий хизматга келдими, агар душман у кутганидан кўпроқ манфаат берса, сотилиб кетмайди, деган кафолатни ҳеч ким беролмайди!

Чунки ватанпарварлик ҳеч бир манфаатсиз мамлакат ва давлатга ошиқ бўлишдир!

Ватанпарварлик эвазига ҳеч нарса сўрамай, кипригини қоқмасдан, ўйламасдан Ватан учун ўлимнинг юзига тик боқа билишдир!

Чунки чин ватанпарварлик Ватани йўлида ўлимни шараф деб билишдир!

Ватанпарварлик ҳеч бир манфаатсиз мазлумнинг орқасида, золимнинг қаршисида туришдир!

Хўш, бундай ватанпарварлик қандай бўлади?

Аслида ватанпарварлик қандай кўринишда бўлмасин, хоҳ чин, хоҳ сохта, у жамият ижтимоий тарбиясининг маҳсулидир. Жамиятдаги ижтимоий ҳолатнинг инъикосидир. Агарки, жамиятда фидойилик, адолатлилик қадр топса, юрт фарзандлари ҳам чин ватанпарвар бўлади. Акс ҳолда бунинг акси бўлади.

Шу сабабли ҳам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат ҳарбий салоҳиятини оширишда техник мустаҳкамлик баробарида аскарларни тарбиялаш масаласига ўта муҳим ҳаётий нуқта сифатида эътибор бераётганлиги бежиз эмас. Олий Бош Қўмондоннинг ҳарбий ислоҳотлар бошидан энг аввало аскар шахсияти ва руҳияти масаласини биринчи ўринга чиқариши халқаро экспертлар томонидан ҳарб ишида Амир Темур қадриятларининг тикланиши сифатида баҳоланди. Умуман, фақатгина ҳарб эмас, жамиятнинг тамомида адолат тамойилининг энг олий қадриятга олиб чиқилиши миллатимиз томонидан юрт раҳбарига эътиқоди ва ишончини янада мустаҳкамлади. Бунинг натижаси ўлароқ, бугунги аскарларимиз кўзига боқсангиз, аввалгидан фарқли равишда оловни, ишончни кўришингиз мумкин. Бугун юқорида таъкидлаганимиз замонавий таҳдидлар ортиб бораётган бир замонда қилиниши керак бўлган иш жамиятда чин ватанпарварлар етиштириш тизимини шакллантиришимиз, аскарларимизнинг нафақат ҳарб илми, балки сиёсий илмларини мустаҳкамлашимиз, дунёқарашини кенгайтиришга ҳаракат қилишимиз зарур.

Аслини олганда, ер юзида миллионлаб километр тупроқ бор. Агар қайсики тупроқ учун жонини берадиганлар бўлсагина, у Ватанга айланади. Йўқса, тупроқлигича қолиб кетади. Ватанпарварлик деяётганимиз муқаддас туйғу – тупроқни Ватанга айлантирадиган туйғу аввало оилада, кейин ижтимоий ҳаётда шаклланади. Бугунги беғубор болачаларимизни биз чин маънодаги ватанпарвар эркаклар қилиб тарбияласаккина, бу Ватан доимо ҳур ва озод бўлади абадийян. Сўзимнинг охирида ҳар куни ишхонамга келиб биринчи бўлиб ўқийдиганим, ҳаётимнинг дастуриламали бўлмиш дадам Камолиддин Юсуфнинг тўрт қатор мисрасини келтиришдан ортиқроқ якун бўлмаса керак деб ўйлайман:

Югурақол, асрагил, асра,

аскар бўлсин ҳар томчи қонинг!

Ўлсанг ўлу – садоқатда ўл,

Яшнаб қолсин ортингда Ватан!!!

Саид-Абдулазиз ЮСУПОВ,

Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини

қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат

фонди директори, Мудофаа вазирлиги

ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси

Информеры