2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ВАТАНПАРВАРЛИК ТУЙҒУСИ ҚАДРИЯТЛАРНИНГ УЛУҒИДИР

Мозийни титратган улуғ муҳорабалар, мислсиз жангу жадалларнинг барчаси Ватан озодлиги ва динни асраш йўлида олиб  борилган. Негаки, ёғий қайси бир юртни маҳв этмасин, аввало миллат эрки, маънавияти, эътиқод қиладиган дини, яъни имон-эътиқодига чанг солади. Истило қилинган миллатни манқуртлик домида ушлашни истайди. Бироқ ватанпарварлик руҳи, миллий ғурур туйғуси  кўксида бош кўтарган  инсон борки, душманга қарши туради, босқинчиларга бош эгмайди.

Дарҳақиқат, Ватанни севишнинг ўзи камлик қилади, уни асрай билиш, ҳимоя қилиш ҳам керак. Бунинг учун ҳар бир юрт фарзандининг кўксида имон, эътиқод, ғурур ва орият бўлиши лозим. Бу туйғулар миллатни қарамликдан, қулликдан асрайди. Донишмандлар таъкидлаб ўтганидек, «Қулликдан орланмайдиган халқнинг толейи пастдир. Бундай халқ қуллик учун яралган».

Биз бу борада бошимизни баланд тутсак арзийди. Зеро, душманларга бош эгмаган улуғ аждодларнинг авлодларимиз. Ватан ҳимояси йўлида аҳдини улуғ тутган, қасамёдини кўксида ардоқлаган, дунё назарига эришган шерюрак фарзандларимиз бор. Миллат ғурури, ватанпарварлик руҳи қадриятларнинг улуғидир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари билан суҳбат айнан шу мавзуга қаратилди.

– Шайх ҳазратлари, Сиз диний ва дунёвий илмга эга эл назаридаги инсонсиз. Мамлакатимиз ва унинг ҳимояси билан боғлиқ фикрларингиз газетхонларимиз учун жуда муҳим.

– Аввало, юртимизнинг, сарҳадларимиз ва тинчлигимизнинг қалқони бўлган ҳарбий хизматчиларимизнинг севимли «Ватанпарвар» газетаси орқали мен билан суҳбат ўтказишни ихтиёр этганларинг учун беҳад миннатдорман. Ватанимиз ҳимоячилари ҳамиша юксак эътирофда бўлсинлар.

– Ватанга, миллатга бўлган муҳаббат ва садоқатни қандай таърифлаган бўлар фэдингиз?

– Ватанга, миллатга бўлган меҳр ва муҳаббатга тўхталадиган бўлсак, бу шунчаки хаёлий ёки кўр-кўрона эҳтирос эмас, балки илоҳий туйғудир. Кўз очган гўшасига нисбатан меҳрдан чўлда ўрмалаб юрган жониворлардан тортиб, кўкда парвоз қилаётган қуш, ҳатто денгиз ва дарёлардаги балиқлар ҳам бегона эмас. Улар ҳам ўз ошёнларини Аллоҳнинг қудрати ила ҳис этади, ҳимоя қилади. Асаларини қаранг, данакдек бу жониворнинг ўз уясини ҳимоя қилишида илоҳий қудрат намоён эмасми?!

Аллоҳ мукаррам қилиб яратган инсонда эса бундай туйғу ўзгача бўлиши табиий. Ватан – таъмасиз ва таънасиз севиладиган гўша! Ватанга бўлган муҳаббат туғма бўлади, суқма эмас. Шу боис инсон дунёнинг қайси нуқтасида бўлмасин, ҳатто муборак ҳаж сафари чоғида ҳам ўз Ватанини қўмсайди, соғинади, унга талпинади.

Пайғамбаримиз (с.а.в) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида туғилиб ўсган гўшалари – Маккаи мукаррамага юзланиб, қалблари эзилиб, кўзлари ёшга тўлиб, шундай хитоб қилганлар: «Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Қандай ҳам менга севимлисан! Агар қавминг мени сендан қувмаганида, сендан бошқа жойда яшамас эдим». Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ушбу муборак сўзлари замирида туғилиб ўсган масканига нисбатан муҳаббат акс этмаяптими, қалблари юртим деб нидо қилмаяптими? Демак, Ватанни севмоқ умматлар учун суннат. Ватанни севган инсон эса унинг ҳимояси, тинчлиги ва тараққиёти учун беминнат хизмат қилмоғи аён. Ватанни севмоқ имондандир, деб бежиз айтишмаган. Бу туйғунинг нақадар улуғлиги ҳақида Ҳазрати Али бундай деган эдилар: «Она Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлур».

Ватанга муҳаббат ҳақида сўз кетганда бир ҳақиқатни унутмаслигимиз шарт. Яъни юртни, миллатни севиш, улар билан фахрланиш туйғуси фарзандларимизга болалик чоғиданоқ сингдириб борилиши лозим. Буюк аждодларимизнинг юрт ҳимояси йўлида шаъни, ор-номуси, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашганини қизиқарли тарзда уларга гапириб беришимиз, етказишимиз керак.

Тарихдан маълумки, ёвқур аждодларимизнинг сўзи, аҳду паймон ва қасамёдлари қиличдан-да ўткир, кескир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармайди. Авлодларимиз кўксига юртга муҳаббатни жо этиш олдимиздаги муқаддас фарзу амалдир. Шундагина уларнинг дилида Ватанга меҳр туйғуси, юртни ташқи кучлар хуружидан ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади.

– Юрт ҳимояси барча даврларда ҳам шарафли бурч ҳисобланган. Унинг ҳимоячиларига эҳтиром кўрсатилган, шундай эмасми?

– Дунёда эзгу амалларнинг, савоби улуғ ишларнинг тури кўп. Мана шуларнинг бошида Ватан ҳимояси туради, десак, муболаға бўлмайди. Чунки Ватан ҳимояси ва ҳарбий хизмат зарур, муҳим амаллар қаторига киради. Бу тўғрида Пайғамбаримиз (с.а.в)дан шундай ҳадис ривоят қилинган: «Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, йиғлаган кўз, иккинчиси – Ватан ҳимоясида ухламай, бедор бўлган кўзни».

Ватан ҳимояси ҳақида сўз борар экан, тарихимизда ўзларининг мисл­сиз жасоратлари ила ўчмас из қолдирган Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди, буюк саркарда Амир Темур, Ватан озодлиги йўлида душманга қарши тиғ кўтарган ва ёв қўлидан юлқиб олган туғ ила жон берган шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзо беихтиёр кўз олдимизга келади.

Ҳарбий соҳа ҳақида фикр юритилганда эса, бу касбнинг қай даражада масъулиятли, заҳматли ва албатта фахрли эканлигини қанча эътироф этсак, шунча кам. Ҳарбий хизматчиларимизни бежиз шарафли соҳа вакиллари, деб эъзозлашмайди. Ватан ҳимояси ҳам ибодат саналади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий (с.а.в) «Сизларга Лайлатул Қадрдан афзал кеча ҳақида хабар берайми?! У аҳлига қайтмаслик эҳтимоли бор, хавфли ерда посбонлик қилган қўриқчидир», дедилар». Яна бир ривоятда эса «Расулуллоҳ (с.а.в) «Аллоҳнинг йўлида (ватанни қўриқлаб) бироз туриш Ҳажарул асваднинг ёнида Лайлатул Қадрни қойим қилишдан афзалдир», дедилар», дейилган. Бунинг маъноси шуки, Лайлатул Қадр кечасини қойим қилиб, ухламай, гарчи бу бедорлик Аллоҳнинг байти бўлмиш муқаддас Каъбадаги Ҳажарул асваднинг олдида бўлса ҳам, унинг фойда-савоби ўша одамнинг ўзига бўлади. Ватан тинчлиги, унинг сарҳадларини қўриқлаш фойдаси эса ўзидан ошиб, кўпчиликка, жамиятга ҳам етади. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг яна шундай сўзлари бор: «Ким посбонликда турган чоғида вафот этса, қабр фитнасидан ҳимоя қилинади. Унинг ҳар бир амали қиёматгача яхши амал қилгани каби ўсиб боради».

Ватан ҳимояси фақат соҳа ходимларининг эмас, шу заминда истиқомат қилаётган барчанинг бирдек бурчи, десак, тўғри бўлади. Негаки, бугунги таҳликали замон, дунёнинг турли нуқталарида ғоявий хуружларнинг аччиқ ҳосиласи бўлмиш ўзаро низо ва урушлар юрт ҳимояси учун барча бирдек масъул эканини такрор ва такрор англатмоқда. «Ватан ҳимояси» деган гап кўп маънони ўз ичига олади. Инсон фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга раддия бериш билан ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур. Шунингдек, ёшларимиз илму ҳунарлари билан, кексаларимиз дуолари ва ибратли насиҳатлари билан тинчликнинг бардавом бўлишига ҳисса қўшишлари керак. Бу ҳам имоний бурчга киради.

Исломшунос олим Айдарбек Тулепов «Ислом ва ақидапараст оқимлар» китобида ўринли қайд этганидек: «Бугун мафкуравий курашлар, маънавий зиддиятлар ва зўравон ғояларнинг турли «ўйин»лари авж олди. Халқимиз бундай шароитда ҳар қачонгидан-да ҳушёр ва огоҳ бўлиши, дўст-душманни ажратиши, ғанимлар фитнасига учмаслиги, ёвуз кучлар қўлида қўғирчоқ бўлмаслиги зарур. Чунки ҳар бир фасод иш ортида разил мақсадлар, манфаатдор кимсалар турганлигини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ».

Ватан ҳимояси – халқ, миллат ва авлод ҳимоясидир. Юрт муҳофазаси йўлида риёзат чекканларга эса улкан ажр-савоблар ваъда қилинган. Расулуллоҳ (с.а.в) «Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчилик қилиш минг кунлик рўза ва минг кеча қойим туришдан яхшидир», деб марҳамат қилганлар.

Шунингдек, Ватан ҳимояси ҳар бир кишининг фуқаролик мажбуриятидир. Бу Бош қомусимизда ҳам белгилаб қўйилган (52-модда). Шуни унутмаслик лозимки, мустабид тузум пайтида навқирон йигитлар айнан «ҳарбий мажбурият» туфайли собиқ империянинг қанчадан-қанча «қайноқ нуқта»ларига улоқтирилмади. Бунинг натижасида не-не забардаст ўғлонлар майиб-мажруҳ, ҳатто жувонмарг бўлишмади, дейсиз. Ота-оналар қандай йўл билан бўлмасин, фарзандларини ҳарбий хизматдан олиб қолишга ҳаракат қилишарди. Истиқлол туфайли вазият тамоман ўзгарди. Мамлакатимизнинг ҳарбий салоҳияти юксалиш баробарида, йигитларимизнинг миллий армиямиз сафида хизмат қилиши шарафли бурчга айланди.

– Айни дамда юртимизда, жамиятимизда кечаётган янгиланиш жараёнларига қандай фикр билдирасиз?

– Ҳақ таолонинг беқиёс лутфи ва марҳамати билан азиз юртимизда тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурмоқда. Ватанимиз янада тараққий топиб ривожланмоқда. Муборак истиқлол сабаб, ютуқ ва муваффақиятлар асосида мамлакатимиздаги осудалик, меҳр-оқибат, бағрикенглик, имон-ихлос ва миллатлараро тотувлик янада мустаҳкамланмоқда. Мамлакатимиздаги ҳар бир тараққиёт бошида фидойи зот – Юртбошимиз турганлиги халқимиз бахтидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ватанимиз тинчлиги ва ҳурлигини асраш ҳамда халқимиз хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг алоҳида ўрни бор. Тинчлик  бу – хотиржамлик ва барқарорликдир. Имон эса қалб хотиржамлиги. Демак, тинчлик ва имон бир-бирига жуда яқин. Мутафаккирлардан бири «Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул, жонини ҳам аямайдиган, халқи ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор-будини фидо қилувчи инсондир», деган эди.

– Тилагингиз.

–Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, Ватанимиз ҳимоячиларини Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан омонда қилишини илтижо ила сўраймиз.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Зулфия ЮНУСОВА суҳбатлашди.

Информеры