Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

АРМИЯ СПОРТИ: САРҲИСОБ, МУАММОЛАР, ИСТИҚБОЛ

Қуролли Кучлар Давлат музейида Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор А. Икрамов Мудофаа вазирлиги спорт клуби шахсий таркиби билан йиғилиш ўтказди. Тадбир спорт клубининг 2018 йилдаги фаолияти таҳлили, муаммоли йўналишлар ҳамда уларнинг ечими, 2019 йилдаги устувор вазифаларга бағишланди.

Ўтган йили армия спортчилари томонидан 1128 медаль, улардан 271 таси (103 та олтин, 104 та кумуш, 64 та бронза) халқаро мусобақаларда, 857 таси (357 та олтин, 239 та кумуш, 261 та бронза) республика баҳсларида қўлга киритилди. 2017 йилга нисбатан қиёсласак (жами: 775 медаль, улардан 120 таси (51/28/41) халқаро мусобақаларда, 655 таси (268/189/198) республика миқёсида), анча ўсишни кузатиш мумкин.

Айни пайтда спортнинг 19 тури бўйича машғулотлар олиб бораётган клуб фаолиятини янада такомиллаштириш, спортчиларнинг ютуқлари салмоғини ошириш борасидаги мавжуд муаммолар ҳам тилга олинди. Улардан асосийлари: моддий-техник база, спорт майдончалари борасидаги камчиликлардир.

Жорий йилдаги устувор вазифалар:

– 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида ўтказиладиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритиш;

– Хитойнинг Ухань шаҳри мезбонлик қиладиган (CISM йўналиши бўйича) 7-Умумжаҳон ҳарбий ўйинларига ҳозирлик;

– юртимизда илк бор ўтказилувчи халқаро армия ўйинларининг айрим турларига (ҳарбий-тиббий эстафета, ўқ отиш) пухта тайёргарлик кўриш.

Тадбир сўнгида, бир гуруҳ спортчи ва мураббийларга III даражали «Намунали хизмати учун» кўкрак нишони, Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги фахрий унвонлари топширилди.

Тўлқин ЖУМАНАЗАРОВ

 

 

Информеры