2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРНИНГ ЯНГИ КЎРИНИШДАГИ КИЙИМ-БОШЛАРИ

Қулай, замонавий кўркам кийим ҳарбийлар салоҳияти ва нуфузини янада юксалтиришга, ёшларимизда ватанпарварлик, юрт тақдири учун дахлдорлик туйғусини кучайтиришга, ёшликдан ҳарбийликка ҳавас уйғонишига хизмат қилиши шубҳасиз. Давлатимиз раҳбарининг ҳарбий хизматчилар ва соҳа ходимлари учун янги намунадаги ҳарбий кийим-бош яратиш бўйича берган топшириқ ва тавсияларига биноан 2018 йилнинг декабрь ойида ҳарбий хизматчилар ва ходимлар учун янги намунадаги ҳарбий кийим-бош яратиш бўйича махсус ишчи гуруҳи шакллантирилди.

Мазкур гуруҳга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши маъсул ходимлари бошчилигида Вазирлар Маҳкамаси, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Ҳарбий прокуратура, Президент Давлат хавфсизлиги хизмати, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, ДХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси вакиллари, «Истиқлол» дизайн маркази мутахассислари, малакали дизайнер ва олимлар, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти профессор-ўқитувчилари ва экспертлари жалб қилинган.

– Ҳарбий хизматчилар ва соҳа ходимлари учун янги намунадаги ҳарбий кийим-бош ишлаб чиқиш жараёнига ғоят катта масъулият билан жиддий ва пухта ўйлаб, узоқни кўзлаган ҳолда ёндашилмоқда, – дейди Мудофаа вазирлиги моддий-техник таъминот бош бошқармаси буюм таъминоти бошқармаси бошлиғи майор Рустам Маҳмудов. – Зеро, ҳарбий хизматчилар ва соҳа ходимларининг ҳарбий кийим-боши бир йиллик ёки оз фурсат учун эмас, балки кўп йилларга хизмат қилиши, ёшларимизда миллий армиямиз сафларида хизмат қилишдек эзгу орзу ва ҳавасга интилишни кучайтириши, ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотиши, қолаверса давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳарбий хизматчининг кийим-боши унинг ўзига хос «Ташриф қоғози» бўлиши ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари нуфузи ва обрўсини янада оширишга хизмат қилиши лозим.

Мутахассисларнинг фикрича, тарихий тараққиётнинг узоқ йиллари давомида ҳарбий кийим-бошнинг мукаммаллигига алоҳида эътибор қаратилган. Манбаларга кўра, қадим замонлардан буён ҳарбий кийим-бошнинг такомиллашиб боришига мунтазам аҳамият берилган. Қадимий цивилизацияларга асос бўлган масканларда бир хил, ягона тоифадаги ҳарбий кийим-бош яратишга жиддий ёндашилган. Хусусан, Амир Темур даврида ҳам ҳарбий кийим-бошга, (офицерлар) қўшин ва бўлинмалар бошлиқлари тоифасини фарқловчи белгилар – махсус атрибутикаларга алоҳида эътибор билан қаралган.

Президентимизнинг 2017 йил 27 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари ва ташкилотларининг формали кийим-бошларини ишлаб чиқиш, стандартлаштириш, тасдиқлаш ва тайёрлаш механизмини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ҳамда 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари ва соҳа ходимлари учун ҳарбий кийим-бошни яратиш ва жорий этиш Концепциясига асосан ҳозирги кунда янги намунадаги ҳарбий кийим-бошни илмий асосларга таянган ҳолда яратиш бўйича ишчи гуруҳ томонидан бир қатор амалий ишлар қилин­япти.

Ҳарбий кийим-бошни яратиш бўйича ишлар Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги формали кийим-бошни лойиҳалаштириш бўйича илмий лабораторияда соҳанинг малакали ходимлари иштирокида олиб борилмоқда. Ҳозирги кунга келиб Мудофаа вазирлиги, Ҳарбий прокуратура, Президент Давлат хавфсизлиги хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати, ДХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси ҳарбий хизматчилари ва ходимлари учун дастлабки намунадаги ҳарбий кийим-бош ҳамда фарқловчи белгиларнинг (атрибутикалар) эскиз лойиҳалари тайёрланди. Бундай кенг қамровли ва ўта масъулиятли вазифани бажаришга малакали дизайнерлар, психологлар, либос конструкторлари, технологлар, олимлар ҳамда мазкур йўналишда улкан тажрибага эга ҳарбий хизматчилар ва соҳа ходимлари жалб этилди. Мазкур йўналишдаги барча таклиф ва мулоҳазалар, тавсиялар пухта, ҳар томонлама чуқур таҳлил этилмоқда.

– Ҳарбий кийим-бошнинг ажралмас қисми, унинг ўзига хос рамзи, яъни фарқловчи белгиси (атрибутикаси) саналиб, у айнан Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучларига тааллуқли эканини амалда намоён этиши керак, – дейди Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг ўқув ишлари бўйича проректори, формали кийим-бошни лойиҳалаштириш бўйича илмий лабораториянинг илмий раҳбари Холида Комилова. – Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳарбий соҳадаги вазирлик ва идораларнинг мавжуд ҳарбий кийим-бошлари, пойабзал, фарқловчи белгиларни ва бошқа шу каби воситаларни лойиҳалашда ва ишлаб чиқишда ягона услуб ва ёндашув бўлмагани амалиётда кузатилмоқда.

Таҳлилларга кўра, ҳарбий кийим-бош тайёрлашда фойдаланилаётган мато ва материалларнинг меъёрий талабларга мос эмаслиги, ҳарбийлар кийим-боши ўлчамларида қўшимчаларни қўллашда, эргономик кўрсаткичларни инобатга олишда, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар кийим-бошларини тўкис таъминлашда, ҳарбий гардероб тўпламида баъзи камчиликлар кузатилган, бу жараёнга мутлақо илмий ёндашилмаганлик каби ҳолатлар аниқланган. Соҳа мутахассисларининг фикрича, шу вақтга қадар ҳарбий кийим-бош иқлим, атроф-муҳит, табиий шароитларга мувофиқ мавсум бўйича ажратиш, ҳарбий фаолиятнинг ўзига хослиги, бош кийим, пойабзал, қўшимча воситалар тайёрлаш жараёни замонавий талабларга жавоб бермас эди. Ваҳоланки, жаҳоннинг аксарият давлатларида, етакчи ҳарбий тузилма ва ташкилотларида минглаб олимлар, мутахассислар, экспертларни жалб этган ҳолда ҳарбий кийим-бош тайёрлашда кенг қамровли, тизимли ва комплекс тарзда ёндашиш амалиёти мавжуд.

Ҳозирда юқорида қайд этилган барча фикр ва тавсияларни ҳамда камчиликларни инобатга олган ҳолда, шунингдек, ишлаб чиқилган «Йўл харитаси»га асосан ишчи гуруҳ томонидан ҳарбий хизматчилар ва соҳа ходимлари кийим-бошларининг дастлабки эскизлари ва дизайнлари ишлаб чиқилди. Яратилган кийим-бошларнинг бирламчи намуналари ҳарбий қисмларда илк қўшинлар синовидан (апробациядан) ўтказилиши, бунда соҳа вакиллари, ҳарбий хизматчилар, ёшлар, халқ, кенг жамоатчиликнинг фикрини чуқур ўрганиш, таҳлил этиш, таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштириб, шундан сўнг ҳарбий кийим-бошларни кенг ассортиментда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мўлжалланган.

ЎзА материали асосида тайёрланди.

 

Информеры