2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АРМИЯГА МАРТ ОЙИДА ЧАҚИРИЛАДИ(МИ?)

Ҳар йили февраль ойидан фарзандларни тантана билан Ватан ҳимоясига кузатардик. Февралнинг биринчи ўн кунлиги ортда қоляпти ҳамки, чақирув тадбирларидан дарак йўқ. Нега?

Фуқароларимизни қизиқтираётган бу саволга жавоб олиш учун Мудофаа вазирлиги мутасаддиларига мурожаат қилдик. Қуйида шу ҳақда сўз юритилади.

ТАҲРИРИЯТ

 

Чақирув тадбирларининг февраль-март ойларида ўтказилиши чақирув ва йиғин пунктлари хоналарида белгиланган иссиқлик ҳароратини таъминлашда қатор қийинчиликларга ва сарф-харажатларнинг ортишига олиб келмоқда. Аксарият ҳолатларда ноқулай об-ҳаво шароити узоқ ва чекка ҳудудларда яшовчи фуқароларнинг ўз вақтида чақирув ва йиғин пунктларига етиб келишларига тўсқинлик қилмоқда.

Чақирув тадбирларини ўтказиш даврида йилдан-йилга такрорланиб келаётган бундай муаммоларни бартараф этиш ҳамда фуқароларга қулайликлар яратишни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2018 йил 28 ноябрда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида мамлакатимиз Президенти томонидан фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш ва белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган фуқароларни резервга бўшатиш муддатини йилнинг февраль-март ойларидан март-апрель ойларига ўтказиш бўйича таклиф берилди. Шунга асосан, Мудофаа вазирлиги томонидан «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Жорий йилдан бошлаб чақирув тадбирлари март-апрель ойларида ўтказилиши кўзда тутилмоқда.

Чақирув даврининг қиш мавсумидан баҳорга ўтказилиши муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олишга доир сарф-харажатларни камайтириш, чақирилувчилар ва уларни кузатиш учун келган ота-оналарга қулай шароитлар яратишга хизмат қилади.

Шуни қувонч билан айта оламизки, ёшларнинг муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизимини такомиллаштириш борасида қилинган кенг кўламли ишлар миллий армиямиз сафларини ҳар томонлама етук ҳарбий хизматчилар билан бутлашни сифат жиҳатидан яхшилаш имконини бермоқда.

Қуролли Кучларимиз сафини бутлашнинг мутлақо янги тартиби жорий этилди, муддатли ҳарбий хизмат муддати бир йилгача қисқартирилди, муддатли ҳарбий хизматга бир йилда бир марта чақириш тизимига ўтилди, сафарбарлик чақируви резерви хизмати жорий этилди. Муддатли ҳарбий хизмат ва шартнома бўйича ҳарбий хизматга чақирув танлов асосида ташкил қилинмоқда. Жойлардаги чақирув ва йиғин пунктлари инфратузилмасини такомиллаштириш, бу ерга келадиган фуқаролар учун қулайликлар яратиш мақсадида биноларни замонавий андозаларга мослаштириш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Чақирув ва йиғин пунктларида фаолият юритадиган тиббий комиссиялар учун зарур шароитлар яратилди, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Бунинг натижасида армия сафларига энг сара ва интеллектуал салоҳиятли йигитлар қўшилди.

Шу ўринда ўтган йилга бир назар солсак. 2018 йилги чақирув мавсуми учун 2017 йилнинг 2 октябрь кунидан 2018 йилнинг 20 январига қадар 98 минг 324 нафар чақирилувчи жисмоний тайёргарлик ва билим даражасини аниқлаш бўйича танловда иштирок этганди. Уларнинг ўртача билим даражаси 23,7 балл (2017 йилда 23,4 балл), жисмоний тайёргарлиги эса ўртача 13,5 балл деб баҳоланди (2017 йилда 13,1 балл бўлган). Мазкур танловда ҳар бир муддатли ҳарбий хизматчи ўрнига 5,4 нафардан чақирилувчи тўғри келди. Жорий йилда ҳам фидойи, садоқатли, ватанпарвар ва жисмонан бақувват ўғлонларни саралаб оламиз.

Амалга оширилаётган бундай ишлар миллий армиямиз мудофаа салоҳияти юксалишида, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашда, она юртга садоқат билан хизмат қиладиган авлод шакл­ланишида муҳим аҳамият касб этади.

Подполковник Улуғбек ҚОДИРОВ,

Қуролли Кучлар Бош штаби

Ташкилий-сафарбарлик бош бошқармаси,

чақирув бошқармаси бошлиғи

Информеры