Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

БИЛАГИ ҲАМ, БИЛИМИ ҲАМ ЗЎРЛАР

Кенгликларга боқиб дилингиз яйрайди, тоза ҳаводан сипқориб, енгил тин оласиз. Фақат совуқ забтига олган. Бўш қолган бор-ки ҳолига вой. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Пачкамар дала-ўқув майдонида навбатдаги ўқув машғулотида қатнашаётган ҳарбий хизматчилар об-ҳаво шароити билан ҳисоблашмайди. Улар белгиланган вазифаларни бажаришга астойдил киришган.

Отиш машғулотларидан аввал улар жисмонан чиниққанликларини синаш учун разведка йўлагидан ўтишди. Ушбу йўлак шахсий таркибни турли шароитларда мураккаб тўсиқларни енгиб ўтишга ўргатади, амалий кўникмаларини оширади. Йигитлар икки гуруҳга бўлиниб, мусобақага киришиб кетишди. Дўстона рақобат ўғлонларнинг шижоатини ошириб, ғайратини жўштириб юборди. Улар бир-бирини тезкорликка ундарди.

Ҳарбий хизматчилар дастлаб девор тўсиқдан ошиб ўтишни бошлашди. Тўсиқдан эпчиллик билан ўтганлар овоз чиқармасдан ҳаракатланишди. Машғулот душман соқчиларини сассиз йўқ қилиш кўникмасини оширади. Ертўлада ҳаракатланиш эса иштирокчилардан ҳушёрлик ва эпчилликни талаб қилди. Уларни тўсатдан учраган ҳандақ ёки чуқурликлар эсанкиратиб қўймасди.

Энг олддагилар тоғ шароитида, тепаликларга чиқишда чиниқишни оширадиган тўсиқларга тирмашишди. Ҳаракатдаги ускуналарни ортда қолдирган машғулот иштирокчилари шартли душманнинг электр ускуналарини ишдан чиқаришди. Қўлбола нарвонлар орқали баланд биноларни забт этиш маҳоратини оширишди. Сувли жойлар, ботқоқликлардан ўтиш бир оз машаққатли бўлса ҳам машқ сўнгидаги завқ чарчоқларни батамом унуттирди. Беллашувда росмана тобланганлар сараланди. Аммо вақт ҳисобини айтмаганда иштирокчилар бир-бирларидан асло кам эмасликларини исботладилар.

– Бу каби машғулотлар ҳарбий хизматчиларни нафақат жисмонан тоблайди, балки уларнинг фикрлаш тарзини чархлайди. Тўсиқларнинг тез алмашиши, реал вазиятга яқинлиги, ҳаракатчанлиги иштирокчилардан мулоҳазакорликни, ўз вақтида, тез ва тўғри қарор қабул қилишни талаб қилади. Бу эса уларнинг билаги ҳам, билими ҳам зўрлар қаторига киришига хизмат қилади. Билаги зўр бирни, билими зўр мингни енгса, бизнинг ҳарбий хизматчиларда ҳар иккаласи мужассам, – дейди гуруҳ командири капитан Дилмурод Кушаков.

Шундан сўнг машғулот иштирокчилари гуруҳ қуролларидан нишонларга ўқ отиш бўйича билим ва кўникмаларини синовдан ўтказишди. Ҳарбий хизматчиларнинг қурол билан ишлаш маҳорати оширилди. Зеро, қуролнинг ишлаши, тузилиши ва механизмларини яхши билган Ватан ҳимоячисининг нишонга аниқ отиш даражаси юқори бўлади.

Ўқув жойи раҳбарларининг шахсий таркиб билан ишлашида уларнинг ҳарбий педагогика ва психологияни пухта ўзлаштиргани қўл келди, албатта. Ҳарбий хизматчилар жанговар позицияни эгаллаш, тик, ўтирган, ётган, ҳаракатланган ҳолда нишонга отиш, қуролни ўқлаш ва ўқсизлантириш қоидаларини бажаришди. Ўқ отиш позициясини танлаш, отишни амалга ошириш, ўз вақтида истеҳкомни ўзгартириш борасидаги маҳоратларини намойиш қилдилар.

– Ўтказилаётган машғулотларнинг жанговар тайёргарлик ва шайликни оширишда аҳамияти катта. Максимал даражада реал вазиятга яқинлаштирилгани ҳарбий хизматчиларнинг профессионаллик даражасини юксалтирмоқда, – дейди «Содиқ хизматлари учун» медали соҳиби подполковник Шерзод Мадраҳимов. – Турли-туман шароитларда ўқув жанговар вазифаларни бажариш бўйича керакли амалиётни шакллантириш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳини юксалтиришни мақсад қилган эдик. Шу орқали Қуролли Кучларнинг ҳар қандай хавф-хатарга қарши доимо шай туришига эришишга муносиб ҳисса қўшаётган бўлсак, демак, ҳаракатларимиз беҳуда кетмаяпти,

Душман қўққисдан қаршингдан чиқар экан бир нигоҳ, бир ҳаракат ёки биргина сўз тақдирингни ҳал қилиши муқаррар. Шу боис жанговар машғулотларда чаққонлигу чидамлилик, тезкорлик муҳим аҳамиятга эга. Буни юракдан ҳис қилган машғулот иштирокчилари ҳар бир сонияни ғанимат билиб, топширилган вазифаларни бекаму кўст бажардилар.

Азиз НОРҚУЛОВ

Информеры