Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ МАЪНАВИЯТИ ВА МАЪРИФАТИ

Бугун жаҳон майдонида маънавий салоҳият, ақл-заковат мусобақаси, инсонлар қалби ва онгига ҳукмрон бўлиш учун кескин курашлар авж паллага кирган. Табиийки, ҳеч қайси давлат, ҳеч қайси жамият бу жараёнлардан четда эмас. Эътибор бераётган бўлсангиз халқаро ҳаёт, кишилик тараққиёти шундай босқичга чиқдики, энди унда ҳарбий қудрат эмас, балки интеллектуал салоҳият, ақл-идрок, фикр ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Бу нимадан далолат? Бу ақлий қудратнинг жисмоний кучдан устунликка эришганидан, энди муаммо ва зиддиятларга қарши қурол-яроғ билан эмас, балки фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя билан курашишга, энг асосийси, миллий маънавиятни асраб қолишга эътиборни кучайтириш лозимлигидан далолатдир.

Мана шундай таҳликали даврда ҳарбий хизматчиларнинг ҳушёрлигини ошириш, уларда мустаҳкам ирода, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, ҳаётий ва профессионал кўникмаларни илм-маърифат асосида қалби ва онгига сингдириш, ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, бунинг учун эса қўшинларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни қарор топтириш, тарбиявий ишлар самарадорлигини ва таъсирчанлигини ошириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ўзига хос дастуриламалдир. Мудофаа вазирлиги тизимидаги тарбиявий ва мафкуравий ишлар органлари офицерларининг малакасини ошириш, билим ва кўникмасини такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган ўқув-услубий йиғинда эътибор айнан мазкур қарорда белгилаб берилган вазифалар ва уларнинг ижросига қаратилди.  Йиғин доирасида Тошкент ҳарбий округида ўтказилган тадбирда диншунос олимлар, нуфузли идоралар вакиллари маъруза қилди.

Тадбирда сўзга чиққан Тошкент ислом институти проректори Жаҳонгир Мелиқўзиев ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси Саиджалол Саидабзалов эътироф этганидек, юртимиз азалдан маданият ва маърифат ўчоғи сифатида довруқ қозонган. Беназир маънавий қадриятларимиз, анъаналаримиз, диний маърифат тарғиботи бугунги кунда ҳам комил инсон тарбиясида ўз аҳамиятини йўқотмаган. Зотан, дин барча замонларда ҳам яхшилик, эзгулик учун хизмат қилган. Эзгулик бор жойда эса осойишталик ҳам, тинчлик ҳам, тараққиёт ҳам бўлади. Инсон яралибдики, мана шу неъматлардан баҳра олиб, бахтиёр умргузаронлик қилишни, фарзандлари роҳатини кўриб яшашни истайди. Аммо фақат истакнинг ўзи билан орзуларимизга етишишимиз амримаҳол эканлигини бугун биз яқин-йироқ мамлакатларда юз бераётган сиёсий бошбошдоқликни кўриб, янаям теранроқ ҳис қилаяпмиз. Негаки, айнан йигирма биринчи асрга келиб инсон ҳаётига рахна солувчи кучларнинг тазйиқи, таҳдиди янаям ортди. Диний экстремизм ва терроризм, ақидапарастлик каби қабиҳ тушунчалар бугунги кунга  келиб ўзининг жирканч қиёфасини намоён этмоқда. Шундай экан, глобаллашув жараёнида боболаримиз мероси, маънавий-маърифий қадриятларимизни, муқаддас динимизни турли таҳдидлардан асраш, инсонларнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, бунинг учун эса маънавий-маърифий тарғибот ишларини тўғри йўналтириш олдимизда турган энг катта ва долзарб масалалардан бири эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғинда жойларда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик ишларини ташкиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ҳамда якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш, ҳарбий хизматчиларнинг давлатимизда ишлаб чиқарилган енгил автомашиналарни имтиёзли кредит асосида олиш тартиблари, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш учун кредитлар олиш ва ҳужжатлар расмийлаштириш йўл-йўриқлари, ҳарбий хизматчилар фарзандларининг квота асосида республикадаги олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тартиби каби масалалар бўйича батафсил маълумот берилди.

Йиғин барча округларда бўлиб ўтди. Жумладан, Тошкент ҳарбий округида Қуролли Кучлар  академияси дала-ўқув майдонида, Марказий ҳарбий округда округ штаби ва кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округда Нуристон дала-ўқув майдони ва  ҳарбий қисм базасида, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий қисм ўқув биноси ва Нукус дала-ўқув майдонида, ҳамда Шарқий ҳарбий округда ҳарбий қисм базаси ва Фарғона дала-ўқув майдонида ўтказилди.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

Информеры