Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

«МУДОФИЙ» НИМА ДЕГАНИ?

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисм ва муассасаларида қатор амалий ишлар бажарилмоқда.

Тошкент ҳарбий округида бўлиб ўтган «Абдулла Қодирий – миллий романчилигимиз асосчиси» номли кеча ҳам мазкур йўналишда олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.

Филология фанлари доктори Баҳодир Карим тадбир иштирокчиларига жадидчилар ҳаракатининг фаол аъзоси, халқимизнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий мустақиллиги йўлида мардона курашиб, бу йўлда жон фидо этган улуғ ёзувчимиз Абдулла Қодирий ҳаёт йўли ва бой ижодий мероси ҳақида сўзлаб берди.

– Юрт тинчлиги, Ватан озодлиги ҳақида гап кетар экан, ижодкор аҳлини алоҳида эътироф этмасликнинг иложи йўқ, – дейди Баҳодир Карим. – Чунки сиз, ҳарбийлар она тупроқ дахлсизлигини таъминлайсиз, ижод аҳли эса унинг маънавий оламини ҳимоя этади. Аслида иккаласи ҳам ўта муҳим ва долзарб вазифа. Абдулла Қодирий мана шундай улкан масъулиятни елкасига олган ва буни умри етгунича шараф билан бажара олган. У нафақат миллий романчилигимиз асосчиси, балки адабиётимизда янги бир даврни бошлаб берган ёзувчи ҳамдир. Маълумот учун айтиш мумкинки, илк бор айнан Қодирий «мудофий», яъни мудофаа сўзини истеъмолга киритган.

Тадбир сўнгида истеъдодли хонанда Дилшод Лазиз мумтоз қўшиқлар ила йиғилганларни сел қилди.

И. НУРАЛИЕВ

 

Информеры