Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ОНА АЛҚОВИДАГИ ЎҒЛОН

– Қўриқбоним бўл, болам, ёнимда юр!

– Юртни ҳимояласам сизни қўриқлаганим эмасми, онажон?

– Тўғри айтдинг, болам, мақсадингга эриш.

Бу қисқа суҳбат бир неча йиллар муқаддам Меҳринисо ая билан Журъатбек ўртасида бўлиб ўтган. Фарзандини синаб саволга тутган, аслида эл корига чоғлаган она бугун унинг ютуқларидан мамнун. Бу кунларга етгунча қанча машаққатли довонлар ортда қолди.

Амангелди ака билан Меҳринисо ая учинчи ўғилларига улуғ ниятлар билан Журъат деб исм қўйишганди. Кексалар «қадамидан ўт чақнасин» дея дуо қилишганди. Бола улғайиб, ғайратидан кўзлар қувнаганида оқ йўлга эш бўлганларнинг кўпчилиги фоний дунёни тарк этди. Жумладан, Амангелди бобо ҳам. Бу воқеа барча фарзандларини олий маълумотли қилиб тарбиялаган Меҳринисо аянинг юрагида кемтик бўлиб қолди.

Ўшанда 40 ёшда эди. 5 нафар фарзанди атрофида гиргиттон. Ўн ёшга тўлиб-тўлмаган кенжаси Журъатбекнинг тақдири-чи? Болаларининг отаси билан автоҳалокатга учраб, турмуш ўртоғидан ажради. Ўзи II гуруҳ ногирони бўлиб қолди. Ўғил-қизларининг жавдираб турган мурғак кўзларига боқиб, ҳаёт учун курашишга бемисл куч-қувват топарди. Мана 70 ёшни қаршилабдики, Хива туман тиббиёт бирлашмасида шифокор бўлиб ишлайди.

5 ёшида акасига қизиқиб мактабга борган Журъатбек 1-синф дарсликларини ўзлаштириб олади. Аммо ёши етмагани учун мактабга олишмайди. Кейинги йил 6 ёшида умумий ўрта таълим мактабида таҳсилни бошлайди. Ўқиш-ўрганиш билан бирга жисмоний тарбияга ҳам эътибор қаратади. Тупроқ, тош ва қумни аралаштириб, қўлбола спорт анжомлари ясайди.

Кўнгли тўлмай, ҳақиқий спортчи бўлиш учун нима қилиш кераклиги, қандай таомлар тановул қилиш лозимлигини сўраб таҳририятга хат ёзади. Жавоб хати келади. Шунга кўра кун тартибини тузиб чиқади. Жисмонан чиниқиб, мактабни «аъло» баҳоларга тамомлайди-ю, орзу қилган олий ҳарбий таълим муассасасига ҳужжатларини топшира олмайди. Ёши етгунича яна 2 йил кутишга мажбур бўлади. Ниҳоят, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига қарашли Тошкент олий ҳарбий техника билим юрти (ҳозирги Миллий гвардия ҳарбий техник институти)га ўқишга қабул қилинади.

– Ўқишга кирганига ишонолмай юрганман. Худойимдан айланай, рост экан. Ҳарбий қасамёд тантаналарига қатнашиб, кўнглим тўлиб қайтдим. Ўша куни институт ҳовлисига ўрнатилган Амир Темур бобомиз ҳайкалининг очилиш маросими бўлди. Ҳайкал пойида йиғлаб, ўғлимни роса дуо қилганман. Кейин Самарқандга учрашувга борганимда ҳам Соҳибқирон ҳайкали олдида «болам сиздек кучли бўлсин» дея сўраганман. Яхши ният ярти мол, мана ҳаммасига эришаяпти. Болалигидан ҳарбий хизматчи бўлишни хоҳларди. Боғчада ҳарбий либос кийиб тушган расмини сақлаб юраман, – дейди Меҳринисо ая Тилавова. – Ўғлим ўқишга кирганидан кейин «Ватанпарвар» кўрсатувининг бирортасини қолдирмай кўрадиган бўлдим. «Менинг болам ҳам чиқармикан?», дея орзу қилардим. Орадан ўн-ўн бир йил ўтиб, Қарши шаҳрида хизмат қилиб юрган маҳаллари шу кўрсатувда биринчи маротаба чиқди. Хурсандлигимдан роса йиғлаганман. Яқинда қўшниларим келишди, Журъатбекни кўрсатди, дея севинтиришди.

Олий ҳарбий таълим муассасасини имтиёзли диплом билан тугатган Журъатбек йиллар мобайнида тажрибасини ошириб борди. Қуролли Кучлар академиясида таҳсил олиб, имтиёзли диплом билан тамомлади. «Тинчлик йўлида ҳамкорлик» дастури доирасидаги инглиз тили йўналиши бўйича 6 ойлик интенсив курсида хорижий тилни ҳам ўзлаштирди.

Полковник Журъат Якубов турмуш ўртоғи Шоира Ходжаева билан биргаликда уч ўғилни тарбия қилаяпти. Тўнғичи Арслонбек Юнусобод туманидаги 122-умумтаълим мактабининг 4-, Алишер эса 2-синфида таҳсил олади. Кичиги Абдумалик оила қарамоғида. Болалари спорт ишқибози. Бугун уларнинг фахрий ёрлиқларидан шодланаётган ота-она йиллар ўтиб шода-шода медаллари билан ғурурлансалар не ажаб.

– Онам бизни нақадар машаққатлар чекиб, камолга етказганини тўлақонли тасаввур қила олмаймиз. Беш фарзандни олий маълумотли қилишнинг ўзи бўладими?! Зулхумор опам, Эркин акам шифокор, Машҳура опам матбуот соҳасида, Улуғбек акам ҳокимиятда ишлайди. Мен ҳам полковник бўлдим, давлат мукофоти олдим. Барчасини бир сўз билан айтишим мумкин, муваффақиятлар, мукофотлар – барчаси онамнинг меҳнатлари маҳсули, – дейди полковник Журъат Якубов. – Бу каби муваффақиятлар бизга янада куч-қувват бағишлайди. Бу мукофот барча сафдошларимга берилган эътибор ва ғамхўрлик намунаси деб биламан.

Она алқовидаги ўғлонга Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан мамлакатимизнинг мудофаа қудратини янада юксалтиришда қўшаётган катта ҳиссаси, хизмат бурчини бажаришда мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун II даражали «Шон-шараф» орденини топширган куни мудофаа вазири генерал-лейтенант Абдусалом Азизовдан навбатдаги «полковник» ҳарбий унвонни ҳам тантанали тарзда қабул қилди. Бу байрам унга қўшалоқ туҳфа билан келди. Меҳринисо ая оила фахрига айланган ўғлини алқаб, пешонасидан ўпиб қўйди.

Абдулла ЎКТАМҚУЛОВ

 

Информеры