Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид ДАВЛАТ ДАСТУРИ қабул қилинди

НАВОИЙ ИЖОДИДА ҲАРБ САНЪАТИ СИРЛАРИ

Буюк Алишер Навоий ижоди шу қадар кенг ва чуқур уммонки, унга шўнғиган киши, лоф эмас, бугунни қизиқтирган ҳар қандай мавзуга доир ўта ноёб дуру гавҳар топиб чиқаверади.

Ҳарб санъати ҳам ана шундай долзарб мавзулар сирасига киради.

Улуғ мутафаккирнинг ҳарбий санъат сирларига доир қарашлари энг кўп унинг «Хамса»си таркибига кирган сўнгги достон – «Садди Искандарий»да акс этган.

Искандар отаси ўлганидан кейин унинг тахтига ўтиради. Иши ўн чандон яхши юришади. Хаёли жаҳонни эгаллаш фикри билан банд бўлади. Лекин ҳали ҳеч қандай уруш бошлагани йўқ. Отаси даврида Рум мамлакати Доро ҳукмронлик қилаётган Эрон давлатига ҳар йили хирож тўлар эди. Орадан уч йил ўтади ҳамки, Искандар Эронга хирож тўламайди. Мантиқан бу мамлакатни мустамлака зулмидан озод қилиш билан тенг тушунча эди. Бундан қўрқмайди ҳам.

Шундай пайтда Дородан Искандарга элчи келади. Уни ёш подшоҳнинг салобати босади. Шундай бўлса ҳам, ўзини қўлга олиб, Эрон ҳукмдорининг уч йиллик хирожни талаб қилаётгани, бериб юборилса, олиб кетажагини, бўлмаса, не жавоб айтилса, шуни етказажагини билдиради.

Искандар, ёш бўлса ҳам, Дорога етказиш учун унинг элчисига панд-насиҳат руҳидаги кўп гапларни айтиб, жумладан, шундай дейди: «Ҳисобсиз хазина йиғдинг, ўзингга ҳаддан зиёд зиён келтирдинг. Аввал шу йиққанларингни ишлат, тугатсанг, яна йиғ. Сенга тухум бериб турган қуш учиб кетди. Энди биздан умидвор бўлма. Биздан хирож олиш ниятидан тамоман воз кеч. Шу пайтгача ожиз-нотавон кишилар билан иш кўриб юрган экансан, мендек кишига ҳеч дуч келмаган экансан. «Аскарим – кўп», – деб, кучингга ишонма. Аскарнинг кўплиги – бош масала эмас. Давлат ишида дастгирлик (оқилона бошқарув) бўлмас экан, кўп сонли лашкарнинг кимга кераги бор?!»

Бу мулоҳазаларда, ёрқин кўриниб турибдики, Навоий армия учун сон эмас, сифат муҳимлигини уқтиряпти. Лашкар ихчам, лекин кучли, мамлакат ҳимоясига ҳар тарафлама қодир бўлсин. Бу – бугун учун ҳам бирдай аҳамиятли талаб.

Элчи шу гапларни шоҳига етказади. Доро жаҳл отига минади. Бу гаплардан у Искандар ҳақида учта хулосага келади: «Биринчидан, у бундай афсоналарни сўзлаган бўлса, девона экан; иккинчидан, маст бўлса керакки, нима деганини билмай, гапирибди; учинчидан, беақл ёш бола эканки, гапида мантиқ кўринмайди».

Элчи Доронинг бу фикрларини рад этади. Искандарнинг девона ҳам, маст ҳам, ёш бола ҳам эмаслигига кафиллик беради. Шоҳ уни зиндонбанд қилишга буюради.

Кейин Доро Искандар олдига бошқа бир элчи жўнатади. Унга қаттиқ-қаттиқ гапларни етказишни тайинлайди. Яна бир чавгон («от тўпи» ўйинида ишлатиладиган учи эгри таёқ) билан гўй («от тўпи» ўйинида ишлатиладиган тўп), шу билан бирга, катта бир идишда беҳисоб кунжут ҳам бериб юборади.

Элчи Искандарга Доронинг гапларини, жумладан, унинг мана бундай аччиқ-қуруқ сўзларини ҳам етказади:

 

Демишсен неча сўзки, ҳаддинг эмас,

Киши билса ҳаддин, сўз андоқ демас.

 

Вале не учунким, кичикдур ёшинг,

Тўқунмайдурур тошқа ҳаргиз бошинг.

 

Дедукким, жунунунгға оғоз эмиш,

Жаҳолат санга кўп-у, ақл оз эмиш.

 

Ишингга йўқ ислоҳ тадбирдин,

Чу гўдаксен, ўттук бу тақсирдин (674).

 

Сўнг элчи чавгон билан гўйни бериб, унинг ҳам маъносини тушунтиради:

 

Ки гўдаклигинг чунки ғолибдурур,

Санга гўю чавгон муносибдурур (675).

 

Катта идишдаги кунжутни бериб, уни ҳам Доро айтгандек қилиб шарҳлайди:

 

Қўюб жаҳл, ўз жонинга раҳм қил,

Сипоҳим ҳисобин бу кунжудча бил (675).

 

Искандар Доронинг элчи воситасида етказган сўзларини диққат билан тинглаб бўлиб, кейин бир-бир уларнинг мантиқсизлигини исботлашга тушади. Айниқса, уни ёш деб камситгани қаттиқ ботган экан, модомики, икки шоҳ ўртасида низо келиб чиққан бўлса, улар катта ё кичиклигининг аҳамияти йўқлигини айтиб, фикрининг исботи учун:

 

Қўтоннинг улуқ қуш аро сони бор,

Вале сунғур оллинда не жони бор?! (675) –

 

яъни: «Кўкқўтон (лайлаксимон қуш) ҳар қанча катта бўлиб кўринса ҳам, лочин олдида унинг нима жони бор?» – ҳам дейди. Чавгон билан гўйни ҳам тамоман бошқача шарҳлайди:

 

Яна буки, шоҳ айлаб эҳсон манга,

Йибормишдурур гўю чавгон манга,

 

Эрур мунда бир рамзи пўшида ҳарф,

Тафаъул аро бениҳоят шигарф, –

 

Ки Ер ҳайъатин айлабон жус­тужўй,

Мудаввар топибдурлар андоқки гўй.

 

Чу шоҳ они тутти мусаллам манга,

Ҳамоноки Ҳақ берди олам манга (675).

 

Бу байтлардан келиб чиқадиган асосий гап шуки, Искандар: «Доро шоҳ қўлимга чавгон олиб, гўйга ўхшаш думалоқ бўлган Ер куррасини тўла эгаллашимга ишора қилибдилар», – дейди.

Навбат кунжутга келганда доно Искандар ҳеч кимнинг хаёлига келмаган иш қилади – кунжудни бир майдонга тўкиб, доналар сонича келадиган товуқ галасини ҳайдаб келишни буюради. Товуқлар кунжутни бир дона қолдирмай териб ейди.

Достоннинг 24-боби уруш ҳақидаги фалсафий-мантиқий мушоҳадага бағишланган.

Хўш, уруш нима ўзи?

Жаҳонда қанча халқ бўлса, негадир, ҳаммасида гина, кек сақлаш, ўч олиш, душманлик қилишга майл бор. Чунки кимки бирор ишда маҳорат кўрсатса, ҳар тарафдан унга кўр-кўрона эргашиш бошланади. Моҳирлик даражасига етмаса ҳам, ана ўша мутаассибларда даъвою лоф ҳам кўпаяди. Ўртада низо пайдо бўлади. Ҳолбуки, улардан бири тупроққа тенг бўлгани билан иккинчисига бу борада яна кенг майдон қолаверади.

Адоват шоҳлар ўртасида кучлироқ бўлади. Агар икки шоҳ адоват камарини белига боғласа, жаҳон аҳлини икки сипоҳ(армия)га ажратади-қўяди. Агар бунда ота – бир тараф, ўғил – бир тараф бўлиб қолса, улар бир-бирини ўлдиргали чоғланади, қариндош қариндошга тиғ ўқталади.

25-бобда ҳикоят берилади. Шоир гапни: «Эшиттимки...» – деб бошлаб, икки тарихий шахс – Чингизхон билан Хоразмшоҳ ўртасида қирғинбарот жанг кечган маҳалдаги бир воқеани келтиради.

Шом юртида бир-бири билан қаттиқ дўст тутинган икки киши бор эди. Оммавий қирғин бошланганди. Шунда мўғул аскари ҳар гал шу дўстлардан бирига тиғ кўтарганда иккинчиси бошини очиб, қиличга тутар, душман аскарига ёлвориб: «Аввал менинг бошимни ол, кейин дўстимга қилич ур, чунки мен унинг ўлимини кўрмай», – дер эди:

Икки дўст шу тариқа ўзаро бир-бири билан ўлим талашиб ётган маҳалда Чингизхон уйқуда эди. У айни шу воқеани туш кўрди. Тушида бир киши унга: «Шу икки дўстнинг бир-бирига вафосидан ўрнак олсанг, бўлмайдими? Халққа қирғин келтириш истагидан воз кеч. Агар сен Хоразмшоҳ билан талашаётган бўлсанг, жаҳон аҳлида не гуноҳ?!» – дейди:

Бу ерда буюк мутафаккирнинг яна бир доно нуқтайи назарини англаб етамиз: урушда зафар қучилганидан кейин бегуноҳ фуқароларни қиришнинг нима кераги бор?!

Чингизхон уйқусидан уйғониши билан ёппасига қирғинни тўхтатди. Шу тариқа бу ҳукм икки дўстни ўлдиришга шайланиб, қайси бирига олдин тиғ уришни билмай, боши қотиб турган аскарга ҳам етиб борди. Яратганнинг инояти билан икки дўст шу тариқа ҳам бир-бирини, ҳам халойиқни қирғиндан халос этди.

Шоирнинг устакорлиги шундаки, бу доно панду насиҳатларини айнан Искандар билан Доро ўртасида уруш ҳолати юзага келгани воқеалари баёни орасига жойлайди.

Улуғ шоир худдики Амир Темурнинг ўз «Тузуклар»ида баён қилган бир қатъиятга мос тарзда фикр юритади. Буюк Соҳибқирон жанжалли масалаларнинг ўнтадан тўққизтасини сўз билан, сўз билан ҳал бўлмаган биттасинигина қилич кучи билан ҳал этганини айтади.

Бу гаплар ҳозирги халқаро майдондаги жанжалли масалаларни фақат сиёсий йўл билан, яъни ўзаро музокаралар орқали ҳал қилишга даъватга айнан ўхшайди. «Садди Искандарий»да Доро билан Искандар ўртасидаги низо урушга олиб келади. Искандар икки бор Доро элчисига нуқтайи назарини яхши гап билан айтиб юборди. Доро бундан хулоса чиқармади. Урушга тайёргарлик кўрди. Ҳужум бошлади. Искандар лашкари Доро черигини енгди.

Урушларга муносабатда ҳамиша бир бош масаладан келиб чиқилади. Бу – адолат мезони. Адолатсиз тарафда туриб урушган қораланиб, адолатли тарафда урушган оқланади. Шу жиҳатдан Искандар адолатли тарафда туриб урушди. Адолатли уруш ҳамиша маъқулланади. Чунки адолат кўпинча айнан кураш орқали қарор топади.

Алишер Навоийнинг ҳарбий санъатга муносабати масаласи унинг бутун ижоди, хусусан, «Садди Искандарий» достони мисолида ҳали кўп ўрганилиши зарур. Бу бугунимиз, тинчликпарвар сиёсатимиз моҳиятини теран англашимиз учун керак.

Султонмурод ОЛИМ, адабиётшунос,

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси

Информеры